Миср тамаддуни қачон бошланган?

Миср цивилизацияси тарихи эрамизгача тахминан беш минг йил аввал бошланган деб ҳисоблаш расман қабул қилинган. Аммо кўпчилик манбалар мутлақо бошқа саналарни келтиради.

Уларнинг маълумотларига қараганда, Мисрда бу даврга қадар бошқа цивилизация мавжуд бўлган. Жумладан, қадим тарихчи Геродот ўзининг машхур "Тарих" асарида "Ҳозиргача мисрликлар ва уларнинг коҳинлари менга қадимги ривоятларни тақдим этиб келади", деб ёзади. Уларнинг айтишларича, биринчи Миср подшоси давридан сўнгги Кохин Гефестгача 341 авлод ўтган ва бу вақт ичида шунча олий коҳин ҳамда подшолар бўлган. 300- авлод даври 10 минг йилни ташкил қилади. Бунинг устига яна 41 авлод қўшилиб, 1340 йилни кўрсатади.

Машҳур файласуф ва олим Диоген эса мисрликлар салкам 49 минг йил астрономик кузатувлар олиб борганини қатъий таъкидлайди. Бу эрамизгача 365 йилда дунёга келган Александр Македонскийгача бўлган даврни ташкил қилади. Эрамизнинг VI асрида яшаган юнон файласуфи Симплисий эса янада узоқроқ – 630 минг йил давомида мисрликлар коинотни ўрганганини ёзади.

***

 Можарога сабаб бўлган марка

Ҳиндистонни мустамлакага айлантирган даврида Англия Фил тасвирланган почта маркаси чиқарган. Кўп ўтмай маҳаллий аҳоли бундан норози бўлиб мустамлакачи ҳокимиятга қарши исён кўтарган.

Маълум бўлишича, ўзини моҳир рассом деб билган инглиз зобити суратни чизишда шунчалик нўноқлик қилган эканки, Ҳиндистонда муқаддас саналган Фил суратда чўчқага ўхшаб кетар экан.

Ўзларини ҳақоратланган деб билган маҳаллий аҳоли шу баҳонада мустамлакачиларга қарши қўзғалади. Бундан таҳликага тушган инглиз мустамлакачилари дарҳол муомаладаги маркаларни йиғиб олиб, йўқ қилади. Агар ўша можарога сабаб бўлган тарихий марка нусхаси сақланиб қолганида коллекционерлар уни катта пулга сотиб олган бўларди.

 Т.Шомуродов тайёрлади.