Мактабдан берилган олтин медал ОТМга киришга имтиёз берадими?

— Иқтидорли мактаб ўқувчиларига бериладиган олтин ва кумуш медаллар олий таълим муассасаларига кириш учун имтиёз берадими?

Бу саволга Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Анвар Умаров жавоб берди:

— Мактаблардаги иқтидорли битирувчиларнинг олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланиши олий ўқув юртига киришида имтиёз тақдим этмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 февралдаги 154-сонли қарори асосида тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида”ги низомда олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган ўқувчиларга имтиёзлар берилиши кўзда тутилмаган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, олтин ва кумуш медаллар аъло баҳоларда ўқиган ўқувчиларга берилишини инобатга олсак, кириш имтиҳонларида имтиёзли баллар берилмаса-да, ўқувчилар ўз билимини кўрсата олиши лозим. Қолаверса, олий ўқув юртига кириш учун талабгор ёшларга тенг имкониятлар тақдим этилиши мақсадга мувофиқ.

Бундан кўзланган мақсад ўқувчиларнинг таълим олишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва иқтидорли ўқувчилар билимини рағбатлантиришдан иборат.