Самарқандда 100 га яқин жиноят ишлари оқибатида бюджет 8 миллиард 688 миллион сўм зарар кўрган

177 нафар мансабдорнинг турли кўринишдаги коррупциявий жиноятлари сабаб бюджетга 20,9 миллиард сўмдан кўпроқ моддий зарар етказилган.

Охирги тўрт йилда коррупцияга батамом чек қўйиш бўйича ҳам ҳуқуқий, ҳам ташкилий жиҳатдан кенг кўламли чоралар кўриляпти. Хусусан, ҳуқуқий асосларни яратишга эътибор берилиб, 70 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Бундан ташқари, 2020 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида вилоят прокуратураси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда 420 дан ортиқ учрашув, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлари орқали 115 марта чиқишлар қилинган.

Амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Лекин кўзланган натижаларга ҳали тўлиқ эришилгани йўқ, афсуски, айрим раҳбарларнинг ўз шахсий манфаатини жамият манфаатидан устун қўйиши ислоҳотлар йўлига ғов бўлмоқда.

Негаки, вилоятимизда 2020 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида 177 нафар мансабдор шахслар турли кўринишдаги коррупциявий жиноятларни содир этганлиги учун жавобгарликка тортилди. Бундай жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 20,9 миллиард сўмдан ошади.

Мазкур жиноятларнинг 31 таси соғлиқни сақлаш, 18 таси халқ таълими, 18 таси ички ишлар, 16 таси мактабгача таълим, 9 таси банк, 6 таси олий таълим, 6 таси Мажбурий ижро бюроси, 4 таси солиқ, 1 таси адвокатлар, 62 таси бошқа корхона, ташкилот ходимлари томонидан содир этилган.

Таҳлиллар бюджет пулларини талон - торож қилишнинг турли коррупциявий схемалари кенг илдиз отганлигини кўрсатмоқда. Ўрганиш ва текширишларда аниқланган ҳолатларга кўра, прокуратура органлари томонидан 93 та жиноят ишлари бўйича ўтказилган дастлабки тергов ҳамда текширишларда бюджетга 8 миллиард 688 миллион сўм зарар етказилганлиги аниқланиб, 8 миллиард 510 миллион сўми бюджетга қайтарилиши таъминланган.

Ўткир Маматқулов,

вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи.