“Маънавият зиёфати” китобхонлар сафини кенгайтирмоқда

Паст Дарғом туманида аҳоли, айниқса, ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида “Маънавият зиёфати” лойиҳаси амалга ошириляпти.
Яқинда тадбир доирасида ташкил этилган арзонлаштирилган китоб ярмаркаси китобсеварлар, келажак авлод учун маънавият улашишдек эзгу ниятни кўнглига тукканлар билан гавжум бўлди.
- Давлатимиз раҳбарининг аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантиришга оид ҳужжатнинг қабул қилиниши айни муддао бўлди. Мен ушбу лойиҳа доирасида иштирок эта туриб, бу ердаги минглаб ёшларни кўриб, тўғриси, қувониб кетдим. “Маънавият зиёфати”да тумандаги барча ташкилот ва корхоналар раҳбарлари қатнашиб, ўзлари таълим олган мактабларга минглаб китоблар совға қилишди. "Ўзим ўқиган мактабга турли мавзудаги 100 дона бадиий китоб совға қилдим", дейди тумандошимиз И.Болиев.
Ушбу тадбирда тумандаги тўртта сектор раҳбарлари ҳам иштирок этиб, юқори кўрсаткичга эга умумтаълим муассасаларига, китобхон ёшларга китоблар жамланмаларини тақдим этишди. Шу куни тумандаги мактабларга 10 минг дона бадиий китоб туҳфа этилди.
Шу тадбирдан сўнг Жума шаҳридаги китоб дўконини айланиб юрган пайтимда ўрта ёшдаги бир киши чамаси 8-9 ёшли боласини етаклаб, дўконга кириб келди ва китоб жавонларида терилиб турган китоблар билан фарзандини таништира бошлади.
- Ўғлим, мана бу жавонда кичик ёшдаги болалар учун эртак, расмли китоблар бор. Доим шу дўкондан сенга китоб сотиб оламан, - деди ва фарзандини болалар учун китоблар тартиб билан териб қўйилган жавон томонга бошлади. Бола ҳам кўзлари чақнаб, хурсанд ҳолда китобларни кўздан кечирди.
- Дадажон, мана бу китобни сотиб олайлик, - дея бола “Ўзбек халқ эртаклари” китобига имо қилди.
- Майли, тойчоғим, сен китоб ўқишни истайсан-у, мен йўқ дейманми? Буни сен учун оламиз, синглинг учун расмли китобчалардан харид қиламиз.
Китобга ошно бу киши билан яқиндан танишгим келди.
- Тумандаги Оқманғит маҳалласида яшайман, - деди у салом-аликдан кейин. - 3 нафар фарзандим бор. Тўнғичим 2-синфда ўқийди. Бу дўконга ҳар ойда бир марта келиб, болаларим учун ёшига мос ҳикоялар, эртаклар тўпламини, турли бошқотирмалар берилган китобларни сотиб оламан. Чунки ҳозирдан мутолаага ўрганмаган болани вояга етгач, китобхонликка ўргатиш қийин.
Китоб сотиб олишни ортиқча харажат, деб қарайдиган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Бу ҳолатда бола ўзи истаган китобни сотиб олиб ўқиши учун қаерга мурожаат қилиш керак? У киши билан суҳбат давомида тумандаги ахборот-кутубхона марказига фарзандларини олиб келиб, бемалол китоб мутолаа қилишлари мумкинлигини айтдим. Марказ китоб фонди хусусида гапириб бердим. Шу пайтда қўл телефоним жиринглаб қолди.
- Тумандаги 6-мактаб директори Ўткир Шукуровман. Ахборот-кутубхона марказида ўтказиладиган “Маънавият зиёфати” лойиҳасида қатнашиб, кутубхонага китоб совға қилмоқчиман...
Нуржаҳон Муродуллаев,
Паст Дарғом туман ахборот-кутубхона маркази директори.