Ўзбек тили байрами йилига 12 ой бўлсин!

Мустақилликни давлатсиз, давлатни халқсиз, халқни тилсиз тасаввур қилиб бўлмайди

 Ватан билан боғлиқ ҳар бир нарсага мангулик нуқтаи назари билан қараш жоиз. Унинг тарихини ва обрўйини фарзандлик муҳаббати ва садоқати билан барпо этсаккина, бу эътиқодимиз-у матонатимиз билан қилаётган ишимизда келажак авлоднинг истак ва умидлари ўз аксини топади.

Aҳамонийлар, македонияликлар, мўғулистонлигу ўруссияликлар етказган зулумлар юракка битилган чандиқ янглиқ ҳар он ўзи ҳақида билдириб туради. Эсдаликлар ва хотиралар йиғиндиси тажрибадир. Шундайлар борки, уларни рўйи-рост рад этади. Мавҳумликдан кўра ортиқроқ азоб йўқдир, ундан қочиш, узоқлашиш аслида барҳам топтириш зарурдир. Ҳамиша Ватанимизга худди қуёш каби ўзлигимизни намоён қилмас эканмиз, ҳақиқатга мавҳумлик раҳна солиб тураверади. Атроф муҳитда содир бўлаётган ижобий ўзгаришлар ҳам мавҳумлик соясида “дам олади”.

Бугунги хулосамиз – биз мустақиллик арқонини ҳеч қачон қўйиб юбормаймиз. Мустақилликни давлатсиз, давлатни халқсиз, халқни тилсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Энг катта бойлигимиз, ҳурлигимиз, у бизни нарсаларга эмас, ўзимизга хон, ўзимизга бек бўлишимизни, тилимизни буюк-бунёдкор тилларнинг олдинги қаторида бўлишини таъминлайди. Чинакам халқ – чинакам миллат бўлайлик, десак Ўзбекистонимизга, унинг тилига ҳамиша ҳурмат туйғуси билан яшайлик!

Ёв таъминоти домидан қутула олмаётганлар тилимизга йўлтўсарлик қилишни одатий ҳол деб билиб, келишишда давом этмоқдалар. Ёмони, халқимизда унга аёвсиз муносабат билдириш иммунитети шаклланиши бироз қийин кечяпти.

Маҳмуд аз- Замахшарий таъбири билан айтганда, “Тўғри ва ҳақ йўлдан юрган кишининг қадам босиши арслон юришидан ҳам маҳобатлироқ, ҳайбатлироқдир”. Бугун шахдам қадам соҳибларига тўсқинлик қилишга уринаётганларни болаликда ҳаддан зиёд эркалатиб юборилган кимсаларга ўхшатаман. Негаки, ундайларнинг ақл-идроки кексайганда ҳам бола даражасида қолади. Вазминлик ва хотиржамлик ҳолатда уларга туйғуларимизни амалий ҳаракатлар билан ифода этишимиз шарт.

Ҳаётнинг олтин қоидаси бор: ким Ватан қадрини билмас, асло комилмас киши. Зоҳиднинг етмишта гуноҳи кечирилиши мумкин, лекин олимнинг битта гуноҳи ҳам кечирилмайди. Фикр қилганнинг қўрғони бузилмайди. Мен олимлик шаънимизга доғ тушишини асло хоҳламайман.

Тарих шоҳид - мустабид давлат, сиёсат Ўзбек тили, маданияти, маърифатига “ўт қўйганда”, бош кўтарганни чопганда ҳам, тилим, элим, миллатим деб курашганларимиз эҳтиромимизда борлигимизча бор бўлишади. Бугун мустақил давлатимиз “Нима хизмат?” деб шай турганда мудроқлигимизни енга олмаймиз. Ҳаракатимиз суст, натижамиз паст. Сув оқаётганда идишингни тўлдириб ол. Бизга ҳавас қилишсин, раҳм эмас. Агар бирор улуғ ишни бирор кун қилмоқчи бўлсак, шу кун бугун. Ақл олиб, юрак бериб мустаҳкамланади, бойиб боради каби ҳикматлар ўзимизни ислоҳ қилишимиз керак, деган маънони бермайдими?

