“Мен тўлаган давлат божи қаерга кетди?”

Мажбурий ижро бюросидан норози онахон таҳририятимизга нега мурожаат қилди?

Тойлоқ тумани Боғи чинор маҳалласида яшовчи Саломат Маматқулова шу йил январь ойида амалга оширган тўловини яна тўлашига тўғри келаётганини айтмоқда.

Гап шундаки, онахоннинг ўғли муддатли тўлов асосида телевизор харид қилган. Аммо белгиланган муддатларда тўловни амалга ошира олмаганлиги сабабли иш судгача бориб етган. Табиийки, суд С.Маматқулова (кафил) ва унинг ўғлидан қарз суммаси ҳамда давлат божи ундиришни белгилаган.

“Қўлимда январь ойида давлат божи учун тўланган 364 700 сўмлик квитанциялар (1 таси ўзим, 2-си ўғлимнинг номидан) бўлишига қарамасдан МИБдагилар “Бу тўловлар компьютерга кирмаган”, деяпти. Ваҳоланки, тўлов қилган вақтимда бюронинг Шуҳрат исмли ходими “Бўлди, қарздорлигингиз тўлиқ қопланди”, деганди”.

Онахоннинг айтишича, МИБ Тойлоқ тумани бўлимида Шуҳрат исмли ходим айни пайтда ишламаётган экан. Саломатлигидаги муаммолари, иқтисодий ночорлигини билдирган вақтда МИБ ходимлари “Ҳолатингизнинг бизга қизиғи йўқ, тўловни қилиб қўйинг”, дейишаётганидан кўнгли ўксимоқда.

С.Маматқулова давлат божи учун тўлаган тўловлари қаерга ғойиб бўлганини билолмай хуноб. МИБ ходимлари эса бу ҳақда тушунтириш беришни ҳам истамаётгани ажабланарли.