Маъмурий судларга ҳам “E-XSUD” ахборот тизими орқали мурожаат қилишингиз мумкин
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2020 йил 28 майдаги РС-29-20-сонли қарори билан Республика маъмурий судларига мурожаатларни “E-XSUD” ахборот тизими орқали тақдим қилиш тартиби белгиланди.
Мазкур қарор республика маъмурий судларига мурожаатларни “E-XSUD” ахборот тизими орқали тақдим этиш, мазкур мурожаатлар юзасидан олиб борилган процессуал ҳаракатлар ва уларнинг натижалари бўйича мурожаат муаллифларини хабардор қилиш муносабатларини тартибга солади.
Тартиб 8 бобдан иборат бўлиб, биринчи бобда асосий тушунчалар ва уларнинг қўлланилиши:
- мурожаат, яъни ариза, шикоят, протест, илтимоснома ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мурожаатлар;
- қўшимча иш туркуми – ариза (шикоят) мазмуни бўйича талабларни аниқлаштириш учун фойдаланиладиган талаблар рўйхати;
- иккиламчи иш туркуми – ариза (шикоят) мазмуни бўйича билдирилган талаблардан ташқари, мурожаатлармаз муни рўйхати;
- ишда иштирок этувчи шахслар – маъмурий ҳуқуқбузар, жабрланувчи, аризачи, жавобгар, учинчи шахс, уларнинг вакиллари, прокурор, ишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этадиган давлат органлари ва бошқа шахслар;
- ташқи фойдаланувчи – белгиланган тартибда ахборот тизимида рўйхатдан ўтиш орқали “шахсий кабинет” ташкил қилган шахс;
- суд ҳужжатлари – ҳал қилув қарори, қарор, ажрим, ижро варақаси;
- жавоб хатлари – суд ҳужжати ҳисобланмаган, ташкилот
ва фуқароларнинг мурожаатларига жавоб тариқасида бериладиган хатлар;
- жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;
- PDF – Adobe System компанияси томонидан ишлаб чиқилган электрон ҳужжатларнинг алоҳида формати;
- браузер – умумжаҳон ахборот Интернет тармоғидаги веб-иловаларни бошқариш, қайта ишлаш имконини берувчи ва уларнинг таркибидаги маълумотларни акс эттирувчи дастурий таъминот каби атамаларга тушунтиришлар берилган.
Тартибнинг иккинчи бобида “E-XSUD” ахборот тизимида рўйхатдан ўтиш тартиби белгиланган. Унга кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.
Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат шаклида юборилиши мумкин (МЖтК 269(2)-моддаси). Бунинг учун манфаатдор шахс www.exsud.sud.uz манзилида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг электрон қабулхонасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши талаб этилади.
“E-XSUD” ахборот тизимида рўйхатдан ўтиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий суди электрон қабулхонасининг бош саҳифасида жойлашган қўлланма асосида амалга оширилади.
“E-XSUD” ахборот тизими имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш учун интернет браузерларининг қуйидаги версияларидан фойдаланиш тавсия этилади:
- Google Chrome – 79 версиясидан юқори;
- Mozilla Firefox – 69 версиясидан юқори;
- Safari – 13 версиясидан юқори;
- Opera – 65 версиясидан юқори.
Мазкур тартибнинг учинчи бобида, “E-XSUD” ахборот тизими орқали маъмурий судларга тақдим этиладиган мурожаатларга қўйиладиган умумий талаблари белгиланган.
Маъмурий судларга “E-XSUD” ахборот тизими орқали тақдим этиладиган мурожаатлар сканерлаш ускуналари ёрдамида электрон файл кўринишига келтирилиши керак.
Ҳужжатлар судга фақат PDF форматида юборилади.
Ҳар бир илова қилинган файлнинг ҳажми 10 мегабайтдан ошмаслиги ва шу каби талаблар белгиланган.
Ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда, мурожаатлар электрон қабулхона орқали қабул қилинмайди ва ташқи фойдаланувчига қайтарилади.
Расёат қарори билан белгиланган тартибнинг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи бобларида мурожаатларни биринчи инстанция судларига, маъмурий судларнинг суд ҳужжатларини қайта кўриш бўйича шикоят (протест) юбориш, апелляция ва кассация шикоятини (протестини) бериш тартиби, назорат тартибидаги шикоятни бериш тартиби белгиланган бўлса, ушбу тартибнинг олтинчи бобида, маъмурий судларнинг қарорлари қонуний кучга киргандан сўнг юзага келган масалаларни ҳал қилиш бўйича мурожаат юбориш тартиби бўйича тушунтиришлар берилган.
Шунингдек, “E-XSUD” ахборот тизими орқали маъмурий судларга тақдим этиладиган мурожаатлар ҳолатини кузатиб бориш имконияти ҳам бор ушбу ҳақда мазкур тартибнинг еттинчи бобида тушунтиришлар берилган.
Фойдаланувчи “шахсий кабинети” орқали маъмурий судга тақдим этган мурожаатларининг ҳолатини реал вақт режимида кузатиб бориши мумкин.
Тартибнинг саккизинчи бобида фойдаланувчи томонидан “E-XSUD” ахборот тизими орқали тақдим этган мурожаатлари юзасидан амалга оширилган маъмурий суднинг процессуал ҳаракатларига доир маълумотларни, мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларини, шунингдек, жавоб хатларини “шахсий кабинети” орқали олиш имкониятига эга эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Ориф ПАРДАЕВ,
Самарқанд шаҳар маъмурий суди раиси.