Бир пайтлар Каспий денгизи бўйида Ҳазар салтанати бўлган. Ундан урвоқ ҳам қолмаган. Айтадилар-ку, хатто, ўлатдан ҳам илму-маърифат билан ҳимояланиш мумкин. Бу алоҳида, катта мавзу.

Унинг таъсири остида тилимизнинг моҳияти яқин йилларда ўта беўхшов синовлар оғушида қолишига шубҳа қодирмаслиги аниқ. Матбуотдан маълумки, яқин 15-20 йилларда энг талабгор касблар сифатида, Рақамли лингвистика, яъни машинада таржима қилиш касби энг биринчи ўринни эгаллайди. Телетиббиёт ҳаками, молекуляр дистология мутахассисига, маиший хизмат роботлари, қадимий биноларни тиклаб, замонавий шароитлар яратувчи, қурилиш муҳандиси, чиқиндидан электр энергия ишлаб чиқариш мутахассисликлари, яна қанча янгиликлар ҳаётимизга шиддат билан кириб келди ва келажакда бундан-да илдамлаб кетади.

Уларнинг дастурлари, йўл хариталари, ўзбеклаша оладими? Ўзбеклар ўз тилларининг ўрнини ушбу касбларни эгаллашда кўра оладими? Тил корпусини такомиллашув жараёни ўзбек филологларининг бирдамлашиш майдонига айлана оладими?

Заҳматкаш олимларимиз изланишлар олиб боришаётгандир. Кўнгил хотиржамлиги учун кенг халқ оммасига уларнинг оддий тилдаги кўринишини беринглар. Жараённи умум филологлар ҳаракатига айланишига шароит шайлайлик.

Тўғри, қийин аҳволдамиз, кўп йиллик мустабидлик, қулчилик кўпчиликни батамом ўзига оғдириб улгурган.

Аслида улар туғдираётган қийинчиликлар ҳам яхшиликка бўлсин. Ҳар нарсанинг ўз ҳикмати бор. Негаки, қийинчилик йўқ жойда муваффақиятлар бардавом бўлмайди. Келажак авлод олдида қарздор бўлиб қолмаслик учун бугун мулоҳаза билан иш кўрайлик. Қарзга ботишдан кўра кечки овқатдан воз кечган маъқул, деган ҳикмат бор. Шу қарздорликнинг ҳажми, манбаси, эгаси борми? Унинг алгоритмини ким тузади? Қачон тузади?

Адолатсизликка учраганлар, адолатсизликдан қийналганлар каби ғазабланмас экан адолат ўрнатиб бўлмайди. Афсуски, адолатсизликдан қийналганлар, азоб чекканлар қатағон бўлганлар, қатл қилинганлар ўтиб кетишди. Ўтганларни хотирлаб туриш, уларни орзу-истакларини рўёбга чиқариш бурчимиз. Юқорида тилга олинган номдор муаммолар бир кун келиб ғафлатга чўмдирмайдими?

Келинг, зулматни қарғаб ўтириш ўрнига шам ёқайлик. Давлат тили мақомига том маънода эришиш ҳар бир ўзбекнинг биринчи рақамли бурчи бўлсин. Муаммоларни бартарафига барчани чорлаймиз.

Ўз тилимизда маънони бериш учун сўз топилмас экан, маъно ўз навбатида актуаллигини йўқотмайди, ифода этиш ўз ўрнини эгаллайди. Агар биз изҳор этишга эҳтиёжни йўқотар эканмиз, бу сўз яшаб кетмайди. Шундай ностандарт ҳолатда илиниб турган мисоллар сон мингта. Уларнинг кўпларининг ечимини оддий муаллимлар беришмоқда, ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилишмоқда.Лекин ҳеч ким диққат-эътибор қаратгани йўқ деб ўпкалаб ҳам пост қолдирганларни биламан.

Тиллар тарихидан маълумки, бир вақтлар француз маданиятига тил ўчакишиш немис тилига ўчакиш бўлган. Ҳозир инглиз ва американизмларга ўчакишиш, тақлид қилиш, қизиқишнинг ошиши бу табиий ҳол, айниқса терминларни ҳаётимизга шиддат билан кириб келишини кўз олдимизга келтирайлик. Тилнинг бойишига, тез тан олинишига бирдек хизмат қилишини биламиз.

