Мерос васвасаси ёхуд Диан Моҳаммед хонимнинг менга “юборган” 3 миллион доллари
Қўшни туманда яшайдиган бир оғайним оғзи қулоғида, ҳовлиққанча келиб қолди. Эмишки, англиялик аллақандай бойвачча автоҳалокатга учраб, унинг бор бойлиги ошнамга мерос бўлиб қолибди. Бошқа меросхўрлари йўқлиги учун излаб-излаб facebookдан буни топишибди. Фамилияси бир хил (Мавлонбердиев) бўлмаганида балки топишолмасмиди...
– Худо “бераман”, деса ҳеч гап эмас экан, ошна! – дейди ҳаяжонда дағ-дағ титраркан. – Англияда Теодор Мавлонбердиев деган амаким топилиб қолганига нима дейсан? Ундан менга қанча мерос қолганини айтайми? Айтсам, барибир ишонмайсан: 1 миллион доллар! Тушуняпсанми, 1 миллион!.. Шу пулни ҳозир менинг номимга расмийлаштиряпти. Бир ҳафтада қўлимда бўлади. Шунгача 1000 доллар қарз бериб турсанг, дегандим. Суғурта, етказиб бериш, банк харажатлари учун қонуний вакилим (исм-шарифи Клаудио Маккейн)га жўнатишим керак. Йўқ дема, дўстим. Бир ҳафтада ортиғи билан қайтараман.
Хўп, дедим ва “маърузам”ни бошладим. Нақд бир соат ваъз ўқидим-ов! Содда одамга бир нарсани тушунтириш қийин экан-да. Хуллас, бунақа хат-хабарларга ишониш учун одам овсар бўлиши кераклигини бир амаллаб уқтирдим. Ўзимга келган шунақа хатлардан 5-6 тасини кўрсатдим. Халқаро фирибгарларга алданиб, чув тушиб қолаётганлар ҳақидаги маълумотларни ўқиб бердим. Бунақа фирибгарларнинг минг хил тури борлигини англатишга ҳаракат қилдим.
Тарвузи қўлтиғидан тушган дўстим хомуш бўлиб қолди. Ўйлашимча, мендан 1000 доллар қарз ололмагани учун эмас. 1 миллион доллар орзуси тутундек ҳавога сингиб кетганидан ҳам эмас. Балки ўзининг соддалигидан, менга йўлиқмаганида кўп пулларни хориждаги меросшуносларга қўш-қўллаб тутқазиб қўйиши мумкинлигини ўйлаганидандир.
Ростдан ҳам, интернет фирибгарлари роса кўпайди охирги вақтларда. Ўзимга ҳам гоҳ униси, гоҳ буниси ёзиб туради – бир неча ўн минг доллардан тортиб бир неча миллиард долларгача таклиф қилиб. Одатда бунақа хат-хабарларни эътиборсиз қолдираман ёки “Ҳеч қанақа Алан (Кристофер, Бёрнс, Максимилиан, Роберт, Тодд...) деган қариндошим йўқ, ахмоғингни бошқа жойдан қидир”, дея унинг хабар жўнатиш имкониятини чеклаб қўяман.
Дўстимнинг миллион долларлик машмашасидан кейин, имконият туғилиши билан фирибгарларнинг суҳбатидан бафуржа “баҳраманд” бўлишга қарор қилдим: қани, қаергача боришаркан! Қаергача боришлари аниқ, аслида. Сиз: “майли, меросни жўнат”, дейсиз. Улар “банк харажатлари” учун, дея 100 (баъзилари 1000-10000) доллар сўрашади. Соддалик қилиб улар сўраган пулни юборсангиз, “энди фалон харажатлар учун 200 (2000-20 000) доллар керак бўляпти”, дейишади.
Мени кўп куттирмай, хориждаги “ҳотамтой”ларнинг навбатдаги вакилидан хабар келди. Тушунмаган жиҳатим – бу гал негадир facebook орқали эмас, телеграмимга ёзишди. +44 7385 369858 рақамидан. Буюк Британияга тегишли рақам. Менинг рақамимни қаердан олишди экан бу шоввозлар?! Майли, у билан бир неча кун мобайнида кечган “мароқли” суҳбатимиздан сиз ҳам “баҳраманд” бўлиб туринг, унгача бу саволимга ҳам жавоб топилиб қолар.
