Москвада ўзбек олими хотирасига бағишланган анжуман ўтказилди

Россия давлат гуманитар университетида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Сайдулла Мирзаев таваллудининг 95 йиллиги ҳамда олимнинг XX аср ўзбек адабиёти тараққиётига қўшган ҳиссасига бағишланган илмий анжуман ўтказилди.

Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда профессор-ўқитувчилар ва ёш тадқиқотчилар С.Мирзаевнинг педагогик фаолияти, илм-фан ривожи йўлидаги изланишлари ҳақида маъруза қилди.

Таъкидланишича, олимнинг асарлари XIX-XX асрлар бошидан то ҳозирги кунгача бўлган кўплаб тарихий ва адабий материалларни ўз ичига олади. Узоқ йиллар Самарқанд давлат университетида меҳнат қилган профессор юзлаб филолог ва адабиётшунос олимларни тайёрлади. Домла 10 йил мобайнида жамоатчилик асосида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Самарқанд вилояти бўлимини бошқарди.

Анжуманда олимнинг 2010 йилда Москвада “Восточная Литература” нашриётида чоп этилган “XX аср ўзбек адабиёти” («Узбекская литература XX века») монографиясининг янги нашри илмий жамоатчиликка тақдим этилди.

Бу асар ўзбек адабиётининг XX аср ижтимоий-маданий шароити билан боғлиқ ҳолда тадқиқ этилган биринчи ва ҳозиргача рус тилидаги ягона монография ҳисобланади. Китобда ўтган асрда ўзбек адабиёти тараққиётининг умумий йўналишлари билан боғлиқ кўплаб масалалар ёритилган. Бугун россиялик талабалар домланинг ушбу монографияси ёрдамида Ўзбекистондаги турли авлод ёзувчиларининг бадиий ижоди ва эстетикасини ўрганмоқда. Ўзбек ижодкорларининг фалсафий ва бадиий изланишларини таҳлил қилишяпти. Ўзбек адабиётининг миллий характерининг шаклланишига таъсир этувчи омилларни ўрганишаётир.

Шунингдек, профессор С.Мирзаев мазкур монография орқали ўзбек адабиёти тарихи ҳақида умумий маълумот бериш билан бирга, миллий адабиётнинг муҳим намояндалари ижодий портретини ҳам яратади. Муаллифларнинг ўзига хослиги, асарларининг Ўзбекистон маданий меросига таъсирини алоҳида таъкидлайди. Илмий асар XX аср ўзбек адабиётининг мураккаб тузилишини ўрганишга ўзига хос боғлиқлик ва холисона ёндашуви билан илмий аҳамиятга эга.

Илмий асар шарқшунослик, адабиёт тарихи ва қиёсий адабиётни ўрганаётган олимлар, ўқитувчилар ва талабаларга мўлжалланган бўлиб, хорижий мамлакатлар филологлари ва шарқшунослари томонидан қадрланиб келинмоқда.

С.Мирзаевнинг «Узбекская литература XX века» монографияси рус тилидаги нашрлар орасида ўзига хос ўрни, маданиятлараро мулоқот ва Марказий Осиё халқларининг бой маданий меросини тушуниш, англаш имконини яратади.