Мулкдорларнинг қачон коммунал хизматдан кўнгли тўлади?

Бугунги кунда Самарқандда 2 мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар бор. Уларда 225 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳар йили яна ўнлаб шундай уйлар қуриляпти. Бу ўз-ўзидан уйларга сифатли коммунал хизмат кўрсатиш талабини оширади, дегани. Аммо бу талаб қондириляптими? Афсуски, йўқ!

Вилоят Матбуот уйида вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Негматов иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида ана шу муаммо хусусида гап борди.

- Одамлар ишдан чарчаб, уйига келганида, хонадони ёзда салқин, қишда иссиқ бўлса, сув, электр қувватида муаммо бўлмаса, кўча, даҳлизлар озода, томидан чакки ўтмаса, ана шу уларнинг кайфиятини кўтаради, - деди Б.Негматов. - Бизнинг мақсадимиз шу масалаларни жойига қўйиб, катта-кичик муаммолар аҳоли кайфиятини бузмаслигини таъминлашдан иборат. Афсуски, хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатлари бу муаммоли вазиятларда ўзини оқламади. Яъни, уйлардаги электр энергияси, табиий газ тармоқлари, алоқа-коммуникация тизимлари, лифтларга хизмат кўрсатиш, чиқиндиларни ташиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш юмушларини амалга оширишда камчиликлар юзага келди. Шунинг учун улар ўрнида бошқарув сервис компанияларини ташкил этишни бошладик.

“Бошқарув сервис компаниясининг ўзи қандай ташкилот? У кўп қаватли уйларда яшовчиларга сифатли хизмат кўрсата оладими?”, деган саволлар туғилиши табиий. Бошқарув сервис ташкилоти - янги хизмат кўрсатиш шаклларидан бири. У моҳиятан мулкдорлар ширкатининг бир кўриниши бўлса-да, олдига қўйилган мақсад ва вазифалари, иш услуби жиҳатидан эски тизимдан фарқ қилади. Корхона ўзига бириктирилган кўп қаватли уйлардаги умумий мулкни таъмирлаш, соз ҳолатда ишлашини назорат қилиш, уй атрофини ободонлаштириш каби ишларга масъул. Янги тузилган бошқарув ташкилотлари ўз ҳудудидаги уйларни сақлаш, таъмирлаш, ҳудудни ободонлаштириш, лифтлар ва ертўла муҳандислик тармоқларини таъмирлаш хизматини амалга оширади. Шунингдек, 24 соат давомида диспетчерлик хизмати ва тезкор хизматлар орқали юзага келган носозликларни бартараф этиш ва бошқа қўшимча хизматлар кўрсатишда қулайликлар ташкил этилади. 

Матбуот анжуманида шундай хизматларни кўрсатувчи “Нур Шарқ Тесс” МЧЖ бошқарув компанияси ташкил этилганлиги, у 53 та кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолига хизмат кўрсатаётгани, бу синов самара бергани таъкидланди. Айни пайтда эса Самарқанд шаҳрининг Сартепа, Кимёгарлар ва Фарҳод шаҳарчалари, "Микрорайон Б" ҳудуди ва атрофидаги уйларга хизмат кўрсатувчи “Био-тех Сервис” МЧЖ фаолият бошлаш арафасида экан.

Очиғи, бугун кўп қаватли уйларда яшовчилар хонадонида коммунал хизмат бўйича бирор муаммо туғилса, ширкатлардан ечим тополмаётганидан хуноб. Чунки уларда на мутахассис, на керакли асбоб-ускуна бор. Одамлар электр билан боғлиқ муаммо бўлса “электросет”га, сув тармоғида носозлик бўлса “Сувтаъминот”га қўнғироқ қилиб, таъмирлаш ишини бажаришга мажбур. Демак, бошқарув хизмат ташкилотлари ташкил этиш уларнинг бу муаммосини ҳал эта олади. Лекин, қачон?

Бу саволни қўйишимиз бежиз эмас. Бугунги кунда Самарқандда бор-йўғи 2 та шундай ташкилот бор экан, аммо кўп қаватли уйлар 2 мингдан зиёд. Бу уйларда яшовчи одамларга эса коммунал хизматларда тезроқ арзон ва сифатли хизмат керак...

Акрам Ҳайдаров.