“Ассалому алайкум, азизим! Шахсий ҳаётингизга тажовуз қилганим учун узр, менимча, сиз бундай ижобий қадриятларни баҳам кўришга лойиқсиз, умид қиламанки, бунга қарши эмассиз. Сиз билан танишганимдан хурсандман, азизим, бир-биримизни танимасак ҳам, сизга ёзишга ҳаракат қиламан.
Исмим Диан Моҳаммед. Мен Германияданман, лекин марҳум эрим Абу-Даби (Бирлашган Араб Амирликлари)дан ва биз кўп йиллардан бери Лондонда яшаймиз. Исмингиз нима ва қаердансиз? Мен сизни жуда яхши кўраман ва сиз билан очиқ бўлишни хоҳлайман, мен ҳаётни кўрган аёлман. Кўп йиллардан бери ижтимоий даврадаман, лекин мен учун ҳақиқатан ҳам ёш, ранг ёки ирқ муҳим эмас. Бизнинг ҳаётимизда энг муҳими самимийлик ва қалбнинг ҳақиқатидир.
Мен эримдан 2019 йил 13 сентябрда айрилдим. Шу билан бирга, мен узоқ вақтдан бери саратон касаллиги билан курашаман ва шифокоримнинг айтишича, ҳозирги босқич назоратсиз ва яна бир неча ойгина яшашим мумкин. Сиз мен учун қилганингиз каби, мен буни ўзим қилмоқчиман, лекин саратон билан курашим менга имкон бермайди, буни амалга оширишга ёрдам бера оласизми, билмайман. Ўзингиз ҳақингизда ҳам кўпроқ гапириб берсангиз. Нима билан шуғулланасиз, ишдаги мавқеингиз, оилавий аҳволингиз қандай ва ҳозир қаерда яшаяпсиз?”.
Ўҳ-ҳу! Эринмай шунча нарсани ёзибди-я. Унга жавоб ёзмасам, одобдан бўлмас:
“Менинг исмим Фалончи, фамилиям Пистончиев. Ўзбекистонга келинг, меҳмон қиламан. Машғулотим ҳақида гапирадиган бўлсам, болалигимдан буён хўроз уриштириш билан шуғулланаман. Бу касбимдан фахрланаман, азизам”.
Шуларни ёзяпман-у, бошдан-оёқ тўлиқ ёлғон гапириш учун унча кўп маҳорат керак эмас экан, дея ўйладим.
Бир соатларда жавоб қайтди:
“Сиздан яхши жавоб олганимдан жуда хурсандман. Мен бир мунча вақтдан бери сиз ҳақингизда ўйлаяпман ва бугун ибодатларимдан кейин менда шундай кучли туйғу пайдо бўлдики, сиз ҳалол инсонсиз, лекин ҳали ҳам Худодан сиз ҳақингизда кўпроқ маълумот беришини сўрайман, чунки мен сизни хайрия ишлари учун танламоқчиман. Мен сиздан мамлакатингиздаги камбағаллар ва бевалар учун имтиёзлар/ҳаёт имконияти учун хайрия лойиҳасини амалга ошира оласизми, деб сўрамоқчиман.
Эрим ўлимидан олдин Қўшма Штатлар ҳукумати билан 7,6 миллион долларлик шартнома асосида ишлаган. Лекин ўлим менинг банк ҳисобимга пул юборилишидан олдин уни олиб кетди. Эрим ўлимидан олдин хайриячи бўлган. Соғлигим туфайли фарзанд кўра олмадик. Мен ўз шаҳримга (Германия) тўрт миллион доллар юбордим ва дори-дармонларим учун касалхонага 600 000 доллар қўйдим.
Қолган 3 миллион долларни сизга жўнатмоқчиман. Марҳум эримнинг кўрсатмаси бўйича юртингиздаги камбағал ва бева аёлларга беришимга ёрдам берасиз, чунки бу пулни мерос қилиб олиш учун фарзандларимиз йўқ. Илтимос, ушбу лойиҳа билан шуғулланаётганда дини, ирқи, этник келиб чиқишини камситманг, ушбу хайрия таклифига максимал даражада махфийлик билан муносабатда бўлинг”.
