Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мақсад аниқ ва улуғ бўлса, инсонга шижоат бағишлайди

Халқ мақсадсиз, давлат эса ғоясиз яшай олмайди. Негаки, мақсад умрга завқ бағишлайди, интилишни ўргатади, барча имкониятларга эшик очади. Ғоя эса жамиятни бирлаштиради. Ақл мақсаднинг реаллигини таъминлайди.

Одамлар ислоҳотлар самарасига қараб мақсаднинг ҳаётийлигига ишона бошлайдилар. Чунки мақсад одамлар эҳтиёжини қондиришга, ўз ҳаётидан завқланишига хизмат қилади. Зеро, Дени Дидро таъкидлаганидек, «Мақсад бўлмаса, ҳеч нарса қилмайсан, мақсад жуда кичик бўлса, ҳеч қандай буюк ишни қила олмайсан». Ливанлик файласуф Амин Райҳоний эса «Мақсадинг имкониятингдан ортиқ бўлсин, шунда бугунги ишинг кечагидан, эртаси бугунгидан яхши бўлади» деган. Зеро, Ф.Ницшенинг «Ожиз киши ўзига мақсад, вазифа излайди, кучли киши эса уларни ўзи яратади» деган ибратли иборасини барчамиз ўқиганмиз.

Демоқчиманки, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ўз ҳудудида учинчи Ренессанс даври учун шарт-шароит ярата олади, деган даъватига, аниқроғи, ғоясига ана шу нуқтаи назардан ёндашмоқ лозим.

Йилнинг ўтаётган шиддатли онлари – ҳар бир соҳадаги ҳаётий ислоҳотлар ва уларнинг халқ турмушида кўзга ташланаётган самаралари, давлатимизнинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузи ошиб бораётгани бу олий мақсад шууримизга тобора чуқурроқ сингиб бораётганини кўрсатиб турибди.

Албатта, катта, улуғ мақсадларга эришиш осон эмас. Дарвоқе, энг осони ҳам бу йўлда машаққат чекишга тайёр туришдир. Қолаверса, эврилишлар жараёни бўйича тажрибамиз борлиги дилга таскин ва ишонч беради.

Иккала Уйғониш даврида айнан Мовароуннаҳрда фаолият кўрсатган ёки саёҳатга келган адиблар, элчиларнинг асарларини ўқисангиз, уларда бир хулоса устун: бозорларда тўкинлик, кўчалар обод ва сувлар тиниқ, одамларда қаноат, шарқона иффат, орият, илмга интилиш кучли. Буни Абу Тоҳир Хожанинг (Х аср) фикри ҳам исботлаб турибди: «Агар бойлик истасанг – Ҳиндистонга бор, агар илм истасанг – Маккага, агар ҳар иккисини истасанг – Самарқандга бор».

Маҳдуми Аъзам ҳазратларининг Деҳбеддаги қабри пойида мусулмон давлатларининг турли йилларда яшаган ўн беш нафар подшоси қўним топган. Чунки улар ҳаёт пайтларидаёқ мабодо вафот этса, ана шу заминга, ана шу улуғ инсонлар қабри пойида дафн этишларини васият қилишган.

Хўш, ўша даврдаёқ ер юзининг сайқали деб эътироф этилган бу қадимий кентнинг оҳанрабоси нимада эди?

Маълумотларга қараганда, вилоят ҳудудида беш мингдан ортиқ тарихий обида мавжуд. Шунинг 2 мингтаси Самарқанд шаҳрида жойлашган. Регистон майдонида йиллар давомида қурилган уч мадраса буюк ақл-идрок, муҳандислик намунаси сифатида ҳамон жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. Мазкур мажмуа ҳозирда обида саналади, ўз вақтида эса у юксак фазилатлар, маърифат, илм маркази сифатида шуҳрат топган.

