Миссия раҳбари округ сайлов комиссиясида

Бугун Самарқандда бўлиб турган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссияси раҳбари, элчи Урсула Юзефа Гачек ҳамда миссиянинг узоқ муддатли кузатувчилари 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раҳбарлари билан учрашди.

Округ сайлов комиссияси раиси Х.Муҳаммадиев айни пайтда Самарқанд вилоятида муддатидан илгари ўтказилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясининг бориши, округ комиссияси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Урсула Юзефа Гачек хоним участка сайлов комиссиялари аъзоларини танлаш, уларга ҳақ тўлаш, муддатидан олдин овоз бериш жараёнларини ташкил этиш масалалари билан қизиқди.

Шунингдек, учрашувда учкастка сайлов комиссиялари аъзолари учун ташкил этилган ўқувлар, сайлов куни берилган овозларни санаш жараёнлари ва округда овозларни умумлаштиришда хорижий кузатувчиларнинг иштироки масалалари тилга олинди.

Округ сайлов комиссияси раиси мамлакатимизда сайлов жараёнлари миллий ва халқаро сайлов қонунчилиги асосида, овоз беришдан ташқари барча тадбирлар очиқ-ошкора ўтказилишини таъкидлади. Комиссия аъзоларининг бир неча босқичда ўқитилиши, аҳоли ўртасида сайлов қонунчилиги юзасидан мунтазам тарғибот тадбирлари ўтказилиши натижасида қонунбузилиш ҳолатлари деярли учрамаслиги, юзага келиши мумкин бўлган айрим камчиликлар иш жараёнида ҳал қилинишини қайд этди.