Мактаб ўқувчилари ўғриликка қўл урди
Сурхондарё вилояти Ангор туманида жорий йилнинг 31 май куни туманнинг Наврўз маҳалласида яшовчи Х.С. исмли аёл туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 30 май куни номаълум шахслар яшаш уйидан фуқаролик паспорти, уйининг кадастр ҳужжатлари, қизининг туғилганлик гувоҳномаси, 8.400.000 (саккиз миллион тўрт юз минг) сўмлик тилла занжирини, 4.550.000 (тўрт миллион беш юз эллик минг) сўмлик 3 дона тилла узукларини ва 700.000 (етти юз минг) сўмлик бир жуфт тилла зирагини ўғирлаб кетишганлигини билдирган.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида ушбу жиноятни туманнинг Наврўз маҳалласида доимий рўйхатда туриб, Тошкент шаҳрида яшовчи мактаб ўқувчиси Х.Я. ва туманнинг Гулистон маҳалласида яшовчи мактаб ўқувчиси Х.А.лар содир этишганлиги аниқланиб ушланган ва ашёвий далиллар олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2020 йилнинг 1 июнь куни Х.Я. ва Х.А.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «в,г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.