Мангу овоз

Ўткир РАҲМАТ

Достон

Беҳудуд чексизлик қаршисида жим,
Маъвосига қайтди —
қуёш оловюз.
Осмонни тўлдирди
ярқираб сим-сим,
Беҳисоб лаҳчадай миллиёнлаб юлдуз.

Сирли самоватнинг сўнгги қаерда,
Садо бермас замин ва ёхуд фалак?
Фақат,
ситоралар ҳар оқшом кўкдан,
Боқий ҳаётидан беради дарак.

Нидосини тинглай олдингизми ҳеч,
Акс-садо берар тоғлар,
чўққилар.
Юлдузлар тилидан минг йиллар ҳар кеч,
“Мангуга” деган бир овоз тўкилар.


О, неларни кўрди бу кўҳна олам,
Неча бор айланди ахир даҳри дун.
Гоҳи шодон бўлди,
Гоҳ тутди мотам,
Фақат, инсон деган олий зот учун.

Инсон хатосини англар деб,
кўп бор,
Гоҳ гулга,
гоҳ қонга бурканган ҳам у.
Минг йилки бир сўзга содиқ,
вафодор,
Минг йилки бир сўз деб ўртанган ҳам у.

Ҳеч қачон демади ахир алвидо,
Қалбига кўрк бўлиб унди буюклик.
Кўҳна шевасида янгратар дунё:
Бир овоз:
“Тириклик”, фақат “Тириклик”.

Турфа гўзалликлар яратиб фақат,
Зулмкорлар билан ҳар бир дақиқа,
Кўз очгандан бери инсон,
Табиат —
Умри ўтар уруш-муҳорабада.

Бир жангки,
очилган ғайри қўлларга,
Бир жангки,
сўнггида бори ғариб шон.
Бир жангки,
бир зумда боғлар сўлади,
Бир жангки,
жонзотлар жон беради, жон.

Ёқилар,
хўрланар,
хўрсинар,
тинар...
Олий шодлигидан қайғуси дароз.
Жони қийналса ҳам тиғлар остида,
Табиат “Яшна” деб беради овоз.

Чечаклар овози — бахтдан нишона,
Чақмоқлар овози — матонатдандир.
Ёмғирлар овози — шиддатга доя,
Нурларнинг овози — ҳароратдандир.

Булбуллар чуғурлар — овози соҳир,
Шудринглар шивирлар — энг гўзал овоз.
О, дилларга ошиқ юрагим ахир,
Кўксимда питирлар — муҳаббатга хос.

Тупроқдан бир овоз келади: “Юксал”,
Япроқдан бир овоз келади: “Унгин”.
Улуғ келажакка йўл ол
ҳар маҳал,
Буюк аждодларга муносиб бўлгин.

Ҳар ёқдан бир овоз келади бугун:
“Очиқдир, унутма,
саодатга йўл.
Фақат,
истагимиз,
тилагимиз шу —
Шонли овозларга ворис овоз бўл”.

Бунда жам бўлмишдир жамики овоз,
Суврати,
сийрати,
поклиги билан,
Олиб боражакдир энг тўғри йўлга,
Адолатга хайрихоҳлиги билан.

Ибратли сабоқлар сўйлайди ўтмиш...
Билмоқ истайсанми овозинг кучин?
Тинглагин, боболар жон фидо этмиш,
“Ҳурлик” деб аталган шу овоз учун.

Ҳеч қачон ўзини этмаган кўз-кўз,
Не демоқда?
Орият-чун жони — минг,
Широқ овозини тинглагин,
эй дўст,
Овозин эшитгин Спитаменнинг.

Миллатнинг овози албатта бир кун
Яна ҳам кўтаргай халқ қаддини тик.
Гувоҳлик беради асрлар оша
Хос Ҳожиб овози — “Қутадғу билиг”.

Бир овоз тингладим,
шундай баланд руҳ,
Бир овоз тингладим,
тинмади дийдам.
Шонини кўтаргайдир “Луғотит турк”,
Мўътабар овоздир, оҳ, Қошғарийдан.

Жалол қиличидан чақнаган чақин —
Мўғуллар қалбига қўрқув солган шер.
Турибди жасорат машъалин ёқиб,
“Мен ўша, мен ўша, Жалолиддин”, деб.

“Ватансиз инсоннинг қадди ҳам ермиш,
Меросим,
фарзандлар унутмасин то...”
Овозин қўлидан қўймай жон бермиш,
Ана, қўлида туғ Нажмиддин Кубро.

Машриқ ва Мағрибни титратган нола —
Темурнинг “адолат” каломидир у.
Ҳеч кимнинг кўзида титрамас жола,
Амирнинг бу пойдор овози мангу.

Улуғбек фалакни айлади яқин,
Кўз тикиб юлдузлар олами аро,
Коинот илмини ўрганган сайин —
Зулмат лашкарини маҳв этди зиё.

Яшилланди очун,
нурланди олам,
Бухорий сўзидан инган ёғдудан.
Чекинди қалблардан бор неки алам,
Одамзод асралди бало, қутғудан.


Нақшбанд даф этмоқ учун балони,
Энг аввал
поклади чиркин дилларни.
Хуш овози енгди ҳою ҳавони,
Нурафшон айлади зулмат йўлларни.

