МИБ Самарқанд шаҳар бўлими 46 та алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари юзасидан оилаларни яраштирди
Оила – муқаддас даргоҳ, унинг ўзи кичик бир жамият. Инсон аввало, оилада шаклланади, тарбия топади ва ниҳоят унда олган тарбияси билан ўз ўрни, мавқеига эга бўлади.
Оилада фарзандни тарбиялаш, унинг комил инсон бўлиб вояга етказиши ота-оналарнинг зиммасида. Бинобарин, асосий Қонунимизнинг 64-моддасида белгиланганидек, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлар ва бу бизнинг азалий қадриятларимиз ҳамдир.
Жамиятимизда айрим оилаларнинг сабабсиз бузилиб кетиши фарзандларнинг тарбияси ва таъминоти эътиборсиз қолмоқда. Бу эса жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлоднинг тарбияланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шундай экан, бузилган оилаларни тиклаш ва унинг фаровон турмуш кечиришини таъминлаш ҳар бир инсон, давлат идоралари, ҳокимликлар
ва маҳаллаларнинг мажбурияти ҳисобланади.
Мазкур эзгу ишлардан бугун Мажбурий ижро бюроси ҳам четда турган эмас. Бюронинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 46 та алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари юзасидан оилалар яраштирилиб, вояга етмаган болаларнинг ота-онаси бағрида улғайишига ва камолга етишига замин яратилди.
Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 12 февралдаги суд буйруғига асосан фуқаро С.Тошпўлатов турмуш ўртоғи У.Раҳматова фойдасига вояга етмаган 1 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлаши лозим бўлиб, фуқаро оиласи билан бирга истиқомат қилмасдан алоҳида яшаб, 2 йил давомида алимент тўлаб келган.
Бюронинг шаҳар бўлими ходимлари саъй-ҳаракати билан мазкур оила яраштирилиб, соғлом ҳаётга қайтарилди.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими.