Мамлакатимиз ҳунармандлари Самарқандда
Самарқанд шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида ''Silk road bazaar'' ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан ташкил этилган мазкур тадбирда Қорақалпоғистон республикаси ва барча вилоятлардан келган 60 нафар ҳунарманд иштирок этмоқда.
- Тадбирдан кўзланган мақсад аввало, тажриба алмашиш, - дейди ''Ҳунарманд'' уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Умид Ҳакимов. - Кўргазмада кўҳна кентимизга келаётган маҳаллий ва хорижий сайёҳларга ҳунармандларимиз томонидан тайёрланган ноёб қўл меҳнати асарларини намойиш этамиз. Меҳмонлар эсдалик учун маҳсулотларни сотиб олишлари ҳам мумкин.
Тадбир доирасида самарқандлик ҳунарманд, табиий бўёқлар ёрдамида ипак матога гул босувчи Шоира Ғаниева томонидан маҳорат дарслари ҳам ташкил этилмоқда. Шунингдек, ҳунарманднинг ''Аждодлар мероси: ўтмиш тарихи, анъана ва тажриба'' номли китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Кўргазманинг очилиш маросимида Республика ''Ҳунарманд'' уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов иштирок этди.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (фото).