МИБ ходимлари нега жавобгарликка тортилган?

Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан 2021 йил 11 март куни “zarnews.uz” расмий сайтида берилган “Самарқандда 100 га яқин жиноят ишлари оқибатида бюджет 8 миллиард 688 миллион сўм зарар кўрган” мақоласи юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди.

Мақолада вилоятда 2020 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида 177 нафар мансабдор шахслар турли кўринишдаги коррупциявий жиноятларни содир этганлиги учун жавобгарликка тортилганлиги, жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 20,9 млрд. сўмдан ошиши, шу жумладан бу жиноятларнинг 6 таси Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан содир этилганлиги кўрсатилган.

Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилоят бошқармаси ҳар қандай жамият учун хавфли бўлган коррупциявий ҳолатлар ва мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш каби ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш муҳим чораларни амалга оширмоқда.

Амалга оширилаётган профилактик тадбирлар билан бир қаторда, МИБ вилоят бошқармаси ўз сафида жиноятларга, хусусан тамагирлик ва фирибгарликка қўл уриб, тизим шаънига доғ тушириб келган ходимларга муросасиз чоралар кўриш, уларни тегишли тартибда жавобгарлик масаласини ҳал қилиб бориш доимо диққат марказида бўлиб келмоқда.

2020 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида 1 ҳолат бўйича МИБ ходимига жиноят иши қўзғатилиб, сўнг ЖПКнинг 83-моддаси 2-банди билан ҳаракатдан тугатилган, 2 ҳолат бўйича суд муҳокамаси кутилмоқда, 2 нафар ходим тегишли тартибда жиноий жавобгарликка тортилган. Хусусан, ўтган йилда одам ўлимига сабабчи бўлган йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган Самарқанд тумани бўлими давлат ижрочиси Ф.Каримов, фуқароларнинг ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан уларнинг пул маблағларини ўзлаштирган Булунғур тумани бўлими давлат ижрочиси М.Саидов ҳамда Самарқанд шаҳар бўлими давлат инспектори У.Солиев суд ҳукми билан тегишли жиноий жазога тортилган.

Шу билан бирга, 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даврида МИБ вилоят бошқармаси тизимида ишлаб келаётган ходимлар, шу жумладан мансабдор шахслар томонидан давлат бюджети маблағларини талон-торож қилиш ёки бошқа турдаги коррупция тоифасидаги жиноятлар содир этганлиги қайд қилинмаган.

Шунингдек, мақолада келтирилган қолган ҳолатларнинг коррупцияга оид жиноят содир этганлиги бўйича айби аниқланиб, суд ҳукми билан жазога тортилган ҳолатлар ҳақида ҳам қўшимча маълум қилинади.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси.