Меҳмондан хафа бўлмадим. Аммо бирорта ўқитувчини йўлдан уриб, хорижга олиб кетиб қолишидан хавотирландим

Яқин танишимиз Янги йилни оиласи даврасида кутиб олиш учун Туркиядан келди. Турмуш ўртоғи ҳокимиятда кичикроқ лавозимда ишлайди. Эр-хотин олий маълумотли. Танишим бир пайтлар мактабда ўқитувчилик қиларди. Эл қатори, уй–жойи, машинаси бор. Уч фарзандининг бирини уйлантиришган, қизи ҳали мактаб ўқувчиси. Контрактда ўқиётган иккинчи ўғлининг тўйини орзу-ҳавасли ўтказиш учун аёл бир неча йиллардан буён хорижнинг “тупроғини ялайди”.

Бу аёлни жуда ҳурмат қилардим – яхши педагог, намунали уй бекаси, меҳрибон она, умуман, олганда рисоладагидек аёл эди. Уйимизга меҳмонга келганида эса бутунлай ўзгариб кетганига гувоҳ бўлдик.

 Мана шу янги йил дастурхонини безатиш учун қанча сарфладингиз? 200 ёки 300 доллар кетгандир? Эсиз, шунча пул!, - деди меҳмон. - Келин, бу пулга меҳмонхонангизнинг пардасини янгиласангиз бўларди. Бундан 5 йил олдин келганимдаги пардалар-ку?! Уйингизда ҳеч нарса ўзгармабди. Яна Тошкентга оилавий Янги йил саёҳатига ҳам бориб келибсизлар. Унга ҳам отни калласидай харажат кетгандир? Мен сизга айтсам, эрнинг топганини хотин ҳар ёққа совуриши керакмас. Болалар нималарни хоҳлашмайди, кўнглига қарайверсангиз?

У яна кўп нарсаларни гапирди. Меҳмонни ҳурмати бор, кўнглига қараш керак...

“Истанбулда Янги йилни нишонламайдилар, кофирларнинг байрами дейишади. Фақат Қурбон ҳайити, Рамазон ҳайити катта байрам қилинади. Рамазонда юз фоиз аҳоли рўза тутади. Бунинг учун ишхонасидан мўмайгина пул олади. Уч йил яшаган бўлсам, бирорта ичадиган одамни учратмадим. Лекин ҳамма кашанда. Аёлларнинг 90 фоизи сигарет чекади. 7 ёшдан 70 ёшгача намозхон. Жума кунлари кўчада юриб бўлмай қолади, ҳамма эркаклар ишни тўхтатиб, намозга боради. Сериалларга ишонманг, у ерда ҳаммаси ёлғон!

Эй, уларнинг тўйларини айтмайсизми. Антиқа тўйлар фақат келин-куёвга совға бериш учун қилинадигандек. Дастурхони “сладкий стол”, холос. Ўзларининг миллий ширинликлари қўйилади, бошқа ҳеч нарса қўйилмайди. “Қалин пули” катта бўлгани учун кўпинча йигитлар етарли маблағни топмагунча 30-40 ёшгача уйланмай юраверишади. Биздагидек, турк йигитларини ота-оналар уйлантириб қўймайди. Тўйда келинга “килолаб” тилла тақинчоқлар совға қилишади. Кейин ёшлар шу тиллаларнинг маълум қисмини рўзғор анжомларини сотиб олишга ишлатади.

Мен катта ўғлимнинг тўйи видеосини кўрсатганимда, “Жуда бой экансан, бу ерда нима қилиб юрибсан?”, деб ажабланишди. Биз қилган тўй дастурхонини кўриб, ҳайратланишганди.

Айтганча, хўжайиним менга яна бирорта аёлни олиб кел, деганди. Синглисига қарашга одам керак экан. Мендек, оёқ-қўли чаққон, тиббиётдан бироз хабари бор, асосийси, тоза-покиза аёл керак. Шунақасини билмайсизми, мабодо! Ойига 1000 доллар тўлашади, бақувват одамлар.

Дугоналаримга айтишим керак! Қачонгача мактабда юришади, маош келишини кутиб, кун санаб”.

Бундай беписандлик танишимнинг табиатида қачон пайдо бўлди? Бор-йўғи уй хизматчиси бўлиб, кекса аёлни парвариш қилаётган бу кишим жуда баланддан гапирарди. Гўё, бу ердагилар ҳаммаси аҳмоқ, ҳақиқий ҳаёт у ёқда. Пулга, давлатга ўчлик одамни мана нима кўйларга солиши мумкин.

Билишимча, дастлаб эри унинг хорижда ишлашига қарши бўлган. Қайси ориятли эркак хотинини ёлғиз четга юборади? Яна ишлашга. Ўсмир қизи она тарбиясига муҳтож пайтда у ким-кимларнинг тўшагини тозалаб юрибди.

Катта келини бир неча марта онасиникига аразлаб кетиб қолди, қариндошлар ўртага тушиб ёшларни яраштиришди.

Талаба ўғли таътил пайтида ҳам уйига келишни истамайди...

Эрининг эса кўрган куни қурсин! Хориждан келаётган пуллар бу оиланинг ҳамма ташвишларини камайтира оладими?

Бу кишим эса фақат мол-дунёдан, пулдан гапиради.

Қаноатда, шукроналикда гап кўп. Фақат данғиллама тўй қилиш учунгина четда юрганларга бир томондан юрагинг ачийди. Ўзини, ўзлигини унутиб, ғурурини четга суриб, мардикорликда оғир меҳнат қилиб, топган пулларини бир кечада совуриб юборади. Одамларнинг бир оғиз мақтови учун қилинади бу ташвишлар.

Шунинг учун бу аёлдан сира хафа бўлмадим, ачиндим холос. Фақат мактабда ҳалол ишлаб, рўзғорига, бола чақасига эгалик қилаётган, ҳам болаларга таълим-тарбия бераётган бирорта ўқитувчи аёлни йўлдан уриб, Туркияга, мардикорликка олиб кетиб қолишидан хавотирландим.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.