Мовароуннаҳр (икки дарё оралиғи)да ҳукмронлик қилган давлатлар ҳақида биласизми?
Ҳозирги Ўзбекистон минтақаси қадим замонлардан ҳозиргача кўплаб халқларнинг бошини муштарак тараққиёт жараёнлари атрофида бирлаштириб келган.
Бу ҳудудлар тақдирлари туташ кўплаб халқлар учун илк бешик вазифасини ўтаган. Шу сабабли, тарихга оид хоҳ туркий, хоҳ форсий, хоҳ хитой ёки ҳиндий, юнон, арабий, борингки, ҳар қандай ёзма манбага диққат қилинса, мазмуни ва берган маълумотларига кўра улар Ўзбекистон халқлари ўтмиши ва давлатчилиги учун муштарак бўлиб чиқади. Бунинг туб моҳияти Ўзбекистоннинг муҳим географик минтақада жойлашгани ва қадим замонлардан бошлаб ягона тарихий маданий ҳудуд бўлиб келгани билан изоҳланади. Бугунги Ўзбекистон ҳудудида аҳамонийлар, салавкийлар, Юнон-Бақтрия, кушон, қанғ, хионийлар, эфталийлар ва Турк хоқонлиги давлатлари даврида турли давлат уюшмалари шаклланиб, уларда пойтахт шаҳар, қўшин, солиқ, давлат чегаралари, танга зарби, ҳокимият рамзлари, тил ва ёзув каби миллий давлатчилик асослари мавжуд эди.
Ривожланган ўрта асрлар даврига келиб эса Мовароуннаҳр (арабча – “дарёнинг нариги томони”) атамаси остида манбаларда учрайдиган Ўзбекистон ҳудудлари миллий давлатчиликнинг кейинги даври учун тараққиёт манзили бўлди. VIII асрнинг ўрталарида араблар истилоси натижасида Ислом дини жорий қилинган Мовароуннаҳр IX-XIII асрларда Ғазнавийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Қорахитойлар, Хоразмшоҳлар давлатлари таркибида бўлган. XIV асрга келиб мўғуллар даврида инқирозга учраган хўжалик қайтадан тиклана бошланди. Ўзбекистон ҳудуди бу даврда Амир Темур ва Темурийлар, XVI аср бошидан эса Шайбонийлар салтанати таркибида бўлди. Бу даврда Марказий Осиё минтақасида Иккинчи Ренессанс даври юз бериб, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий жараёнлар ривожланди ва минтақа халқлари миллий давлатчилиги яна бир поғона одимлади.
Миллий давлатчилик тарихига эътибор қаратадиган бўлсак, Турон заминида қуйидаги давлатлар ўз ҳукумронлигини ўрнатган бўлиб, милоддан аввалги VII-VI асрларда Ўзбекистон ҳудудларида сўғдийлар, хоразмликлар, бақтрияликлар, сак ва массагет қабилалари яшаганлар. Сўғдийлар Зарафшон ва Қашқадарё воҳасида, хоразмликлар Хоразмда, бақтрияликлар Сурхон воҳаси ва Шимолий Афғонистон ҳудудларида, саклар Сирдарё бўйлари ва Жанубий Қозоғистон ҳудудларида, массагетлар эса чўллар ва Амударё бўйларида истиқомат қилганлар.
Қадимги Бақтрия давлати. Милоддан аввалги VII асрда Марказий Осиёда ташкил топган давлат. Марғиёна ва Сўғдиёна ҳудудлари ҳам унинг сиёсий ва маданий таъсирида бўлган.
Катта Хоразм давлати. Хоразм ҳудудида ташкил топиб, Хоразмдан ташқарида бўлган ерларни ҳам бирлаштирган. Маркази Кўзалиқир қалъаси эди.
