Маънавиятнинг баҳоси қанча?

Телевизорда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Зулфия Мўминованинг суҳбатини эшитиб қолдим. Шоира Президентимизнинг маънавият-маърифат тўғрисида ўтказган селектор йиғилишидаги танқидий фикрлар бўйича тўлқинланиб гапирдики, ундан таъсирланмасликнинг иложи йўқ.

- Ёшлар китобдан кўра телефонни афзал билаяптилар, - деди шоира. - Бундай шароитда қандай маънавият-маърифат хусусида гапириш мумкин. Мана, юртимиздаги ёш келин-куёвларнинг ажримига назар солинг. Барида бир хил гап. Оилавий етишмовчилик, қайнонаси билан келишмаслик. Агар бу оилалар билан суҳбатлашиб кўрсангиз, маънавият-маърифат тўғрисида умуман тушунчаси йўқ. Алишер Навоий, Абдулла Қодирийларни айтиб кўринг, “У ким?” дейдиганлари ҳам бор. Кексалари маънавиятли халқнинг фарзандлари ҳам маънавиятли бўлади. Шундай экан, нега фарзандларимизга китоб ўқишнинг фойдаси хусусида тушунтирмай, енгил ҳаётни, осон мўмай пул топиш хусусида гапирамиз. Оқибати нима бўляпти?

Шоира опанинг гапларида жон бор. Маънавият-маърифат бўлмаган хонадонда фарзанд тарбиялаш жуда қийин кечади.

Иш юзасидан маҳалла оқсоқоли билан бир оилани яраштириш учун хонадонига бордик. Куёв ҳам, келин ҳам яшашга рози. Ўртада бир нафар фарзанд бор. Лекин қайнота бўлмиш акахонимиз икки ёшнинг ярашишига қарши. “Келин уйда иш қилмайди, ўғлимни бошқасига уйлантираман”. У бўлди-бу бўлди, маслаҳатимиз яхшилик билан тугамади. Кейин билсам, бу икки ёш қайин отасининг гапи билан ажрашган экан.

Ана сизга оқибат, мана сизга маънавият. Бу ерда ким айбдор?  Маънавиятни, маърифатни тўғри ҳазм қилолмайдиган қайин отами? Ёки вақтида китоб ўқимаган куёвми-келинми?

Шунинг учун ҳар биримиз ёшлигимиздан маънавият, маърифатга эътибор беришга ўрганайлик. Фарзандларимизни китоб дўконларига, кутубхоналарга етаклаб борайлик.

 Савол: ҳудудингиздаги ахборот кутубхона марказини биласизми?

Бу сўзларни бекорга келтирмадим. Фарзандига китоб сотиб олиб беришига қурби етмаётган ота-оналар ҳеч бўлмаса, марказлардаги китобларни ўқишига рухсат берар. Нега фарзандларимизни бу масканларга тез-тез олиб келмаймиз? Уларга китоб ўқишига ҳавас уйғотмаймиз?

- Марказимизда саккиз мингга яқин китоб бор, - дейди Пайариқ ахборот кутубхона маркази ходими Ҳалима Очилова. - Китобхонларимиз 800 нафардан зиёд. Ёшларимиз кутубхонага келмаяпти эмас, келяпти. Лекин биз ҳоҳлардикки, биздаги китоблардан кўпроқ ёшлар фойдалансин. Турли хилдаги қизиқарли китобларимиз бор. Уларни ўқиган киши сеҳрланиб қолади. Фақат ўқишга иштиёқ бўлиши керак. Интернетдан фойдаланамиз, дейишади. Лекин шу нарса аниқки, китобнинг ўрнини ҳеч қачон телефон  боса олмайди.

Ўйланиб қоласан киши. Фарзандимизга бир миллион сўмлик телефон олишига рухсат берамиз-у, ўн минг сўмлик китоб олишига кўмаклашмаймиз. Тўғри, ҳамма бир хил эмас. Фарзандини китоб билан таъминлаётганлар ҳам бор. Лекин булар жуда озчиликни ташкил этаяпти-да.

Кўпинча ишдан кечроқ қайтишга тўғри келади. Кўча тўла ёшлар. Оғзида сигарета, қўлида телефон. Кечаси нимани гаплашади, нимани муҳокама қилади бу ёшлар? Уйига кеч келган фарзандидан ота-она "қаерда юрибсан?" деб сўраб қўйиши қийин ишми? "Менинг фарзандим фалон коллежда ўқияпти" ёки "мана бундай тадбиркорлик билан шуғулланиб, шунча пул топяпти", деб ғўддайишдан олдин, унинг тарбияси билан ҳам шуғулланиб қўйинг. Эртага бу фарзандингизга зиён қилмайди-ку.

Ёшлар орасида ҳам жиноятлар бўляпти. Албатта, буларнинг таг замирида тарбиясизлик, билимсизлик масаласи ётибди. Ота фарзандининг ўқиши билан, юриш-туриши билан шуғулланмаса, айтинг у нима қилсин?

Умуман олганда, китоб ўқиган боладан ёмонлик чиқмайди. Шундай экан, келинг, фарзандимизга телефон олиб беришдан олдин китоб совға қилайлик. Иқтидорини, истеъдодини намойиш этишига кўмаклашайлик.

Ҳусниддин Холдоров.