Биз ақлбовар қилмас муваффақиятлар даврида яшамоқдамиз. Жамият қанча ўзгарса, тил ҳам ундан ҳеч қачон қолишмайди, қолишмаяпти ҳам. Лекин уни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ҳам ёмон баҳоланади. Ҳозир бу борада таҳлиллар ўзига хос кузатувлар “ман” деб кўзга ташланмаяпти.

Тадбиркорлик муносабатини, маданиятлараро коммуникацияни, ўсиб бораётган янги технологияларни олайлик, алал-оқибатда янги маънолар, терминлар  ихтирочилигига эҳтиёж жиддий ошмоқда.

Асосийси, бадиий тил – бу луғатларда кодланганлиги, мустаҳкамланганлиги билан ўз талқинига, изоҳига эга бўлади. Демак, улар тезкор кодланмас, луғатларда муҳрланмас экан, бу йўқ дегани эмасми? Кўплаб илмий ишлар билан танишиш давомида ҳаракатлар йўқ эмаслигини гувоҳи бўласиз. Айни дамда уларни тизимлаштириб, сўзсеварлар (филологлар) ўртасида чархлаб олинса, тилимизга муносабат кескин ўзгаради. Ҳар бир умумий ўрта таълим мактабида ўртача 4 нафардан олий маълумотли филолог ўқитувчилар фаолият юритаётганини инобатга олсак, қолаверса, олий ўқув юртларидаги (олиму-уламолар) унвондор устозлару-шогирдларни соҳа амалдорларини жараёнга диққат-эътиборини торта олсак жамиятда тилимизга бўлган ҳурмат муҳити кескин ижобий, сермаҳсул томонга юз тутиши аниқ. Бу мулоҳазалар фақат меники эмас.

Тилимиз софлигини сақлаш, тўғри талаффуз қилиш, ўз ўрнида ишлатиш, хатосиз ёзиш каби талаблар ҳеч қачон кун тартибидан тушмаслиги керак. Тилшуносларни ўзгаларнинг бу борадаги хатолари жуда қаттиқ безовта қилмоқда. Ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида, хусусан, ойнаи жаҳондаги кўрсатувларда хато қилиш одатий ҳолга айланиб бўлди. Шевада сўзлашишни-ку айтмасак ҳам бўлади. Дўстларим, ҳар бир нарсада бўлгани каби тилда ҳам ўлчов, меъёр бор. Улар тегишли ҳолда тасдиқланган. Унга ҳурматсизлик бутун бир миллатга хурматсизлик эмасми? Айниқса, улар ўз ичимизда бўлса.

Бу борада жамият катта умидни соҳада бевосита фаолият юритаётган касб эгаларига; сўз билан ишлайдиган кўп минг сонли ўқитувчиларга, журналистларга қаратади.

Айнан юқорида зикримизда бўлганлар (юқорида) ҳозиргина танқидимизга учраган ҳолатда, меъёрни сақлашга касб нуқтаи назаридан хато қилишга умуман ҳаққи йўқ инсонлар ҳисобланади. Бутун дунёда шундай қабул қилинган, уларни нафақат сўзлашув ёки ёзишувда, балки ташқи кўринишда, ижтимоий тармоқлардаги ҳулқ-атворда ҳам касб мажбуриятлари мавжуд. Айнан жамоатчилик назоратини улар олиб бориши тегишли ёзилган ва ёзилмаган қонунларимизда акс этган. Лекин уларни ким эшитади, ким ҳимоя қилади?

Ваколатини бердикми? Тартибини ҳам кенг жамоатчиликка ҳавола қилиб, тизимлаштирайлик, бу катта маблағ талаб қилмаса керак?! Хомчўтларимизча, 100 мингдан ортиқ жамоатчилик назорати қатнашчилари фаоллашади.

Оддий – “Давлат тили” деб номланган телеграм канал ёки Coll-марказ ташкил қилинса ёмон бўлмас эди. Шу жараён бошлангудай бўлса, одамларда, кечирасиз, бутун ўзбекистонликларда Давлат тилига ҳурмат, дахлдорлик муҳити шакллана бошлайди. Давлатимиз буюклик бўсағасига буюк тили билан ташриф буюради.

