Футбол, “ЖЧ-2026” cаралаш баҳси: Бугун Ўзбекистон БАА терма жамоасига қарши ўйнайди
Бугун, 15 октябрь куни Тошкент шаҳридаги “Бунёдкор” стадионида “ЖЧ-2026” Осиё қитъаси гуруҳ босқичининг 4-турида Ўзбекистон – БАА терма жамоалари куч синашади.
Хўш, ўйин олдидан жамоалар таркибидаги ҳолат қандай? Аввало, БАА миллий жамоаси ҳақида: рақибларимизнинг тўрт нафар футболчиси Ўзбекистон миллий жамоасига қарши кечадиган ўйинда иштирок эта олмайди.
БАА футбол федерацияси сайти хабарида ҳимоячи Куаме Куадионинг сариқ карточкалари тўпланиб қолгани, унинг амплуадоши Абдулраҳмонда жароҳат борлиги, ярим ҳимоячи Яҳё Нодирнинг спорт формаси жойида эмаслиги айтилган. Тажрибали ҳужумчи, жамоа тўпурарларидан бири (30 ўйинда 12 гол) Фабио де Лима эса шахсий сабабларга кўра Тошкентга уча олмагани кўрсатилган.
Ўйин олдидан мазкур рўйхатдаги айнан тўртинчи футболчи билан боғлиқ ҳолат бир неча кун муҳокамалар марказига чиқди. Бу унинг илгарироқ Ўзбекистон «фуқаролиги»ни олгани билан боғлиқ.
Асли бразилиялик бўлган Фабио де Лима 11 йил аввал, 2013 йилда Ўзбекистон «фуқароси»га айланиб қолган ва БАА чемпионатида осиёлик легионер сифатида рўйхатдан ўтган. Лекин унинг паспорти сохта бўлган ва бундай рақамли паспорт аслида бошқа одамга тегишли эди.
2014 йилдан буён «Ал Васл» сафида ўйнаб келаётган Фабио 2018 йил февралида ОЧЛ гуруҳ босқичи доирасида «Насаф»га қарши ўйинга ҳам келмаганди. 2024 йил сентябрида Ўзбекистоннинг бошқа бир клуби - «Пахтакор» Элит ОЧЛ доирасида «Ал Васл» билан ўйнади, Фабио ўшанда ҳам Тошкентга келмаган.
Энди Ўзбекистон терма жамоаси таркибидаги ҳолатга тўхталсак. Миллий терма жамоамизнинг етакчи футболчиси Остон Ўрунов БААга қарши ўйинда майдонга тушмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, Ўруновда кичик жароҳат аниқланган. Футболчининг Эронга қарши ўйинда майдонга тушиши ҳам сўроқ остида эди, бироқ Ўрунов форслар билан баҳсда иштирок этди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Рустам Ашурматов БААга қарши ўйинни ўтказиб юборишга мажбур. Чунки Ашурматов қаторасига иккинчи ўйин - Эронга қарши баҳсда ҳам сариқ карточка олган.
Яна бир хабарга кўра, терма жамоамизнинг етакчи футболчиларидан бири Аббосбек Файзуллаев ҳам бугунги ўйинда майдонга тушмаслиги мумкин. Маълум бўлишича, Файзуллаев терма жамоанинг охирги машғулотида жароҳат олган. Жамоа ёрдамчи мураббийи Владо Радманович ҳам буни тасдиқлаган.
Энди турнир жадвалига эътибор қаратсак: Айни пайтда терма жамоамиз 7 очко билан тўплар нисбатига кўра “А” гуруҳида пешқадам бўлиб турибди. Эрон терма жамоаси ҳам 7 очкога эга. Бирлашган Араб Амирлиги вакилларида эса 4 очко бор.
Бугун 4-тур доирасида Дубай шаҳрида Эрон — Қатар “дуэли” ўтказилса, Бишкек шаҳрида Қирғиз Республикаси терма жамоаси КХДР вакилларига қарши майдонга тушади.
Бугун Қатар Эрондан очко тортиб ола билса, Тошкентда Ўзбекистон терма жамоаси БАА жамоасини енгса, 2026 йилги жаҳон чемпионатининг катта довони ўзбек футболига янада ёрқинроқ кўрина бошлайди.
Шундай бўлсин, деб умид қиламиз. Йигитларимизга омад тилаймиз!
Ўзбекистон – БАА учрашувига соат 19:00 да старт берилади.