Илм овозидан ёришди олам,
Дунёга ўргатди Сино давони.
Нораво дардларга топилди малҳам,
“Тиб қонуни” берди барча шифони.

Навоий Ҳиротдан боқади ҳамон.
Асрлар суронин бирма-бир босиб,
“Эй инсон, эй кўнгил, эй юрак уйғон...” —
“Ҳамса”нинг овози келар муносиб...

Бобур наъра тортди мисоли арслон,
Бул овоз “ҳинд сори” йўл олди мубҳам.
Рўзи-шаб ўртанди
соғинчларда жон,
Бир қўлида қилич,
бирида қалам.

Маърифат қуёши, зиёқуш бўлиб,
Ҳақсизликдан тишлаб қолмайин лабин,
Овозлар бирлашиб — қаттиқ мушт бўлиб,
Шайланар гоҳ Чўлпон,
Қодирий каби.


Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Ориф,
Эркин Воҳидов-у Муҳаммад Юсуф...
Шеър истаган дилнинг тортса хумори,
Бу овозлар йўлин бўларми тўсиб?

Абдували Қутбиддин тебранар аста,
Оламни тўлдирар мажнуний овоз.
Борлиқ уйғонгандай бўлар бир пасда,
Шавкат Раҳмон қалбин айлаганда роз…

Бу заминда ўтди қанча улуғ зот?
Китобларин этиб бир учирма қуш,
Бизнинг кўнгилларга энди умрбод,
Овоз йўллашади бир-биридан хуш.

О, бу нидолардан,
бу наъралардан,
Балки,
келгандами фурсатнинг сўнгги...
Руҳ ўз овозни топа олгайдир,
Ўз овозин топа олгайдир кўнгил.

Демакки,
ҳақ овоз дилдаги баёт,
Унинг билан уйғун ҳаттоки тақдир.
Дунёда овозни бахтдир танимоқ,
Дунёда овозга айланмоқ бахтдир.

Аслида ким овоз?
Билиб қўйгин-да,
Бунинг аввалида турмиш,
билгин, ҳар
Муносиб овозни туққан волида,
Муносиб овозни ўстирган падар.

Токи камол топсин шон-шараф ҳар он,
Ифтихордан бўлсин ҳар бир кўнгил бут.
Хонадонлар ичра ҳар саҳар, ҳар тонг,
Бахтиёр овозга тўлсин она юрт.

Қўлларидан тутинг,
суянгиз ҳар вақт,
Юксалтирмоқ учун парвозларини.
Қанот бўлғусидир
ҳар битта фарзанд —
Кўҳна замин ишонч овозларидир.

...Овоздан улғайсин Ватан эрлари
Боболардек бўйлаб юксакка қадар.
Дуога қўл очиб турсин пирлари —
Бебахтлик бу юртдан кетсин дарбадар.

Ахир бу аждодлар ўтлиғ овози...
Ақллар улғайди,
диллар ечилди.
Шундан бўй кўрсатмиш инсон парвози,
Шу овоз туфайли йўллар очилди.

Офтоб бошимизни силасин мудом,
Боғлар юзига гард инмасин,
десанг.
Бу юртда бахтиёр бўлсин ҳар одам,
Болалар кулгуси тинмасин,
десанг.
Десангки,
арисин дардманднинг дарди,
Бўлсин ҳар бир кўнгил шодликдан обод.
Десангки,
юксалсин инсоннинг қадри,
Гўзаллик атрига буркалсин ҳаёт.

Гўдак йўргагидан хуш бўй таралсин,
Десанг,
она иқбол кўрсин кўзида.
Ҳар дилда саодат шамси яралсин,
Десанг,
эзгу нурлар оқсин сўзида.

Истасанг,
боболар бўлсин хотиржам,
Момоларнинг шодон эртак айтмоғин.
Истасанг,
бу юртда ҳар не бўлиб жам,
Қадимий шон-шуҳрат яна қайтмоғин...

Шундадир, билиб қўй, истиқболга йўл,
Бахтиёр кунларга астойдил шайлан.
Азиз қадрдоним, сен ҳақ овоз бўл,
Азиз биродарим, овозга айлан.

Дунёку денгиздай қалқиб турибди,
Бир ёнда сокинлик, бир ёнда гирдоб.
Ёнимизда балки изғиб юрибди,
Йўлдан адаштирар қай овоз бу тоб.

Шу замон ёр бўлмиш энг эзгу ният,
Тўғри йўл кўрсатар руҳият ва қалб.
О, битта овозга эврилар миллат,
О, якдил овозга айлангуси халқ.

Виқорли водийлар замзамасида,
Кечадан, бугундан, эртадан мамнун,
Қўшилиб мангулик тантанасига,
Ҳайқириб оқади
Жайҳун ҳам Сайҳун.

Ва бирдан ўт чақнаб қорачиғида,
Шиддати мисоли тин билмас саман,
Ўсиб икки дарё оралағида
Кўкка етажакдир бир овоз:
“Ватан!”

Овозки ҳурликка етаклар бугун,
Овозки чулғайди шарафу шонга.
Овозки келажак, ўзлигинг учун,
Овозки, бахшида Ўзбекистонга.

 2021 йил 16 октябрь