Миллат тақдирига дахлдор қонуннинг ишлашига ишонч бағишлаган куч

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кунни ҳалигача кечагидек эслайман. 1989 йилнинг 21 октябрь санаси. Ўшанда биз ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультети талабалари Сирдарё вилоятининг Оқолтин тумани Ворошилов номидаги 10-совхозида пахтада эдик. Аммо ўша куни бизга бутун вилоят раҳбарияти алоҳида эътибор қаратганди. Негаки, талабалар ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилиши масаласининг кўриб чиқилиши ва қабул қилинишини пахта даласида туриб ҳам жиддий ҳимоя қилишга киришган эди.

Ўша куни ҳали собиқ иттифоқ ва коммунистик партия ҳукми кучдалигига қарамасдан, республикаларнинг миллий қудратга эга бўлишига тиш-тирноғи билан қаршиликлар кучайган бир пайтда тарихий қарор қабул қилинди. Зиёлиларнинг қатъий руҳдаги чиқишлари ҳамда республика раҳбариятининг жасорати эвазига тилимиз давлат тили мақомига эга бўлди. Бу истиқлолнинг илк қадами эди. Бу ўзликка қайтиш йўлидаги ўта муҳим одим эди. Бу биз талабаларнинг ҳам байрами, чин маънода ғалабаси эди.

Йиллар ўтиб билдикки, қонун чиқариш билангина иш битмас экан. Қолаверса, ўзбек тилининг узоқ йиллик иккинчи даражалик мавқеи нафақат «юқори»дагиларнинг, балки ўзимиздагиларнинг ҳам анча-мунчасига маъқул бўлиб келгани кимнинг хаёлига келибди, дейсиз.

Майли, ўтган ишлар ўтди-кетди. Бироқ кейинчалик юртимиз мустақил давлат бўлиб, миллий уйғониш заруратга айланган замонда ҳам тилимизга эътиборсиз бўлдик. Ўша тарихий қонунга амал қилмадик. Албатта, эслаб турдик. Шунчаки, номигагина байрам қилиб, мақтаниб юрдик. Зиёлиларимиз 21 октябрь арафасида бир-икки чиқиш билан чекланиб қўя қоладиган бўлишди.

Аслида, мактабларда она тилимизни ўргатиш йил сайин орқага кетди. Олий ўқув юртларини тугатган кадрлар ҳам ўз она тилида ғиж-ғиж хато билан ёзишни ор билмай қўйди. Шаҳару қишлоқларимиз кўчаларидаги ёзувларни кўриб, юзимиз қизармади. Дастлаб ажнабий ёзувларга ҳайратландик. Шундай бўлса, «замонавий» бўлгандек ҳис қилдик, ўзимизни. Бора-бора норасо ёзувларга, имло хатоларига, ажнабий ёзувларга, сўнгра, ҳатто, ажнабий исмларга ҳам эътибор қилмай қўйдик. Биз кўникдик. Кўникиш эса фожиамизга айланаёзди.

Орадан ўттиз йил ўтди. Тарихий ҳужжат қабул қилинганда она алласини эндигина эшитган гўдак навқирон ёшга етди. Ўшанда биз ўйлагандикки, яна 30 йилдан сўнг тилимиз дунёни тутади, деб. Афсуски, бугунгача ҳам она тилимиз мавқеидан хавотирдамиз. Булар бугунгача бўлган ҳолатимизнинг аччиқ чизгилари.

2019 йил 4 октябрь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу хабардан юраклар бир қалқди. Кўнгилда яна умидлар шуълаланди. Хайрият, зиёлилар яна оташ бўлиб ёнди. Кўнгилдаги гаплар юзага чиқди. Матбуотда, телевидение, радио, ижтимоий тармоқларда бўй кўрсатди. Одамлар уйғонди. Ахир тилга эътибор – элга эътибор эди-да! Халқнинг қадди кўтарила бошлади.

2019 йил 21 октябрь. Президентимиз ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда иштирок этди. Она тилимиз ҳақида, унинг истиқболи ҳақида ёниқ маъруза қилди.

Бугун дунёга ўзимизни кўрсата оладиган, кимлигимизни исбот этган, қисқа вақтда бунёд этилган муҳташам Халқаро Конгресс марказида биз муштоқлик билан кутган фикрлар айтилди. Ўзбек тилининг давлат мақомига эришган кун умумхалқ байрами сифатида нишонланадиган бўлди.

Байрам қачон қилинади? Шу кун инсон учун қадрли бўлса, шу кун инсон ҳаётида унутилмас, сира-сира унутиб бўлмас кун бўлса.