Ўқитувчи-устозлар йилига 365 кун жамиятда меъёрларга мосликни намойиш этишга масъул ҳисобланадилар. Айниқса, сўзлашув меъёрлари учун ўзбек тили ўқитувчиларимиз, ҳурматли она тилимизни парваришловчилари ибрат намунаси бўлиб ҳизмат қилишмоқда. Улар билан бўладиган  суҳбатларда ичидаги ачинишларни ҳам қоғозга ўраб, меъёрни бузмай изоҳ беришлари таҳсинга сазовор. Самарқандлик, мен суҳбатларида бўлган ўқитувчим-устозим Тоҳир ака Ҳақбердиевнинг ҳузурларида мана 48 йил бўлибдики, ҳар сўзни ўйлаб, ўлчаб гапиришга ҳаракат қиламан. Ўз касбининг фидойиси, деб шундай устозларни айтса керак. Ким бўлишингиздан қатъий назар, фурсатини топиб уддабуронлик билан эсдан чиқмайдиган қилиб хатомизни тўғрилаб қўйишади.

Нутқда меъёрга риоя қилмасликни, аввало, суҳбатдошга бўлган ҳурматсизлик деб тушунаман. Агар бу одатга айланса-чи? Аста-секин саломга яраша алик олувчилар армияси шаклланиб боради.

Фараз қилинг, сизни нуфузли жойга ишга олиш учун суҳбатга чақиришди. Соч-соқолни кузамай, кир-чир усти-бошда бормасангиз керак. Нутқдаги меъёрлар ҳам шу каби талабчанликни ҳурмат қилади, бу  одатий ҳолга айланиши учун у қонун билан тартибга солинган.

Куюнчаклик ҳамма касб эгаларида бор. Астойдил ўз касбини севадиганлар соҳадаги ютуқлар билан ҳайқириқ билан куюнадилар. Тўй-маъракаларда ҳам кезини келтириб тарғиб ҳам қилиб қўйишади. Бундай суҳбатда илмни кузатгандай бўламан. Ёдимдан чиқмайдиган дарс бўлади. Фараз қилинг, олди-қочди суҳбатлар эмас, амалда илмга асосланган реал мисол ҳақида суҳбат қуришга интилсак, бора-бора одатлансак, илмлилар билан суҳбатлашиш давр талабига айланади. Ташкилот корхоналарда ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда минбар етук соҳа мутахассисларига берилади.

Жамият илмлининг ибрат намунаси даражасига кўтарилишини таъминласа, улардай бўлиш, уларга ўхшаш учун ўқиш ва ишлашга интилиш бошланади. Негаки, жамиятда нима эъзозда бўлса, одам зоти ўшанга интилади.

Халқаро ЮНЕСКО ташкилотининг 2021 йилги маълумотига кўра, дунё бўйлаб йўқолиб кетиш хавфида бўлган 2 500 та тил мавжуд. Ўз тилига эга бўлмаган миллатнинг мавжудлиги ҳақида сўз юритилмайди. Шу сабаб ҳам, миллий ғурурга, маънавиятига эга бўлган Ўзбек давлати ва фуқаролари она тилини асраб-авайлашга масъул.

Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётидаги ва халқаро миқёсидаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган фарзандларимизнинг, бутун Ўзбекистон ёшларининг ватанпарварлик руҳида, миллат анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашдан бошланади.

Мустақиллигимиз шарофати билан миллий курашимиз орқали “ҳалол”, “ёнбош”, “чала”, “ғирром” каби кўплаб сўзларнинг жаҳон бўйлаб оммалашиб кетиши, янги мақом кашф этиши, ихтисослашиб, соҳа терминига айлангани тилимизнинг ҳурматини оширди. Бу каби мисолларини кўплаб давом эттиришимиз мумкин. Муддаомиз - тилимиз байрами йилда 12 ой бўлсин.

Соҳада хизмат қилаётган доимо уйғоқ, янгиликталаб, ўткирназар, ғоясарбонлар сонминглардан ошиб кетсин. Зеҳниятимиз комиллик фазилатлари қаторини қамраб олишда шошиб қолсин.

Маҳмуд БОБОЁРОВ.