Мен зудлик билан жавоб йўлладим:
“О, нақадар хурсанд қилдингиз мени. Мен ҳам хайрия ишларини жуда яхши кўраман. Ўзим ҳам юртимдаги камбағалларга доим эҳсон қилиб тураман. Эрингиздан қолган пулларни ҳам сиз билан биргаликда ана шундай камбағал ва ёрдамга муҳтож оилаларга тақдим этиш менга хурсандчилик бағишлайди. Бу лойиҳа эзгу мақсадларга хизмат қилишини хоҳлайман”.
Суҳбат эртасига, сўнг индин, бир ҳафта давом этди.
Диан Моҳаммед хоним дипломатик агенти орқали менга 3 миллион доллар юборганини, агент бу пулни аввал гўё Туркияга, кейин Самарқандга олиб келди. У билан WhatsApp орқали (рақами +44 7900 746381) гаплашиб турдик. Исми Уилямс экан. Хушмуомалалигини айтмайсизми! Аввал пулларни сейфга солиш жараёни акс этган видео юборди. Кейин ID-карта, пул айнан менга топширилишини тасдиқловчи маълумотнома, самолёт чиптаси ва яна аллақандай ҳужжатлар нусхасини менга жўнатиб турди. Мен эса унга 800 доллар юборишим керак эди. Лекин мен ҳам у ўйлаган даражада содда эмасман. Харажатларим кўпайиб кетганини айтиб, қўлимда бор-йўғи 600 доллар пул борлигини маълум қилдим. Кейин эса 500.
Майли, беш юз бўлса, беш юз-да. Фақат, тезроқ юборинг, деди. Чунки менга 3 миллион долларни топшириб, тезроқ ватанига қайтиши керак экан. Ҳа, уни ҳам тушунса бўлади: пул билан тўлдирилган сейфни божхона терминалида кўтариб юриш, иссиқда қорайганча мени кутиб ўтиришнинг ўзи бўладими!..
Мен қийналиб қолмаслигим учун 500 долларни Марказий банк белгилаган курс бўйича сўмда жўнатишим ҳам мумкинлигини маълум қилди: пластик карта рақами 5614682217153693, “Капиталбанк”га тегишли, Аизҳан Баигашкаeва номига расмийлаштирилган. (Дарвоқе, яқинда кибержиноятларнинг 70 фоизи фош этилмай қолиши, бу турдаги фирибгарларни топиб, жавобгарликка тортишнинг деярли имкони йўқлиги ҳақида ўқигандим. Юқорида пластик карта рақамини айнан келтирганим – тезкор қидирув фаолияти билан шуғулланувчиларга асқотиб қолар, деган мақсадим билан боғлиқ).
Воқеалар ривожига келсак, мен уларнинг пластик картасига ўтказиб беришим лозим бўлган пул – 500 доллар “шахсий харажатларим кўпайиб кетгани боис” аввал 300, кейин 100, ундан кейин эса ноль долларга тушди. Ва... Диан Моҳаммед хоним ҳамда Уилямс жаноблари гўё ҳавога сингиб кетгандек ижтимоий мулоқот тармоқларимдан ғойиб бўлиб қолишди.
Мен-ку, улар сингари фирибгарларга ишониш учун туғма лақма бўлиш лозимлигини яхши тушунаман. Лекин тушунмаганлар қанча! Масалан, яқинда Навоий вилоятида яшовчи шифокор аёл 4 миллион АҚШ доллари илинжида 7500 долларидан айрилиб қолгани ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Тошкентлик аёл эса 3 миллиард доллар “мерос”ни оламан, деб, ҳатто ўз уйини ҳам сотди ва 90 минг доллар пулидан айрилиб, пушаймонлар гирдобида қолди. Бунақалар эса, афсуски, оз эмас. Беихтиёр: “соддалик ҳам эви билан-да”, деб юборасиз.
