“Муомаласи йўқ туҳматкаш ГАИ” видеолавҳа юзасидан текшириш олиб борилмоқда

Жорий йилнинг 2 март куни айрим ижтимоий тармоқларда “Муомаласи йўқ туҳматкаш ГАИ” сарлавҳаси остидаги видео лавҳа ижтимоий тармоқларда тарқатилди.

Жорий йилнинг 29 февраль куни соат 17:45 ларда М39 автомобиль йўлининг Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳридан ўтувчи 1081 километрида белгиланган тақсимот асосида хизматга бириктирилган Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори М.Қўрғонов хизмати давомида “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 9 ҳамда 98-бандларини бузиб ҳаракатланиб келган “Нексия” русумли транспорт воситаси ҳайдовчисини ўрнатилган тартибда тўхтатган.

ЙПХ инспектори ҳайдовчига ўзини таништириб, тегишли меъёрий ҳужжатларини тақдим қилишини сўраган. Ҳайдовчи инспектордан дислокация кўчирмаси, кўкрак нишон белгисининг рақами ва хизмат гувоҳномасини кўрсатишини сўраган. ЙПХ инспектори ҳайдовчига кўкрак нишон белгиси рақами ва хизмат гувоҳномасини кўрсатган. Ҳайдовчи қандай қоидабузарлик қилганлигини сўраган вақтида инспектор “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 9 ва 98-бандларида келтирилиб ўтилган талабларни бузганлигини тушунтирган.

Мазкур ҳолат ҳайдовчи томонидан видео тасвирга олинган бўлиб, интернет ижтимоий тармоқларига тарқатилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирги вақтда ушбу видео лавҳада тасвирланган ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.