Ана шу маърифат Имом Бухорийни, Алишер Навоийни шу заминга чорлаган. Имом Бухорий илмий-маърифий маркази нашриёти 2007 йилда “Ўрта Осиё олимлари қомуси” китобини чоп этлди. Унда VIII-XIX асрларда шу минтақада яшаб ижод қилган 2700 нафар олиму уламо ҳақида маълумот келтирилган. Шу нашриётнинг “Самарқанд алломалари” (2017 йил) номли китобида эса Самарқандда фаолият кўрсатган 113 алломанинг таржимаи ҳоли билан танишиш мумкин. Тадқиқотчи Комилхон Каттаев яқинда Оқдарё ҳудудида Реннесанслар даврида ўндан ортиқ таниқли имомлар яшаб ўтганлигини аниқлади. Чокардиза ва Шоҳи Зиндада ётган 45 минг нафардан ортиқ азиз авлиёлар хоки бизга аждодларимиз нечоғлик буюк тафаккур эгаси бўлганлигини кўрсатиб турибди.

Муҳими шундаки, бу жараён йиллар силсиласида тўхтаган эмас. Гарчи аввал чор Россияси, кейин қизил империя босқинчилик орқали миллий қадриятлар, маърифат томирларига болта урган бўлса-да, қонимиздаги тафаккур ўлган эмас. Бастакор ва ҳофиз Ҳожи Абдулазиз, Намоз ботир ва жадидлар, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош, Ислом шоир азалий анъаналар давомчиси сифатида элга танилди. Ундан кейин Самарқанд давлат университети маърифатнинг чинакам масканига айланди.

Бундай улуғворликни Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоят ва шаҳрида кўриш мумкин. Эътибор беринг, кейинги 3-4 йил ичида қанчадан-қанча кўҳна маърифат масканлари қайта тикланди, қанча ижод мактаблари очилди. Бу эътибор ва эътирофгина эмас, бу катта қудрат ва жасорат ҳам.

Назаримда, ана шу улуғворлик ва узилмас силсила давлатимиз раҳбарига ишонч, куч-қудрат ва жасорат бахш этди. Ана шу теран томирлар фидойи юраклардан сув ичиб, яна барг чиқара бошлади. Президент халқимизда ўз аждодларига нисбатан ҳурмат уйғотиш баробарида бу бунёдкор элни ана шу тарихий жасоратларни такрорлаш мумкинлигига ишонтира оляпти.

Энди ўз-ўзидан савол туғилади: биз бу улуғ мақсадга қайси йўл билан эришамиз? Чунки энди давр бошқа, шароит ўзгача.

Давлатимиз раҳбарининг Парламентга учта мурожаати, умумхалқ муҳокамасидан сўнг қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ва йил дастурлари билан танишган, уларнинг моҳиятини англаган ҳар бир киши бу саволга аниқ жавоб олади.

Ренессанснинг асосий вазифаси – инсонни ҳаётнинг янги босқичига олиб чиқиш. Демак, бир мамлакатдаги муҳит бутун дунёга таъсир этмоғи лозим.

Ренессанснинг асосий талаби – инсоннинг эркин яшаши, ижод қилиши учун шарт-шароит яратиш. Эзгу сўз, эзгу ҳаракатнинг қадрланиши.

Бугун давлат сиёсати ана шу мақсадга қаратилганини барчамиз кўриб-билиб турибмиз. Уларни санаб ўтиришга ҳожат йўқ.

Ҳаётнинг аччиқ сабоғи шундай: кимки ўзи учун аниқ, улуғвор мақсад қўйиб яшамас экан, у бировнинг мақсади амалга ошишига хизмат қилишга мажбур. Фахрим шуки, халқимиз асрлар давомида бу ҳақиқатни англаб яшаган. Шу сабабли тарихда дунёни ўзгартириб юборган иккита Уйғониш даврининг яловбардорига айланган. Умидим ва ишончим шуки, бу бунёдкор эл учинчи жасоратга ҳам қодир. Бинобарин, оққан дарё оқаверади.

Фармон ТОШЕВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.