Муқаддас қасрга дарз кетмасин
Ёшлигимиздан ота-онамиз, бобо-бувиларимиз “Оила - муқаддас, унга хиёнат қилиб бўлмайди, битта оила бузилса, арши-аъло титрайди”, деган фикрларни онгимизга сингдирарди.
Ҳозирги кунда афсуски, бу нақлга амал қилмайдиган айрим ёшлар орамизда йўқ эмас. Бунга мисол, яқинда севишиб турмуш қурган оила, бугун ажрашиш учун судга ариза беряпти. Сабаб нима? Нега севишиб турмуш қурган ёшлар бир ой яшамасдан ажрашмоқда? Нима учун ота-она индамасдан қараб турибди?
Асосий сабаб шундаки, биз инсон эркин ва фаровон ҳаёт кечираётган мамлакатда яшаяпмиз. Катта ҳаётга қадам қўйишдан олдин биз, ёшлар аввало, билим олишимиз, ҳунар эгаллашимиз, келажакда оила қурганда унинг машаққатларини бемалол енгиб ўта оладиган бўлишимиз керак. Кўпгина тенгдошларимиз буни унутиб қўйишяпти. Ота-она уларни оила қурганда ҳам боқиши, кийинтириши, машина олиб бериши, чўнтагига пул солиб қўйиши зарурдек.
Яна бир сабаби, эрта турмуш қуриш ва ота-онанинг бепарволиги назаримда. Ҳали эндигина 18 ёшга тўлган ёшларнинг никоҳ қуриши мамлакатимизда ажралаётган оилаларнинг сонини оширмоқда. Ўн саккиз ёшга тўлган барча йигит-қизлар ҳали хаёлий оламда сайр этиб, оила нима, турмуш нима англаб етолганича йўқ. Бунинг учун биринчи навбатда, ўсиб келаётган ёш авлодга оиланинг муқаддаслиги, ҳатто ўзининг манфаатларидан-да устунлиги, бир умр оила учун яшаб, фарзандлар ва ота-онанинг суянчиғи бўлишни онгу-шуурига қуйиб бориши лозим, деб ўйлайман.
Шаҳзод ТОҒАЙМУРОДОВ,
СамДУ ижтимоий иш йўналиши талабаси.