Манзил колонияси ўрнига пробация назорати жорий этилади

Содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш жиноят, деб эътироф этиладиган бўлса, албатта, бунинг учун жазо муқаррар. Шу ўринда, тайинланадиган жазо аниқ мақсадга қаратилган бўлиши, максимал натижа бериши барқарор бўлиши лозим. Жазо шахсни қайта тарбиялаб, унинг хулқини тузатиш ва ижобий хулқ-атвор билан жамиятга қайтиришга хизмат қилмайдиган бўлса, унда тайинланган жазо кўзланган мақсадга номувофиқ тайинланган бўлади. Аксинча, шахс қилмишининг моҳиятини тушуниб етган, ижтимоий хавфли хусусиятини йўқотган, айбига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, содир этган қилмишининг оқибатларини тушуниб етган, тегишли хулоса чиқарган бўлса-да, унга нисбатан жазо тайинланиши жамиятдаги нормал хулқ-атворли шахсни йўқотишга олиб келиши мумкин.
Ҳар қандай жамиятда турли тоифадаги шахслар фаолияти давомида интеллектуал ҳолати ёки яшаш муҳити, шароити таъсирида хато ва камчиликларга йўл қўяди, мавжуд тартиботни бузади, жиноят деб аталмиш ножўя хатти-ҳаракатни содир этади. Бундай ҳолатда қонунбузар шахсни тарбиялаш, унда муносиб хулқ-атворни қайта тиклаш ва нуқсонли хулқини тузатиш фаровонлик ва барақарорликни мақсад қилган жамиятнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш, пробация бўлинмалари назорати остидаги шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш бўйича янги тизим яратилди. Натижада, назорат остидагилар томонидан қайта жиноят содир этилиши камайишига эришилди. Жиноят содир этган шахсларни ахлоқан тузатиш, уларни жамиятдан ажратмаган ҳолда жамоатчилик билан узвий ҳамкорликда қайта тарбиялаш пробация назоратининг моҳиятини ифодалайди.
Жазодан озод қилишнинг шартли ҳукм қилиш, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш турларида маҳкумнинг ижобий хулқ-атворини рағбатлантириш орқали уни босқичма-босқич жазодан озод қилиш назарда тутилади. Бироқ жазодан озод қилишнинг бундай турларини қўллашда жазо тайинланиши ёки ўталиши муқаррар бўлган ҳолда жазодан озод қилиб ёки енгилроқ жазо тайинлаш орқали маҳкумнинг ҳулқи устидан назорат олиб борилади.
Жиноят содир этган шахсга бўлган ҳуқуқий муносабатнинг хусусияти унга нисбатан тайинланган жиноий жазонинг тури ва оғирлик даражаси билан бевосита боғлиқ. Шахс содир этган жинояти учун унга нисбатан тайинланган жазо нафақат унинг қилмишига, балки ижтимоий-психологик ҳолатига ҳам мос бўлиши, албатта ушбу жиҳатлар пробация назорати давомида ўрганиб борилиши лозим.
Президент Мурожаатномасида белгиланишича, бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил колонияга ўтказилмасдан, пробация назоратига олинади. Замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда жорий этилган бундай амалиёт жиноят содир этган шахсни мақсадли тарбиялаш ва унинг хулқини тузатишда ижобий натижаларга эришишни таъминлайди.
Хусусан, ички ишлар органлари томонидан пробация назоратига олинган, яъни шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назорат амалга оширилади. Уларнинг ижтимоий мослашуви ва ишга жойлашишига, шу жумладан, уларнинг касбий тайёргарлиги бўйича тадбирларни ташкил этиш орқали ҳар томонлама амалий кўмаклашилади. Уларнинг қайта жиноят содир этиш хавфини аниқлаш ва бунга йўл қўймаслик бўйича профилактик чора-тадбирлар амалга оширилади.
Манзил колониясида озодликдан маҳрум қилиш жазоси шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини муайян тартиб-қоидалар асосида чеклаш орқали ижро этилса, пробация назорати фақатгина жазо ижроси назорати билан чекланмасдан, маҳкумнинг муаммоларини ҳам ўрганади ва ушбу муаммоларни ҳал қилиш орқали маҳкумни ахлоқан тузатиш ва жамиятга қайта тайёрлаш тадбирларини амалга оширишни назарда тутади.
Муҳими, пробация назорати давомида жиноий жазога ҳукм этилган шахс ўз оиласи бағрида бўлади, озодлик ва эркинликнинг қадрига етади.
Бундай имкониятдан маҳрум бўлиб қолишнинг олдини олиш ҳисси шаклланади, имкон қадар тузалиш ва тўғри йўлга ўтиш орқали жиноий таъқибдан қутулишга интилади.
Президентимизнинг жорий йилнинг 29 декабрида парламентга қилган Мурожаатномасида ҳам содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахсларга енгиллик, яна бир бор имконият бериш таомилини такомиллаштириш орқали инсонпарварлик тамойилини тўла-тўкис рўёбга чиқаришни назарда тутадиган қарашлар баён этилди. Хусусан, Мурожаатномада жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилларини кенг қўллаш борасидаги ишлар келгуси йилда ҳам давом эттирилиши, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил колониялари босқичма-босқич қисқартирилиши, бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса,
у манзил колонияга ўтказилмасдан, пробация назоратига олиниши, мазкур енгиллик асосида ҳозирги кунда жазо муддатини ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўлиш имкони яратилиши таъкидланди.
Мазкур Мурожаатнома чинакам маънода инсонпарварликнинг ёрқин ифодаси сифатида намоён бўлиб, содир этган жинояти учун жазога ҳукм қилинган шахсларни ҳам рози қилиш, уларни фаровон жамиятга мутаносиб қилиб тарбиялаш, муҳими, хато қилган шахсларни жамиятдан ажратмасдан, уларнинг хулқини тузатишни жазони ижро этиш муассасасидан кўпроқ жамиятга, яъни жамоатчиликка ўтказишни назарда тутди. Бу эса ўз навбатида, жиноят содир этган шахснинг ўз қилмишининг моҳияти ва оқибатларини тушуниб етиши, тегишли хулоса чиқариб олиши, пировард натижада тузалиш йўлига ўтишини таъминлаш имкониятини кенгайтиради.
Самариддин ОЧИЛОВ,
Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали кафедра мудири вазифасини бажараувчи.