Марказий банк вилоят бошқармаси фирибгарлардан огоҳлантирмоқда
Шу кунларда телеграм орқали “Марказий банк” номли сохта аккаунт очган фирибгарлар томонидан айрим фуқароларни алдаб карталаридаги пулини ечиб олиш ҳолати кузатилмоқда, дея хабар бермоқда Марказий банк вилоят бошқармаси ахборот хизмати.
Айтилишича, сохта аккаунтдан фуқароларга уларнинг банк картасидаги пул фирибгарлик йўли билан ечилишининг олдини олиш мақсадида карта транзакцияларини бекор қилишни сўрашади ва сохта ҳавола ҳамда СМС-хабарнома юбориб бир марталик махфий кодни айтиш кераклигини сўрашади. Шунингдек, фуқароларнинг номига ноқонуний тарзда кредит расмийлаштирилган бўлиши мумкинлигини айтиб, унга сохта ҳавола ҳамда СМС-хабарнома юборишади ва махфий кодни айтиши кераклигини сўраб телефон қилишади. Оқибатда эса фуқароларнинг маблағларини олиб қўйишади. Шу каби тижорий хизматлар ҳам таклиф қилиниши мумкин.
“Шуни маълум қиламизки, мазкур хабарлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Марказий банк тижорат фаолияти билан шуғулланмайди, шу жумладан, жисмоний шахсларга кредит ажратмайди ёки молиявий ёрдам кўрсатмайди.
Марказий банк номидан ҳар қандай кўринишдаги кредит, молиявий ёрдам ёки бошқа турдаги банк хизматини таклиф этиш сохталик ва фирибгарликнинг асосий белгиси ҳисобланади.
Фуқаролардан ушбу хабарларга эътибор бермаслик ва ҳеч қандай ҳаволага кирмаслик сўралади. Фақат расмий манбаларга таяниш тавсия этилади”, дейилади расмий огоҳлантиришда.