Аҳамонийлар ҳукмронлиги. Турон Милоддан аввалги VI асрда аҳамонийлар томонидан босиб олинади (Минтақада ҳукмронлик қилган машҳур аҳамоний ҳукмдорлар: Кир II – массагет Тўмарис билан, Доро I – сак Широқ билан, Доро III – юнон македонлар билан низолашган).
Юнон-македон ҳукмронлиги. Александр Македонский Милоддан аввалги 330-328 йилларда Туронни истило қилган. Спитамен Макендонскийни икки марта мағлубиятга учратган. Александр вафотидан кейин минтақа Салавкийлар давлати таркибига кирди. Салавкийлар давлатидан эса шарқ ва ғарб маданиятини ўзида акс эттирган Юнон-Бақтрия давлати ажралиб чиқди.
Қадимги Хоразм. Милоддан аввалги IV асрда Хоразм Аҳамонийлар давлатидан ажралиб чиқиб, мустақил давлатга айланди.
Қанғ давлати. Милоддан аввалги III асрдан – милодий III асрга қадар Тошкент воҳасида мавжуд бўлган давлат.
Даван давлати. Милоддан аввалги III асрдан – милодий III асрга қадар Фарғона водийсида мавжуд бўлган давлат.
Кушон давлати. Милодий I-III асрларда мавжуд бўлган қудратли давлат. Асосчиси Кудзула Кадфиз.
Хоразм. Африғийлар давлати. Қанғ давлатидан ажралиб чиққан. Дастлаб унинг пойтахти Тупроққалъа шаҳри эди.
Хионийлар, кидарийлар, эфталийлар. IV-VI асрларда Турон ва унга қўшни ҳудудларда ҳукмронлик қилган сулолалар.
Турк хоқонлиги. 563-567 йилларда Эфталийлар устидан ғалаба қозонган турклар Туронда Араб халифалиги истилоси (VIIIаср)га қадар ҳукмронлик қилган.
Араб халифалиги. VIII-IX аср бошларида ҳукмронлик қилган.
Сомонийлар давлати – халифаликдан ажралган биринчи марказлашган давлат. 865–999 йилларда – Мовароуннаҳр ва Хуросондаги ўрта аср давлати.
Ғазнавийлар давлати. 963-1186 йилларда Хуросондаги ўрта аср давлати.
Қорахонийлар давлати. 992-1212 йилларда Мовароуннаҳр ва унга туташ ҳудудларда ҳукмронлик қилган сулола.
Салжуқийлар давлати. XI аср Мовароуннаҳр ва Хуросондаги ўрта аср давлати. Кейинчалик ҳозирги Туркия ҳудудларини истило қилган.
Хоразмшохлар давлати. 995-1231 йилларда, яъни 1231 йилгача Жалолиддин Мангуберди ҳалокатига қадар ҳукмронлик қилган. Бу давлат мўғуллар истилоси натижасида йўқ қилинган.
Чиғатой улуси. Мовароуннаҳр 1224 йилдан то 1370 йил, яъни Амир Темур ўз давлатини тузгунига қадар Чингизхоннинг Чиғатой исмли ўғлига мулк қилиб берган улус таркибида бўлган.
Амир Темур ва Темурийлар давлати. 1370 йилдан то 1507 йилга қадар мавжуд бўлган қудратли давлат. Пойтахти Самарқанд.
Шайбонийлар давлати. 1501-1601 йиллар, пойтахти дастлаб Самарқанд, сўнгра Бухоро.
Бухоро хонлиги (1756 йилдан амирлик). 1533-1920 йиллар, пойтахти Бухоро.
Хива хонлиги. 1512-1920 йилларда мавжуд бўлган. Пойтахти Хива, кейинчалик ўзгариб турган.
Қўқон хонлиги. 1710-1876 йилларда мавжуд бўлган. Пойтахти Қўқон.
Россия империяси – Туркистон генерел-губернаторлиги 1865-1917 йилгача.
Совет давлати. 1917-1991 йиллар
Ўзбекистон Республикаси. 1991 йилдан мустақил давлат.