Менда фикр бор: Ҳар бир лойиҳа мукаммал бўлсин!

Мамлакатимизда яқинда бўлиб ўтган сайловлар, унинг асосида ташкил топган янги парламент, янги ижодий куч ҳамда янги қонунлар олиб келади, албатта. Уларнинг аниқ ва мукаммаллиги, асослантирилганлиги, пишиқлиги эса жамиятимизга янада уюшқоқлик, тартиб-интизом, тинчлик-осойишталик, ижтимоий-иқтисодий, адолат мезонларини бағишлайди. Лекин бу қонунлар қанча кўп бўлса, шунча яхши, дегани эмас.

“Давлатда қонунларнинг кўплиги, - деб ёзади буюк файласуф олим Ф.Вольтер. – Бамисоли, табибларнинг кўплигига ўхшайди, табибларнинг кўплиги эса касаллик ва ожизлик белгисидир». Бундай ҳолда уларнинг сифати, амалда қўлланилиши, самарадорлиги каби жиҳатлари ҳам юзага чиқиши мумкин.

Таълим олиш ҳуқуқи инсониятга берилган буюк неъматлардан биридир. У республикамизнинг турли даражадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида аниқлаштирилган, тартибга солинган. Жамиятимиз ва давлатимиз ҳам бу борада ғамхўрликни кучайтирмоқда. Таълим тўғрисидаги 1992 ва 1997 йиллардаги қонунлар асосида «Таълим кодекси» ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Ҳозирда «Ўқитувчининг ҳуқуқий мақоми» тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Бинобарин, ЮНЕСКОнинг таҳлилига кўра, жаҳон стандартларига жавоб бера оладиган миллий фаровонлик даражасига меҳнатга лаёқатли аҳолининг 40-60 фоизи олий маълумотли бўлишга эришган давлатларгина етишишлари мумкин.

Шу йўналишдаги яна бир қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни 197-5(прим)-моддаси билан тўлдириш таклиф қилиняпти. Унда «Таълим муассасасининг педагогик ходими касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш» учун маъмурий жавобгарлик – жарима қўлланилиши назарда тутилган. Шундай ҳаракатлар бир йил мобайнида такроран содир этилганда эса энг кам иш ҳақининг 7-10 бараваригача, мансабдор шахсларга 10-15 бараваригача жарима солиш назарда тутилган. Шундай ҳуқуқбузарликка маъмурий-ҳуқуқий чора белгиланишининг ўзи ижобий ҳолат. Чунки бу олий таълим тизимида ҳам учраб турадиган ҳаракатдир. Мен мазкур лойиҳа бўйича мулоҳаза билдирмоқчиман.

Биринчидан, лойиҳада икки ҳаракат - педагогик ходимнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш, хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш назарда тутилмоқда. Аммо таклиф қилинаётган моддада келтирилган ҳаракатлар диспозитив белгилари, яъни қайси ҳаракатлар (ёки ҳаракатсизликлар) орқали аралашиш, тўсқинлик қилиш ҳолатлари кўрсатилмаган. Бу уни амалиётда қўллаш вақтида ноаниқлик, баҳс, мунозара, норозиликларга олиб келиши мумкин, деб ўйлайман. Масалан, олий таълим ўқитувчисига ўтилмаган дарс учун баҳо қўйиб беришни буюриш, талаб қилиш, шу талаб ёки буйруқни бажармаганлиги учун ўқитувчи мутахассислиги бўлган дарсларни тугатиш, қисқартириш ёки бирор нарсани баҳона қилиб ҳайфсан эълон қилиш, ишлаб турган кафедрасини тугатиш, ўқитувчини таъмагирликда айблаш, курсни ўзлаштирмаган талабага 4-5 мартагача рухсат бериб, охири бошқа ОТМга олиб бориб, кўчиртириб «топширди» дейиш, саводсиз ёзилган буйруқ ва қайдномаларни бажаришдан бош тортганлиги учун ота-оналарини зимдан чақиртириб, ўқитувчига пўписа қилишлари, аралашишлари, ёзма ишини кўрмасдан норозилик билдириб айблашлари, шундай ҳолларда камчиликни тўғриламасдан, умуман ушбу соҳа, фан мутахассиси бўлмаган ўқитувчига «баҳо қўйдириб олиш»лар ушбу модданинг диспозитив белгиларига (назарда тутилган ҳолатлари) кирадими, йўқми?

Иккинчидан, киритилаётган янги моддани қўллаш бўйича ёки янги йўриқ хати, алоҳида кўрсатма қабул қилинадими? Муассаса таълим испекцияси фақат маъмуриятни қўлласа, ушбу чорани ким, қайси комиссия ёки идора қандай ҳолатларда қўллайди? Чунки Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 8 декабрда сўзлаган нутқида «Ўйлайманки, қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалиётидан воз кечиш ва тўғридан-тўғри қўлланиладиган қонунлар вақти келди», деган сўзлари айнан шундай ҳолатларга тааллуқлидир, деб ҳисоблаймиз.

Зиёдулла МУҚИМОВ,

СамДУ профессори.