Малайзия исломни англаш институти (IKIM) раиси Самарқандга келди

Шу кунларда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Малайзия Бош вазири ҳузуридаги Динлараро тотувлик қўмитаси аъзоси, Малайзия исломни англаш институти (IKIM) раиси, профессор Муҳаммад Нур Манути раҳбарлигидаги илмий делегация Самарқандга ташриф буюрди.

Меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлди. Ташриф доирасида Марказ, Институт ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоят вакиллиги ҳамкорлигида “Ислом цивилизация ташаббусларининг тикланиши” мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

- Самимий қабул учун миннатдорман, - деди Муҳаммад Нур Манути. - Бугунги глобаллашув шароитида ислом цивилизациясининг таркиб топишига муносиб ҳисса қўшган мовароуннаҳрлик алломалар маънавий меросини ўрганиш жуда муҳим. Мамлакатингизда диний-маърифий соҳадаги изланишлар эътирофга лойиқ. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази нашр этилган юксак маърифий қийматга эга адабиётларда намоён бўлиб турибди.

Давра суҳбатида Марказий Осиё уламоларининг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ва глобаллашув шароитида ислом цивилизациясининг ташаббуслари йўналишларида туркум маърузалар тингланди. Иштирокчилар Мовароуннаҳрда ҳадис илмининг ривожланишида бу улуғ заминдан етишиб чиққан муҳаддис олимларнинг ўрни, Алоуддин Усмандийнинг мотуридийлик калом мактаби ривожига қўшган ҳиссаси билан бирга, Малайзия Федерал конституциясида исломнинг мавқеи, исломда илмнинг юксак мақоми, экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш бўйича Малайзия тажрибасини кенг муҳокама қилди.

Муҳокамалар давомида диний бағрикенглик тамойилларини ҳаётга кенгроқ татбиқ этиш, алломалар асарларидаги эзгу ғоялар тарғиботини жадаллаштириш, эътиқод ва виждон эркинлигини таъминлаш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Меҳмонлар Ҳадис илми мактабида ҳам бўлди. Малайзия исломни англаш институти (IKIM) раиси, профессор Муҳаммад Нур Манути раҳбарлигидаги илмий делегациянинг Самарқандга ташрифи бугун тарихий обидларни зиёрат қилиш билан давом этмоқда.

***

Малайзия Исломни англаш институтининг “Ислом ва замонавий дунё” (TAFHIM) илмий журнали ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг маънавий-маърифий, илмий-адабий нашри “Имом Бухорий сабоқлари” журналида ҳар икки томон тадқиқотчи олимларининг илмий мақолалари эълон қилиниб борилади.

2020 йилда Малайзия Исломни англаш институтининг радиоси (Radio IKIM)да алломаларимиз мероси ҳақида икки томон олимлари иштирокида эшиттиришлар ташкил этишга келишиб олинган.

Шерзод МАМАТОВ.