Мактабга етиб бормаган, аммо сотувга чиқиб кетган дарсликлар масаласига изоҳ берилди

Сайтимизда “Сотувда бор, мактабда йўқ: Ёхуд бошланғич синфларга бепул овқат, янги авлод дарсликлари берилдими?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Мақолада бошланғич синфларга бепул овқат берилиши ҳамда дарсликлар таъминоти хусусида сўз юритилган. Хусусан, мақола эълон қилинган сана ҳолатида қатор мактабларга етиб бормаган, аммо сотув турган 1-синф дарслигига эътибор қаратилган. Чунки бу дарсликларнинг савдога чиқарилиши мумкин эмас. Вилоят  Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мақолада тилган олинган масалалар юзасидан қуйидагича муносабат билдирди:

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 28 февралдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-27-сон қарори 8-бандига кўра, 2023-2024-ўқув йилидан бошлаб республикамизнинг барча ҳудудларидаги умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчилари бепул овқат билан таъминланиши белгиланган.

Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25- августдаги 472-сонли қарорига асосан, 2022-2023-ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумтаълим мактаблар бошланғич синф ўқувчилари бепул овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминланиб келинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Мамлакатимиздаги умумтаълим мактаблар бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш босқичма-босқич амалга оширилади.

Шунингдек, мақолада вилоят мактабларга айрим янги авлод дарсликлари етиб бормаётгани, дарсликлар дўконларда сотилаётгани, хусусан, 1-синфдан 4-синфгача бўлган инглиз тили дарсликлари дафтари билан бирга 55-60 минг сўмдан Самарқанд шаҳридаги Мармар бозори атрофида жойлашган китоб дўконларида сотувга чиқарилгани хусусида сўз юритилган.

Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган дарсликларнинг ( дарсликнинг орқа томонига "сотувга чиқариш таъқиқланади" деб ёзиб қўйилган бўлса-да) ноқонуний равишда китоб дўконларида сотилишини олдини олиш ва тегишли тартибда чоралар кўриш бўйича Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси Самарқанд вилояти бошқармасига хат юборилган”, дейилади муносабатда.