«Муқаддас аёл» - байрамга айланган саёҳат
Кеча кун давомида гоҳ тиниб, гоҳ авжига олиб ёққан ёмғирдан сўнг бугун чарақлаб чиққан қуёш худди «Муқаддас аёл» шиори остида вилоятнинг бир гуруҳ хотин-қизлари учун ташкил этилган саёҳат иштирокчиларини кулиб қарши олгандай.
Вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидаги ташкилотларда фаолият кўрсатаётган, турли соҳаларда муваффақиятга эришган 700 нафарга яқин хотин-қизлар бугун тонгданоқ Самарқанд шаҳридаги зиёратгоҳлар, тарихий мажмуаларни зиёрат қилишди. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан ташкил этилган саёҳат иштирокчилари билан суҳбатлашар эканмиз, барчасининг чеҳрасида байрамона кайфият уфуриб турибди.
- Менинг қизим шу йил республика миқёсидаги мусобақада «Шахмат маликаси» номига сазовор бўлди, - дейди Каттақўрғон туманидаги 51-умумтаълим мактаби раҳбари Феруза Мўминова ўқувчилари ҳақида гапираркан.
Шунингдек, «Йилнинг энг ижодкор аёли» танловида ўрин эгаллаган каттақўрғонлик Азиза Боймуродова, яқиндагина «Ўз касбининг моҳир эгаси» танловининг республика босқичида биринчиликни қўлга киритган иштихонлик муаллима Феруз Тоғаева ва бошқа ўқитувчилар саёҳат давомида ижоддан баҳслашишди, тажрибаларини ўртоқлашишди, ютуқларини эътироф этишди. Самарқанд шаҳридаги ўзгаришларни айтиб, шаҳарнинг чирой очиб бораётганидан завқланишди.
- Тўққиз йилдан бери Пахтачи туманидаги ободонлаштириш бўлимида фаолият кўрсатаман, - дейди Замира Аллаева. – Касаба уюшмаси томонидан доимий эътиборни ҳис қилиб келганман. Оддий ишда ишласам-да, аммо менга ҳавас қилгувчи аёллар жуда кўп, тўғрисини айтсам. Бугунги саёҳат ҳам байрамга жуда чиройли туҳфа бўлди.
Саёҳатдан сўнг хотин-қизлар учун байрам дастури ҳам ташкиллаштирилди.
Шунингдек, бугун вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан самарқандлик бир гуруҳ хотин-қизларнинг Тошкент шаҳрига саёҳати ҳам уюштирилди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.