Мақсад - халқаро тадқиқотларда иштирок этиш
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ҳамкорлигида “Халқаро тадқиқотларда муваффақиятли иштирок этиш мақсадида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Самарқанд шаҳридаги 21-умумтаълим мактабида ўтказилган семинарда таянч мактаблар директорлари, аниқ ва табиий фанлар ўқитувчилари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими методистлари иштирок этди.
Семинарда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Ғайрат Бобохолов, вилоят халқ таълими бошқармаси таълим сифати мониторинги бўлими бошлиғи Жўрабек Эшмуродов, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказининг аниқ ва табиий фанлар методикаси кафедраси ўқитувчиси Азиза Қудратова халқаро тадқиқотларда муваффақиятли иштирок этиш учун ҳар бир таянч мактабларда амалга ошириладиган вазифалар, ўқитувчи ва фан методистларининг бу борадаги муҳим вазифаларини тушунтириб, тавсиялар берди.
Семинар амалий жараёнлар билан давом этди. Бевосита дарс жараёнлари орқали тренир-ўқитувчилар умумтаълим мактабларининг фан ўқитувчилари учун маҳорат дарслари ўтди. Семинар педагогларнинг баҳс ва мунозаралари, ўзаро фикр, малака ва тажриба алмашишлари билан янада аҳамиятли бўлди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.