Мукаммаллик сари йўл

Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон аҳолисига мурожаатнома билан чиқиши анъанага айланди. Мурожаатномада келгуси йилда мамлакат тараққиётининг энг муҳим, устувор вазифалари, давлатимиз сиёсатининг навбатдаги йўналишлари белгилаб берилмоқда.

Аввалги йиллардаги мурожаатномаларда таъкидланган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар инқилобий ўзгаришларни олиб келди. Охирги олти йил ичида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштириш, судлар мустақиллигига эришиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида кўп ишлар амалга оширилди. Энг муҳими, ҳар сафар навбатдаги  мурожаатномада илгариги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Демак, мукаммаллик аста-секин, босқичма-босқич шаклланади, деган гап айни ҳақиқат. 

Бу йилги мурожаатномада Юртбошимиз суд-ҳуқуқ соҳасига ҳам алоҳида тўхталди. Бугунги кунда ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг ортиқча оворагарчиликка учраётгани, шунингдек ҳамда суд қарорларининг ижро этилмай қолаётганлигига эътироз билдирилди. Фуқароларга давлат ҳисобидан бепул юридик хизмат кўрсатадиган адвокатларни “электрон танлаш” тизими ишга туширилмаганлиги танқид қилинди.

Мана шу эътирозларнинг ўзи соҳада жуда катта ишлар қилиниши лозимлигини кўрсатади. Демак, соҳада ҳали бўшлиқлар бор. Бу эса суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг кейинги босқичига катта вазифаларни қўяди.

Давлатимиз раҳбари қисқа муддат ичида ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган,  одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилишини алоҳида таъкидлаб, бунда энг аввало, фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлишларига барҳам берилиши, вилоят судларининг одил судловни амалга ошириш борасидаги ваколатлари янада кенгайтирилишини баён қилдилар. Бу фикрлар бир-бирини тўлдириб, бирданига муаммо айтилиб, ечими ҳам кўрсатиляпти. Вилоят судлари ваколатларининг кенгайтирилишининг ўзи одамларнинг оворагарчиликларига барҳам беради. 

Тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлаш ҳам инсон ҳуқуқларига дахл қилишдир. Демократик давлатда фуқаронинг ҳуқуқлари эса фақат ва фақат суд орқали чекланиши мумкин. Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг олдинги босқичларида фуқаронинг шахсий дахлсизлиги билан боғлиқ бир қатор ҳолатлар бўйича санкция бериш судларга ўтказилган эди. Эндиликда  Хабеас Корпус институти нормалари кенгайтирилиб, тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколати ҳам прокурордан судга ўтказилиши, шунингдек, бундан кейин мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали амалга оширилиши таъкидланди. Мана шу ҳолатнинг ўзи фуқароларда ўз мулки дахлсизлигига бўлган ишончни шакллантиради. Ана шу ишонч ҳар бир фуқарога, қолаверса маҳаллий тадбиркорга ҳам, хорижликлик инвесторга ҳам катта мотивация беради.

Судларда прокурор ва адвокатнинг тенглиги таъминланиши адолат ўрнатилишининг муҳим шартидир. Бунинг аввало суд ишларида қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантириш, адвокатларнинг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилиши катта аҳамият касб этади. Судда тарафлар тенглиги бўлиши учун прокурор профессионал бўлгани каби адвокат ҳам малакали бўлиши лозим.

Шунингдек, жиноят иши бўйича айбланувчининг ҳимоядан воз кечиши билан боғлиқ ҳар бир ҳолат юзасидан прокурор ва суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим яратилиши,  ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсларни вақтинча ушлаб туриш, жойларда ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилиши инсон ҳуқуқларининг ҳар қандай кўринишдаги бузилишларини олдини олишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинганда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилиниши ҳам адолатни таъминлашга катта ҳисса қўшади.

Мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, инвесторларнинг  қонун ҳимоясига ишончини кучайтириш бугунги куннинг долзарб масаласидир. Чунки инвестор маблағ, технологиялар олиб келади, саноат ривожланади, энг муҳими, янги иш ўринлари яратади.

Мамлакатимизда мулк ва инвестициянинг ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида “Халқаро тижорат суди”ни ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланганлиги таъкидлаб ўтилди. Бу эса албатта хорижий инвесторларни жалб қилишда ўз самарасини беради.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича таъкидлаган ҳар бир йўналишдаги ишларни амалга оширилиши ислоҳотларнинг янада самарали бўлишини таъминлайди. Демак, юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада ишончли ҳимоя қилинади.

Олим Ҳайитов,

Самарқанд вилояти суди раиси.