Миллий рамзлар - ор-номус, шон-шараф

Байроқ давлатнинг белгиси ва рамзларидан бири. Унинг ҳуқуқий асоси - “Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганига 31 йил тўлди. У мамлакатимиз давлат суверенитетининг рамзи бўлиб, ер юзида Ўзбекистон деган давлат борлигини англатади. Байроқ ўзида тарихий, миллий-маданий анъаналаримиз, маънавиятимизни мужассам этади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда, сиёсий жараёнларда, қолаверса, ижтимоий ҳаётда мамлакатимизнинг тимсоли бўлади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафари чоғида, халқаро ташкилотларда, анжуманларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасини тараннум этиб туради.

Чунки у ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини намоён этиб, давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, халқаро ташкилотлар, элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпирайди.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, анжуманларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасини тараннум этиб туради.

Байроқ байрам ва тантаналарда, халқаро миқёсдаги тадбирларда Ватанимиз шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади. Айниқса, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ҳис қиламиз, байроғимиз орқали бизни дунё эътироф этади.

Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Ҳамон бу буюк қаҳрамонлик тилдан тушмайди, ҳанузгача халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлайди. Юрт байроғини босқинчилар қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади. Бу мардлик байроққа, халққа бўлган садоқатни англатади.
“Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонунда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, ушбу юртда турган бошқа шахслар Давлат байроғини ҳурмат қилиши шартлиги қатъий белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203-моддасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган байроқлар ва вимпеллардан жамоат жойларида фойдаланиш, мазмуни давлат ва жамоат тартибига, фуқароларнинг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига зарар етказишга қаратилган плакатлар, эмблемалар ва рамзларни тайёрлаш, тарқатиш ёки тақиб юриш, 203-1-моддасида эса Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга нисбатан тегишли жавобгарликлар белгиланган.

Бобоқул Тошев,
Меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш республика курслари профессори, юридик фанлар доктори.