Йил бошидан буён Самарқандда қонун талабларига зид бўлган 5539 та ташқи реклама воситалари олиб ташланди

Ўзбек тили байрами муносабати билан яқинда Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан «Қадринг баланд бўлсин, она тилим!» шиори остида республика кўрик-танлови ўтказилганди. 

Танловда Тойлоқ тумани ҳокимлиги «Давлат тили  устуворлиги таъминланган энг намунали ҳудуд» сифатида эътироф этилганди.

Бугун кўча-кўйдаги реклама ва эълонлар, корхона ва ташкилотлар номи, иш ҳужжатларида ёки оммавий ахборот воситаларидаги ёзувларда ҳам турли хатолар кузатилаётган, давлат тилига оид қонун талаблари бузилаётган ҳолатлар учраб турганда бундай эътироф катта гап, албатта. Иккинчи томондан эса бу департаментнинг давлат тили ҳақидаги қонун ижросини таъминлашда турли танлов ва маънавий тадбирлардан фойдаланаётгани ўз самарасини бераётганидан далолатдир.

Хўш, ростдан ҳам Тойлоқ туманида давлат тили устуворлиги таъминланганми, қонунга зид номлар, ҳужжатлар, маълумотномалар учрамайдими?

– Аслида, фақат Тойлоқда эмас, бутун вилоятимизда давлат тилининг устуворлиги таъминланмоқда, десак хато бўлмайди, – дейди вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя етилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерали Темиров. – Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Лекин бу ҳаммаси қонун талаблари асосида, рисоладагидек кетмоқда, дегани эмас. Ҳали ҳужжат юритиш, жойларни номлаш, турли реклама ва кўргазмали воситалардаги ёзувларда давлат тилидаги қонунга тўла риоя қилинмоқда, деб айтолмаймиз. Хатолар, камчиликлар бор. Муҳими, бу камчиликларни бартараф этиш, хатоларни тузатиш учун ҳаракат бошланган, бунга имконият ва салоҳиятимиз етарли. Бу борада барча туман ва шаҳар ҳокимларининг ушбу масалага масъул маслаҳатчилари, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ва ҳудудий бўлинмалари, ёзувчилар ва журналистлар уюшмалари, ҳокимликлар ҳузуридаги топонимик объектларга ном бериш комиссиялари, олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Биргаликда ишлаб чиқилган дастур, режаларимиз бор ва фаолиятни шу асосида йўлга қўйганмиз.

Айни пайтда ҳокимликлар, бошқарма ва идораларда иш юритиш давлат тилида ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида амалга оширилмоқда. Вилоятимиздаги даврий нашрлар ҳам янги алифбода чоп этилмоқда. Вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ходимларининг давлат тили тўғрисидаги қонун ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси бўйича билимларини мустаҳкамлаш мақсадида мунтазам равишда ҳафтанинг жума куни ўқув машғулотлари ўтказилади. Шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилиши доимий равишда ўрганиб борилади. Биргина шу йилнинг ўзида вилоят бошқарма ва идоралари, туман ва шаҳарлардаги ташкилотларда 295 марта шундай ўрганиш ўтказилди. Ўрганиш натижалари ҳокимликлар аппарат йиғилишларида танқидий муҳокама қилиниб, камчиликларга йўл қўйган 45 та бошқарма, ташкилот ва муассаса раҳбарларига нисбатан таъсирчан чоралар кўрилди.

Географик объектларни номлаш, қайта номлаш борасидаги ишлар давомида 8997 та географик объект бўйича экспертиза хулосалари олиниб, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг қарорлари билан тасдиқланди ва давлат реестри базасига киритилди.

Булунғур туманидаги номи қонун талабларига зид битта маҳалла, номсиз 30 та кўча, Пахтачи туманидаги 87 та кўча бўйича экспертиза хулосаси олиш учун кадастр агентлигига юборилди.

– Аҳоли яшаш манзиллари, кўчаларга ном беришда ҳудуднинг тарихи, одамлар турмуш тарзига алоҳида эътибор қаратилмоқда, имкон қадар, аҳолига тушунарли, тарихий номлар берилмоқда, – дея сўзида давом этади Ш.Темиров. – Лекин баъзида айрим маҳаллаларда кўчаларга ном беришда аҳоли шу ҳудудда яшаб ўтган таниқли кишилар номини қўйишни талаб қилади, бу борада ҳудуд одамлари қариндош-уруғчиликка берилиб кетади. Ваҳоланки, қонунчиликда географик объектларга шахслар номини беришнинг аниқ тартиб ва мезонлари белгиланган. Буни аҳолига тушунтирганимиздан сўнг турли тарафкашликларга чек қўйилмоқда.

Бугунги кунда давлат тилида иш юритишда энг кўп юзага келаётган муаммо бу – ташқи ёзувлар, жумладан, пешлавҳа, реклама ва эълонлар, кўргазмали ва ахборот матнларининг бошқа тилларда, ўзбек тилида тайёрланганда ҳам кўплаб хатолар билан ёзилишидир. Шунинг учун барча туман ва шаҳарларда ушбу йўналишда доимий равишда ўрганиш олиб борадиган ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Мазкур ишчи гуруҳлар томонидан йил бошидан буён вилоятда қонун талабларига зид бўлган 5539 та, жумладан, Самарқанд шаҳрида 1659 та, Самарқанд туманида 655 та, Тойлоқда 589 та, Ургут туманида 461 та,  Иштихон туманида 412 та ташқи реклама воситалари олиб ташланди. Бу борада камчиликларга йўл қўйган 34 та тадбиркорлик субъектига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилди.

Тил – миллат кўзгуси, ҳар бир халқ, давлатни намоён этувчи муҳим белгилардан бири. Давлат тили эса ўша юртнинг байроқ, герб сингари асосий рамзларидан ҳисобланади ва давлат рамзлари қаторида ҳурмат қилиниши, эъзозланиши лозим. Шунинг учун давлат тили ва уни қўллаш бўйича қонун, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинади. Бу қонунларга риоя этишга эса шу юртда яшовчи барча фуқаролар бурчли. 

Бугун дунёда ўзбек тилида сўзлашувчилар 60 миллиондан ошди. 50 дан ортиқ хорижий олий ўқув юртида ўзбек тили ўқитилмоқда. Бундай маълумотлар, албатта, кишига ғурур бағишлайди. Шу билан бирга, она тилимиз, давлат тили – ўзбек тилининг нуфузини ошириш, мавқеини мустаҳкамлашга давлат ташкилотлари ва турли хил тузилмалар қаторида ҳар биримиз, ҳар бир ўзбекистонлик ҳисса қўшмоғи, бунга интилмоғи лозим.

Ғолиб ҲАСАНОВ.