Бир йилда вилоятда 3416 та кибержиноят содир этилган

Вилоят ички ишлар бошқармасида бошқарманинг 2024 йилдаги фаолияти сарҳисоби ҳамда келгуси режаларига бағишланган матбуот анжума бўлиб ўтди. Унда бошқарма бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов мавзу юзасидан маълумот берди.

2024 йилда Самарқанд вилоятида 9402 та жиноят содир этилган бўлиб, шунинг 36,3 фоизи ёки 3416 таси ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ҳисобига тўғри келади. Ва бу кўрсаткич ортиб бормоқда.

Мисол учун, бошқармага кибержиноятлар юзасидан 2021 йилда 980 та мурожаат келиб тушган бўлса, 2024 йилда ушбу мазмундаги мурожаатлар сони 4750 тадан ошган. Уларнинг асосий қисми, яъни 40 фоизи Самарқанд шаҳридан. Кейинги ўринларда Каттақўрғон шаҳри, Самарқанд, Ургут ва Паст Дарғом туманлари туради.

— Мурожаатчиларнинг 50 фоизини 17-35 ёшдаги, 30 фоизини 35-45 ёшдаги, 20 фоизини эса 45 ёшдан юқори шахслар ташкил этган, - дейди Раҳмат Маматов. – Таҳлиллар жиноятларнинг 60 фоизи вирусли ва сохта иловалар, 20 фоизи телефон қўнғироқлари орқали, 5 фоизи мерос юборишини айтиб, 15 фоизи эса сохта биржаларга инвестиция киритиш орқали содир этилганлигини кўрсатмоқда. Бунда фуқароларнинг банк карталаридан ечиб олинган пуллар асосан Россия, Украина, Қозоғистон, БАА, Туркия ҳамда Африка давлатлари орқали аввал АҚШ долларига, кейин эса биткоинга айлантириб олинаётгани маълум бўлган. Биз бу жараёнларни тўлиқ ўрганиб, тегишли вазирликларга унинг олдини олиш, аҳоли, хусусан, банк мижозларини кибержиноятлардан ҳимоя қилиш бўйича таклифлар берганмиз. Жойларда тизимли равишда тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Вилоятдаги умумий жиноятлар сони ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 223,4 тани (республикада бу 359,5 та) ташкил этиши маълум қилинди. Республикада бу ижобийлик жиҳатидан 3-ўрин дегани. Эътиборлиси, соҳа мутахассисларининг саъй-ҳаракати билан мазкур жиноятларнинг 93,8 фоизи фош этилиб, қидирувдагиларнинг 769 таси ёки 41,1 фоизи ушланган.

Тадбирда маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Маълумотга кўра, айни дамда вилоятдаги 1126 та маҳалланинг 156 таси “қизил”, 600 таси “сариқ” тоифага киритилган. Улардаги шахслар томонидан содир этилган жиноят турларидан маст ҳолдаги жиноят, ишсизлар ҳамда муқаддам судланганлар жинояти камайган. Бироқ оилавий низолар билан боғлиқ жиноятлар ҳақида бундай деб бўлмайди. Унда аксар жиноятларнинг келиб чиқиши ижтимоий муаммоларга боғлиқлиги, уларни бартараф этишда “маҳалла еттилиги” ва жамоатчилик кўмаги кераклиги айтиб ўтилди.

Анжуманда иштирок этган журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга ҳам жавоб олишди.