Қийинчилик, меҳнат, характер, натижа: «Динамо»нинг ёрқин мавсуми
Бу йил Самарқанд ҳақиқий футбол ҳавоси билан яшади. Мавсум давомида турли қийинчиликларга қарамай, борини бериб курашган «Динамо» чемпионатнинг энг ёрқин жамоаларидан бири сифатида намоён бўлди.
Вадим Абрамов бошчилигида жамоа охирги сонияларгача Суперлигада кумуш медали учун кураш олиб борди ва якунда 58 очко жамғариб, 25 йил аввалги энг яхши натижасини такрорлаган ҳолда тўртинчи ўринни эгаллади.
Чемпионлик муддатидан олдин 64 очко тўплаган «Нефтчи»га насиб этган бўлса, «Пахтакор» 60 очко билан кумуш, «Насаф» 59 очко билан бронза медалини қўлга киритди.
«Динамо» сафар ўйинларида тенгсиз, футболчилар йилнинг энг яхшилари қаторида
2025 йилги мавсумда «Динамо» сафар ўйинларидаги натижалар бўйича Суперлигада тенгсиз бўлди. Абрамов шогирдлари меҳмон сифатида ўтказилган 15 учрашувда 8 ғалаба, 5 дуранг ва 2 мағлубият қайд этиб, сафарда 29 очко жамғарди. Қизиғи, жамоа уй ўйинларида ҳам айнан шунча очко тўплади.
Мавсум давомида «Динамо» таркибида бир қатор ёш ва иқтидорли футболчиларнинг ўйини алоҳида ажралиб турди.
Улар орасида 20 ёшли Фирдавс Абдураҳмонов Суперлиганинг энг яхши ёш футболчиси деб топилди. У жорий мавсум 23 учрашувда майдонга тушиб, 6 та гол ва 3 та голли узатма муаллифи бўлди. Шу номинация рўйхатида яна бир «Динамо»чи Ойбек Ўрмонжонов ҳам қайд этилди. 21 ёшли марказий ҳимоячи Жаҳонгир Ўрозов эса мавсумда энг кўп майдонда бўлган футболчилардан бири сифатида (28 ўйин, 2521 дақиқа) миллий терма жамоага илк бор чақирув олди ва «Суперлига–2025» рамзий жамоасига киритилди.
Шунингдек, жамоанинг бразилиялик легионер футболчиси Журани Ферреира ҳам рамзий жамоадан ўрин олди. «Динамо» бош мураббийи Вадим Абрамов «Йилнинг энг яхши мураббийи», ҳужумчи Анваржон Ҳожимирзаев эса «Йилнинг энг яхши футболчиси» номига номзод сифатида кўрсатилди.
Футболчиларнинг трансфер баҳоси ҳам ошди
“Transfermarkt” портали маълумотларига кўра, «Динамо» таркибидаги деярли барча футболчиларнинг трансфер баҳоси ўсган. Жамоа умумий баҳолаш бўйича 7-ўринда қайд этилган. Ҳимоячи Жалолиддин Жумабоев ва яримҳимоячи Беҳрузбек Облоқулов Суперлигада трансфер баҳоси энг кўп ошган ўйинчилар орасида TOP–10ликдан жой олган. Жамоадаги энг қиммат футболчилар рўйхатида Жаҳонгир Ўрозов – 600 минг евро, Дмитрий Плетнёв – 450 минг евро, Ратинио, Анваржон Ҳожимирзаев ва Хислат Халилов – 400 минг евролик баҳоси билан қайд этилган.
Абрамов: “Таркибни сақлаб қолишимиз керак”
Олий лиганинг сўнгги туридан кейин Вадим Абрамов мавсум ҳақида фикр билдириб, жамоанинг келгусидаги режаларига тўхталди.
— Мавсумни тўртинчи ўриндан юқорироқда якунлашимиз ва, ҳатто, кумуш медални қўлга киритишимиз мумкин эди, — деди В.Абрамов. — Таркибда йўқотишларимиз кўп бўлди, жароҳатлар ва молиявий муаммолар қийнаб қўйди. Мухлисларнинг жамоадан хурсанд экани қувонтиради, ҳарҳолда улар учун ўйнаймиз. Футболчиларда бошқа клублардан таклифлар бор, аммо буларнинг ҳаммаси ҳам менга боғлиқ эмас. Самарқандга жамоа керак бўлса, биз қўл остимиздаги таркибни сақлаб қолишимиз керак.
Суперлиганинг жорий йилги мавсуми тугагач, жамоаларга 20 декабргача таътил берилган. Бу вақт оралиғида клублар таркибини кучайтириш ва кейинги мавсумга тайёргарлик кўриш мақсадида янги бош мураббий ва футболчилар билан шартнома имзоламоқда ёки уни узайтирмоқда.
Жумладан, водий жамоалари бу борада ҳаракатларни бошлаб юборди. Лекин вилоятимизнинг бош жамоаси янги мавсумда қандай таркиб ва қайси мураббий қўл остида иштирок этиши ҳақида аниқ маълумотлар берилмади.
“Динамо” 2025 йилги мавсумда ўзининг характерини, салоҳиятини ва юксалишга қодир жамоа эканини исботлади. Бу натижалар ортида эса бош мураббий Вадим Абрамовнинг меҳнати, тажрибаси ва тўғри танлови турибди. Мураббий таркибни шакллантирди, ёшлар учун имконият яратди ва жамоага рақобатбардош руҳ бағишлади. Агар клуб шу йилги мавсумда ўйнаган футболчилар билан шартномани узайтириб, таркибни сақлаб қолса ва зарур шароитлар яратилиб, Абрамовга ишонч билдирилса, «Динамо» келгуси мавсумларда ҳам юқори ўринлар учун кураш олиб боради.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.