Мирзо Улуғбек тимсолида олимлик сийрати

Мовароуннаҳрни қирқ йил бошқарган ҳукмдор, қомусий билим соҳиби Мирзо Улуғбек камтарин олим бўлган. У ўзининг тўрт китобдан иборат ҳамда 30 йиллик олиб борилган илмий тадқиқотлари самараси бўлган улкан ҳажмдаги «Зижи Кўрагоний» асарининг кириш қисмида шундай дейди: «Юлдузларнинг аҳволидан кузатилган ва имтиҳон билан маълум бўлган жамъики нарсалар ушбу тўрт мақоладан  иборат китобга киритилиб, субут тутилди”.

Олим тўртта китобдан иборат йирик ҳажмдаги асарни тўртта мақола деб таъкидламоқда. Фундаментал илмий тадқиқот бўлган бу асарнинг биринчи китоби йил ҳисоби, кунлар, соатлар, турли халқларда кун бошини аниқлаш одатлари,  қадимги туркларда мучал ҳисоби бўйича вақт ўлчови, Хитой ва Туркистондаги  вақт ўлчови масалалари, халқларнинг машҳур кунлари ва байрамлари ҳақидаги маълумотни ўз ичига олади. “Зиж”нинг иккинчи китоби математика, сферик астрономия, математик география ҳамда илми нужумга бағишланади. Шаҳарларнинг номлари ва географик координаталардан иборат географик  ва тригонометрик жадваллар ҳам шу китобда келтирилган. Асарнинг учинчи китоби астрономиянинг асосий масалаларига бағишланган бўлиб, унда сайёралар ҳаракати ва қўзғалмас юлдузлар хақидаги мулоҳазалар баён этилади. “Зиж” асарининг асосий мағзини ҳам шу китоб ташкил этади, чунки унда сайёралар ҳаракати жадвали ва  юлдузлар катологи Улуғбекнинг расадхонада 30 йиллик  узлуксиз  кузатишлари натижаси бўлиб, улар аниқ математик қоидаларга асослангандир. Асарнинг тўртинчи китоби астрологияга бағишланган. Кўриниб турибдики, бу асар катта амалий аҳамият касб этган фундаментал тадқиқотнинг натижа ва хулосаларидан иборат бўлган. 

“Зиж”нинг  учинчи китобида тригонометрик жадваллар берилган бўлиб, унда синуслар ва тангенслар ўнта  ўнлик хона  аниқликда  берилган. Мутахассислар XV аср учун бу натижа жуда катта  аниқлик деб эътироф этади.

Улуғбекнинг эклиптиканинг экваторга оғмалигини ҳисоблашида ўзидан олдинги барча олимлардан кўра аниқроқ натижага эришган, яъни 23030′17″ни ташкил этган.

Улуғбекнинг астрономия соҳасида олиб борган тадқиқотларининг аниқлик даражаси бугунги компьютер электрон ҳисоблар билан деярли айнанлиги халқаро миқёсда тан олинган. Олиб борилган тадқиқот натижаларидаги шунчалик аниқлик даражасига қарамасдан буюк олим агар хато бўлса, кечирим сўрамоқда: “Агарда  нимарса тузатиш ва яхшилаш ҳаддидан четлашган бўлса, уни афв либосининг этаги бирла ёпсалар ва узр этсалар, аммо коимасалар”. Ваҳоланки, фан тарихида энг кўп мурожаат этилган, шарҳлар битилган асарлардан бири ҳам Мирзо Улуғбекнинг «Зижи»дир.

Такаббурлик, манманлик олим учун салбий хислат саналади. Олимнинг камтарлигини ҳукмдор Мирзо Улуғбек сиймосида кўриш мумкин. Йирик бир давлат ҳукмдори ва айни дамда заҳматкаш тадқиқотчи ва қомусий билим соҳибининг камтарлиги ҳозирги замон олимлари учун намунадир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ибн Синонинг «Тиб қонунлари», Ал-Хоразмийнинг «Ал жабр вал муқобала» асарлари Шарқ ва Ғарб илм-фани ривожида қанчалик аҳамият касб этган бўлса, Мирзо Улуғбекнининг «Зиж»и ҳам астрономия, математика ва тригонометрия фанлари ривожида беш аср мобайнида энг мукаммал назарий ва амалий манба бўлиб хизмат қилди.

Акрам Азизқулов,

СамИСИ доценти.