Мен Ватан расмини юракка чиздим
Шоира Зуҳра Эшонқулова (Зуҳра Бегим) ўзининг эллигинчи баҳорини қарши олмоқда. У 1975 йил 21 январда Ургут туманида туғилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Ҳозирда халқаро Амир Темур жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари сифатида фаолият юритмоқда.
Шоиранинг “Оқибат, “Умид баҳори”, “Севгимга битилган номалар”, “Кўклам нафаси”, “Кўнгил фасли”, “Юрагимга айланар Ватан”, “Бир қучоқ оташ”, “Ишқ достони”, “Болаларга бахшида олам”, “Юртимиз ниҳоллари”, “Нима яхши дунёда?”, “Она юрт фарзандлари” китоблари нашр этилган.
***
Ватан қоларкан
Тонг кияр оқ тусли ҳарир либосин,
Кўкда чақнаётган шамснинг кўзлари.
Башар тополмади ҳали қиёсин,
Ватаним - онамнинг нурли юзлари.
Мен Ватан расмини юракка чиздим,
Кўзимга сингдирдим ёруғ оламни.
Гоҳ олис кетганда қадрини билдим,
Қувондим бағримга босгач боламни.
Бу дунё ўткинчи, умр бетоқат,
Беҳуда ўтгайдир бўлмаса мазмун.
Вақт олий ҳакамдир, қилмагай шафқат,
Айрилиқ жабридан дил тортар маҳзун.
Ота-онамиз ҳам кетаркан ташлаб,
Ҳеч бир кас дунёга бўлмагай устун.
Фарзандлар қолгайдир кўзларин ёшлаб,
Улар ҳам отланар кетмоққа бир кун.
Кўз очиб юмгунча кунлар ўтади,
Кимки, не истаса шуни оларкан.
Ойларнинг қўлидан йиллар тутади,
Кутиб, кузатгувчи Ватан қоларкан.
Ҳаёт ташвишидан одамзот насли,
Вақти келса, ҳориб, ғамдан толаркан.
Тирик жонга фақат содиқ юрт васли,
Дунёда биргина Ватан қоларкан!
Шеър туғилади
Қароғлар тубида қимтинар қайғу,
Ишонч - сарғиш рангга айланган хазон.
Нафрат - ўлиб кетган кўнгилнинг руҳи,
Бардоши кўксида тош қотган инсон.
Умид - парвозларга йўғрилган туйғу,
Ҳаёт - ҳар бир куннинг серташвиш уйи.
Қайғу - зулматларни қучоқлаган тун,
Ҳижрон - муҳаббатнинг нолавор куйи.
Орзу - рўёларга тутинган бўшлиқ,
Кўзимда йиғлайди азадор осмон.
Дунёга сиғмайди кичкина жоним,
Юракка юкиниб, инграйди армон.
Тун - бу ёлғизликнинг ҳидига ўхшар,
Гоҳо бўғзимгача сиқиб келади.
Тўлғоқдан тинчиса титроқ вужудим,
Юракдан бир фарзанд - шеър туғилади!...
Тунда
Соҳил ойна тутар осмонга оқшом,
Ҳусну жамолини кўриб турар ой.
Зулмат чекинади ортига шу дам
Сокинлик юракдан эгаллайди жой.
Оқ-қора ним гулдор либосин кийиб,
Олисдан кузатар бир парча булут.
Борлиқни жисмига сингдирган қароғ,
Бир муддат тин олиб сақлайди сукут.
Бафуржа бағрига тортади хаёл,
Мудроқ нигоҳимдан қочади уйқу.
Покиза ҳисларни мустажоб айлаб,
Руҳимни поклайди тип-тиниқ туйғу.
Соҳир тун кўнгилни соғинчга ўраб,
Ишқимиз боғида ёзади куртак.
Эҳтирос бағрида тўлғонган юрак,
Муҳаббат ҳақида айтади эртак.
Жимирлаб тебранар соҳилнинг суви,
Кўзгуда товланар тўлин ой акси.
Юлдузлар жўр бўлиб нур сочган кеча,
Авжига чиқади соҳилнинг рақси...
Қалбинг қолиб кетди...
Кабутардек қанот ёйган хатларим -
Юрак қоним билан ёзилган битик.
Сенсиз маҳзун тортар шеърий байтларим,
Наҳотки, биз айро йўллардан кетдик.
Сен кетдинг, кўзларинг ортга термулиб,
Қалбинг қолиб кетди менинг ёнимда.
Юрак ҳиссиётга ўйчан кўмилиб,
Исён қилаверар ҳар он жонимда.
Соғинчли хатларнинг йўқдир адоғи,
Фақат сенга бориб етгани гумон.
Олисда милтиллар толе чироғи,
Интизор кўнгилнинг васлига ишон...
Сўнгига етмаган севги хатларим,
Хавотир аралаш дил туғёнимда.
Сенсиз маҳзун тортар шеърий байтларим,
Кетдинг, қалбинг қолди менинг ёнимда.