Тўғри, фуқароларнинг кибермаданиятини шакллантириш осон иш эмас. Лекин қилса бўлади. Керак бўлса, маҳаллаларда, таълим масканларида, меҳнат жамоаларида ҳар куни тарғибот олиб бориш, оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда ҳар куни бонг уриш лозим. Бу ўринда аҳолининг хабардорлик даражаси кўп нарсани ҳал қилади. Дейлик, “Сувнинг таъми муз билан”, “Оналарига укаларидекман”, “Nexia-2 легенда”, “Қўшиқчи аслида кимнинг боласи?”, “Тезкор! Шок хабар! Бу қизнинг нима қилганини кўринг!!!” каби видеоларни томоша қилишдан озроқ вақт ажратиб, киберхавфсизликка оид хабар ва маълумотларни ҳам кузатиб борсак, зарар қилмасди.
Юқорида айтганимдек, фирибгарларнинг тури кўп ва “ишлаш” услублари ҳам хилма-хил. Масалан, мана – янгиси. Илгари фирибгарлар сизнинг пластик картангизга кириб, агар ичида пули бўлса, ундаги пулни ечиб олар эди. Энди картангизда пул бўлмаса, фирибгарлар ўша картангизга кредит расмийлаштириб, тушган кредит пулини ечиб олади. Кредитни эса сиз тўлашга мажбур бўласиз. Даставвал “Сизнинг картангизга киришга уриниш бўляпти, бу сизми?” деб сўрашади. Йўқ, бу мен эмас, деган жавобни эшитгач,“Унда булар фирибгарлар экан, ҳозир сизни Марказий банк билан боғлаймиз”, дейишади. Марказий банк ходимиман, деган одам сизга боғланиб, карта маълумотларини сўрайди, “Сизга ҳозир СМС хабар боради, уни менга айтинг”, дейди. Барча СМСлар олингач, картадан бир пайтнинг ўзида беш-олтита банкка онлайн кредит олишга ариза топширишади, банк берган пулни эса бошқа пластик картага ўтказиб олишади. Навоий вилоятида худди шундай бўлди. Фирибгарлар бир соддадил ҳамюртимизнинг пластик картасидан 8 миллион сўм пулини ечиб олиб, бу ҳам етмагандай, унинг номига 400 миллион сўм кредит олишди. Шундан сўнг бояқиш бунақа зарбаларга дош беролмай, инфаркт бўлиб вафот этди.
Фирибгарлар тузоғига илинган одамларнинг қанчаси хонавайрон бўлгани, қарз ботқоғига ботгани, чорасизликдан ўз жонига қасд қилиш даражасигача боргани ҳақида статистик маълумотлар юритиладими ўзи? “1xBet”, “Mostbet”, “Hamster kombat” сингари бир қарашда жозибадор, аммо якуни аянчли бўлган тутуруқсизликларга бутунлай барҳам беришнинг наҳотки ҳеч иложи бўлмаса?! “Замонавий” казино, букмекерлик ва тотализатор фаолияти билан шуғулланишни мутлақо имконсиз қилиб қўйиш шу қадар қийинми?
Билмадим. Билганим шуки, ҳар қандай таваккалчиликка асосланган қимор ўйинларига мойиллигимиз бўлса, ижтимоий тармоқлар орқали келадиган шубҳали ҳаволаларга қизиқиш билан қарайверсак, “пулимизни икки баравар кўпайтириб берадиган” лўттивозларга ишонишда давом этсак, “миллиард долларли мерос” ишқида ёнсак... бировдан эмас, аввало, ўзимиздан ўпкалаганимиз маъқул...
Шуларни ёзиб ўтирсам, телеграмимга янги хабар келиб қолди:
“Салом. Кунингиз хайрли бўлсин! Менинг исмим Стринг. Швецияданман. Глобал инвестицион компаниянинг вакилиман. Фаолиятимиз асосан резидентларнинг молиявий имкониятларини оширишга қаратилган. Масалан, Сиз бизнинг компанияга 100 доллар сармоя киритсангиз, бир суткадан сўнг Сизга 15 фоиз дивиденд тўланади, яъни пулингизни 115 доллар қилиб қайтариб оласиз. Агар қизиқсангиз, компаниямиз web-saytiга киринг”.
Унга жавоб ёзишга киришдим:
“Салом, Стринг. Сизга ҳам хайрли бўлсин. О, нақадар гўзал бу ўлка – Швеция!..”
Бошимга оғриқ кирди.
Нусрат Бобоев.