МИБ хусусий корхонадан 206 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлигини ундириб берди

Самарқанд вилоят хўжалик судининг қарздор “Шахбоз-92” хусусий корхонасидан ундирувчи Каттақўрғон шаҳар Давлат солиқ инспекцияси фойдасига 206 млн. 807 минг сўм солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон шаҳар бўлими ижро иши юритувига келиб тушган. Ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхалари томонларга юборилган.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор “Шахбоз-92” хусусий корхонасининг банк ҳисоб-рақамларининг чиқим қисмига банд солинган. Бу ҳақда Zarnews.uz сайтига Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон шаҳар бўлими хабар бермоқда.

Қарздор “Шахбоз-92” хусусий корхонасига тегишли бўлган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида мутасадди идораларга сўров хатлари юборилган.

Қарздор “Шахбоз-92” хусусий корхонасига тегишли бўлган Каттақўрғон шаҳар, Э.Миралиев кўчасидаги 26-уйнинг 4-қаватида жойлашган, 3 хонали  хонадон давлат ижрочисининг 2018 йил 7 август кунги қарори билан электрон онлайн-аукцион орқали 156 млн. 463 минг сўмга сотувга чиқарилган.

Шундан сўнг корхонага тегишли кўчмас мулкни сотилишини истамаган қарздор “Шахбоз-92” хусусий корхонаси раҳбари Каттақўрғон шаҳар Давлат солиқ инспекцияси фойдасига солиқ қарздорлигини тўлиқ қоплаб берди.