Муллакўрпада анжир экилмаган томорқа қолмади
Каттақўрғон тумани аҳолиси учун банк муассасалари томонидан 100 минг туп анжир ва хурмо кўчатлари тарқатилди. Жумладан, туманнинг Муллакўрпа маҳалласидаги аҳоли томорқаларига 2500 туп анжир кўчати ўтқазилди.
Маҳаллада шу пайтга қадар аксарият хонадонларда анжир етиштириларди. Яқинда ушбу хонадонларнинг ҳар бирига 5-10 тадан, шу пайтгача анжир етиштирмаган томорқа эгаларига 50 тупдан кўчат тарқатилди.
- Анжир етиштирадиган қўшниларимга ҳавас қилардим, - дейди шу маҳаллада яшовчи Ойбек Аминов. – Шу йил мен ҳам томорқамга анжир кўчатини ўтқазишни ният қилиб тургандим. “Агробанк” кўмагида маҳалламизга келтирилган кўчатлардан 50 туп олдим. Бу кўчатлар яқин 3-4 йилда яхшигина даромад келтиришига ишонаман. Асосийси, қўшниларим каби биз ҳам оиламиз билан анжир паваришлайдиган бўлдик. Фарзандларим ҳам хурсанд.
Азамат ота Бўронов анжир етиштириб, ҳар йили мўл ҳосил олиб, рўзғорига қўшимча даромад келтираётган тажрибали деҳқонлардан бири. У шу пайтга қадар томорқасидаги 10 сотих майдонда 20 туп анжир дарахтини парваришлаб келарди.
- Эсимни таниганимдан бери анжир етиштириш билан шуғулланаман, десам муболаға бўлмайди, - дейди отахон. – Даромади ҳам яхши. Ҳар бир тупидан ўртача 100 килограмм ҳосил олиш мумкин. Унинг килосини 15-20 минг сўмдан сотамиз. Яқинда маҳалламизга Туркиядан келтирилган анжир ва хурмо кўчатларининг ҳар биридан 5 тупдан олиб, томорқага ўтқаздим. Айтишларича, улар анчагина серҳосил экан. Буни вақт кўрсатади, албатта. Шу йил эккан кўчатларимиз 3 йилдан кейин ҳосилга киради.
Банк ходимлари ташабуси билан тарқатилган кўчатлар томорқаларга ўтқазилгач, Муллакўрпада анжир экилмаган хонадон қолмади. Бу билан ҳудудда “Бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар кўлами янада кенгайди.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Ҳусан ЭЛТОЕВ,
Эъзоза МЕЙЛИЕВА.