Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мирумар Асадов Самарқанд ёғоч ўймакорлиги мактабининг ёрқин вакили

Ўзбекистон Қаҳрамони Мирумар Асадов ҳаёт бўлганида бугун 95 ёшни қаршилаган бўларди.

М.Асадов 1927 йил 7 сентябрда Самарқанд шаҳрида туғилган.
1939 йилда шаҳарда миллий ҳунармандчилик мактабининг очилиши унинг келажак тақдирини белгилаб қўйди. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан Самарқандга Москвадан бадиий институт кўчириб ўтказилган. Мирумар Асадовнинг шахсий хотираларига кўра, у москвалик мутахассислардан чизмачилик ва рассомликдан, бухоролик машҳур уста Ширин Муродовдан ёғоч ўймакорлиги бўйича билим ва тажриба олган.

Дастлаб ТОшкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги опера ва балет ҳамда Муқимий номидаги театрлар санъат саройларини ганч ва ёғоч ўймакорлиги, кошин безаклари билан безатилишида иштирок этади.

Мустақиллик йилларида уста тер тўккан биринчи аҳамиятли объект – Бухоро вилоятидаги Баҳовуддин Нақшбандий мақбараси бўлди. Деярли вайрон қилинган ва ўзининг тарихий қиёфасини йўқотган мақбара ҳукуматнинг махсус қарорига мувофиқ таъмирланади. Бугун ушбу мақбара нафақат донғи кетган маънавий марказ, балки шарқ меъморчилигининг бетакрор моҳиятини ўзида жам этган нозик меъморий намунага айланган. Бунда самарқандлик уста Мирумар Асадовнинг ҳам ҳиссаси бор.
Ушбу объектдаги ёрқин ишидан сўнг Мирумар Асадов, деярли барча муҳим қадимий ёдгорликларда хизмат қилиб, уларнинг барчаси ҳукумат назоратида тикланган. Ганч, кошин, тошга ўйиш устаси сифатида унинг иқтидори Имом Бухорий мақбараси, Регистон меъморий мажмуаси, Бибихоним масжиди, Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда мемориал мажмуаси, Ҳазрати Ҳизр масжиди каби объектларда гавдаланган. Мазкур маънавий маданият ва меъморий ёдгорликларни тиклашда ўз ҳиссасини қўшганлиги учун 1996 йилда Мирумар Асадовга юксак унвон - Ўзбекистон Қаҳрамони берилган.

Бугунги кунда Самарқандда М.Асадовнинг юзлаб шогирдлари бор. Улар ёғоч ўймакорлиги бўйича нафақат юртимизда, балки хориж давлатларида ном қозонган.
Мирумар Асадов 2010 йилда вафот этган.