Метро қурилишидаги авария юзасидан Ҳукумат комиссияси тузилди. Икки киши қурбон бўлган

Аввал хабар қилинганидек, Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида фавқулодда ҳолат вужудга келган эди.

Айни пайтда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан юзага келган ҳолатни зудлик билан бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига мувофиқ содир бўлган ҳодиса сабабларини ва оқибатларини жойида ўрганиш, зудлик билан бартараф этиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш мақсадида Ҳукумат комиссияси тузилди.

Қидирув ва қутқарув ишлари натижасида тупроқ остидан икки кишининг жасади олиб чиқилди ва уларнинг шахси аниқланди.

1. Ж.Равшанов - 1989 йилда туғилган.

2. Т.Абдуллаев - 1957 йилда туғилган.

Ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ва бартараф қилиш ишлари давом этмоқда, деб хабар берди ФВВ матбуот хизмати.