Микроқарз ва имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган шахслар аниқланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан “Микрокредитбанк” АТБ Самарқанд вилоят минтақавий филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Натижада “Боғишамол” банк хизматлари маркази собиқ бошлиғи А.Т. қариндоши Ф.Х. ва бошқалар билан ўзаро тил бириктириб, микроқарз олиш учун мурожаат қилган фуқаролар номига турли хўжалик юритувчи субъектлардан сохта иш ҳақи маълумотларини расмийлаштириш орқали жами 386,7 млн. сўм микроқарз расмийлаштиришиб, бу пулларни талон-торож қилгани аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Пахтачи туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Б.К.” хусусий корхонаси раҳбари Ф.К. ўғли Х.Б. номига “P.S.” МЧЖ ташкил этиб, тижорат банки филиалидан пайпоқ ишлаб чиқариш ускунаси сотиб олиш мақсадида 232 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни “Б.К.” хусусий корхонасига ўтказиш орқали талон-торож қилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.