Президентимиз 21 октябрь санасини юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгилаш ташаббуси билан чиқди. Буни она тилимиз фидойилари, зиёлилар, бутун халқимиз улкан хушхабар сифатида, беқиёс хурсандчилик билан қарши олди. Бу кун миллат учун унутилмас кун эди. Шундай бўлиб қолажак ҳам.

Ахир тил байрами – эл байрами. Ўзликка қайтилган кун сифатида мангуликка дахлдор. Тилсиз миллат бўлмайди. Бу кунни нишонлаш ўзликни нишонлаш, онани эъзозлаш, авлодлар давомида миллат руҳини сақлашни нишонлаш демакдир.

Муҳими, энди бу кун олдингидек мавсумий ва шунчаки эсга олиб қўйиш билан ўтилмайди. Ҳақиқий байрам бўлади. Яна ҳам муҳими шуки, унга мустаҳкам асослар билан тайёргарлик кўрилади.

Гап шундаки, Президентимиз шундай таклифни ўртага ташлади: она тилимиз мавқеини кўтаришни ўзимиздан, оиламиздан, жамоамиздан бошлайлик. Бу адолатли ва айни вақтда энг тўғри ташаббусдир. Зеро, давраларда она тилимиз истиқболи ҳақида оғзимиз кўпириб гапирсакда, оиламизда, жамоамизда бошқа тилда сўзласак, бундай тил ривожланмайди.

Президентимиз ўз нутқида таълимнинг барча босқичларида она тилимизни ўқитиш савияси, сифатини ошириш, замонавий технологиялар билан мукаммаллаштириш масаласини кун тартибига қўйди. Дилдаги гаплар эди бу. Уни-да барчамиз бир хушхабар ўлароқ дилдан қўлга кўчган қарсаклар билан қабул қилдик. Юрак-юракдан қўллаб-қувватладик. Зотан она алласи билан қонимизга кирган тил таълим билан сайқал топади. Таълим она тилида бўлмас экан, ўзга тил орқали ўзга миллат маданияти ҳам руҳиятга сингиб боради. Она тилида ўйлаган инсон миллат тақдирини ўз тақдири деб билади. Биз кўзлаган мақсад ҳам аслида шу.

Давлатимиз раҳбари кўча ва объектларнинг номланиши хусусий иш эмас, балки миллат маънавияти, унинг бебаҳо бойлиги бўлган тилига бўлган эътиборнинг инъикоси эканини қатъий тарзда таъкидлади.

Президент фармонига биноан Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти, шунингдек, тилимизга янги атамаларнинг кириб келиши билан боғлиқ турли чалкашликларни тартибга солиш бўйича атамалар комиссияси ташкил этилиши ҳақидаги хабар самимий олқишлар билан кутиб олинди.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлган Ўзбекистоннинг яна бир эзгу таклифи – туркий тилли давлатлар ёзувчиларининг энг сара асарларидан ҳар бир тилда юз жилдли асарлар тўпламини нашр этиш борасидаги ғоянинг аъзо давлатлар томонидан бир овоздан қабул қилингани эса қалбларимизда ифтихор ҳиссини янада жўш урдирди.

Байрам тантаналарининг бадиий қисми ҳар бир иштирокчида ўчмас из қолдирарли тайёрлангани билан эътиборли бўлди. Жонли ижро, халқимизнинг асл санъати намуналари саралангани, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева каби миллат ифтихорига айланган шоирларнинг ўз тилларида она Ватан мадҳини юксак чўққиларга олиб чиқилган асарларининг ўқилган тасмалари қўйилганида кўзлар намланди. Мумтоз санъатнинг ҳар уч йўналишидаги ноёб ашулаларнинг дастурдан ўрин олгани эса ҳеч бир зиёли эътиборидан четда қолмади.

Энди биз бундан ўттиз йил илгариги ўша тарихий кунни яхши эслаб юрганимиз каби 2019 йилнинг 21 октябрь санасининг хотирамизда она тилимизга эътибор, истиқлолни мустаҳкамлаган кун сифатида қолиши, шубҳасиз. Фақат у ярим ифтихор, ярим масъулиятли хотира эмас, балки шууримизга ҳар бир инсон ўз миллатининг келажаги учун масъул, ўз она тилининг тақдири учун жавобгар, деган бир оташин ва мукаммал, бутун бир вазифа ва бурчни елкалаган тарихий кун сифатида эсланажак.

Она тилимизнинг баралла жаранглагани – истиқлолимиз янада мустаҳкамлангани барчамизга муборак бўлсин!

Ҳусан ЭРМАТОВ,

журналист.