Мақсуда ая - маърифатли оила давомчиси

Минглаб шогирдларининг меҳрини қозонган устоз Мақсуда Абдужабборова пенсияда бўлса-да, ҳали ҳануз унинг даргоҳидан шогирдлар қадами аримайди.
Мақсуда Абдужабборова 1951 йилда Жомбой туманидаги Узуновул қишлоғида таваллуд топган. Мактабни аъло баҳоларга битириб, Самарқанд педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетига ўқишга кирди.
- Болаларнинг меҳри, ишончи, дарсдан завқланиши фаолиятимга мазмун бағишларди, - дейди М.Абдужабборова. - Бугун янги методик технологияларнинг дарсларда татбиқ этилаётганлигини кўриб қувонаман. Уларни бундан йигирма, ўттиз йил илгари ўтилган дарслар билан таққослайман.
Бу сулоладан ўқитувчилик касбини танлаганлари юз нафардан ошиб кетган. Оила аъзоларини зиёли қилиб тарбиялашда раҳматли Абдужаббор отанинг алоҳида ўрни бор. Собиқ иттифоқ даврида шамчироқ ёруғида кўсак чувиб, давлатга топшириш керак бўлган. Қўллари қаварган лаҳзаларда ҳам кимдир китобни мутолаа қилиб турган, бўлмаса, отасидан қаттиқ гап эшитган.
Оилада китоб муқаддас саналган. Ота-боболаридан қолган эски китобларни шўро одамлари олиб кетган. Қолганларини отасининг жияни, тарих фани ўқитувчиси Шарват Исломова тўплаб, мактабда кутубхона ташкил қилган.
Мақсуда Абдужабборова турмуш ўртоғи Эргаш ота билан олти нафар фарзандни тарбиялаб, элимиз корига ярайдиган инсонлар қилиб улғайтирди.
“Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланган Мақсуда она невара-эваралар қуршовида кексалик гаштини суряпти.
Шаҳло ҚЎЗИЕВА.