Мутолаа: Фаридам менинг...

“Фарида!..
Бўғзимдан фарёд бўлиб отилар бор аламим, армоним, изтиробим... Кучим йўқ, оёқ-қўлларим шол, тишларим орасида бир парча эт сўзламоққа куч топмас, нуқул титрар баданим. Аслида, кучим етарли эди, куч тополмадиммас, ҳад тополмадим...
Фарида, кечир мени!
Бугун ота ҳовлимизга бориб, остонада туриб-туриб қайтиб келдим. Киришга юрагим бетламади. Эшигимиз ёнида Элбек турган экан. Юзи ҳорғин, сочлари паришон. Унинг бундай мажнуннамо қиёфасини кўриб, юрак-бағрим эзилди. Отамниям, икки туташ қалбни айирган тақдирниям ёмон кўриб кетдим. Аммо бу нафратимнинг сенга қилча бўлсин нафи йўқ, биламан.
Тўйинг куни остонадан чиқиб кетар маҳалинг елкамга бошингни қўйиб йиғлаганингда, олов бўлиб ёнаётган пешонангни пешонамга қўйиб, “Опажон” деганингда, бағримдан узилган бир парчанинг ўрни ҳамон битган эмас. Ҳалиям қон силқиб турган ярадай азоб беради. Ўша кунги қиёфанг тушларимни-да эгаллаб олган. Сўлиган чеҳранг, қизарган кўзларинг, ичида олов ёнаётгандай иссиқ пешонанг – ҳамма-ҳаммаси...
Ўшанда сенга ҳеч нима деёлмадим. Нуқул “Онам ўрнида онам - опам”, деб юрганинг ношуд опанг сенга ҳеч қанақа ёрдам беролмади. Энди бу армон ичимга кириб олган мов мушукдай қалбимни тирнагани-тирнаган. Куну туннинг қандай ўтаётганини илғамас даражага келдим.
Фарида, балки таниш-нотанишдан эшитгандирсан, лекин ҳартугул бор ҳақиқатни ўзимдан билганинг дуруст. Ноиб ваъдасида туриб, тўйларингнинг кейинги ҳафтаси одам юборган экан. Аравада келиб, отам билан Фотиҳни олиб кетди. Московдаги энг кучли дўхтир-табибларга қаратибди. Қирқ кун деганда Фотиҳнинг ўзи ўз оёғида юриб келди. Укагинамизнинг дарди ариганини кўриб, севинганимдан қай аҳволга тушганимни билсанг эди... Балки Фотиҳни кўрсанг, оз бўлса ҳам кўнглинг таскин олар деб уни эртасигаёқ ноибникига юборишни дилимга тугиб қўйдим, бироқ Фотиҳ сенинг тўйинг бўлганини ҳали билмас экан. Укагинам эшикдан кирар-кирмас, сени сўради. Унинг саволига жавоб бериш ўрнига жим отамга қарайман. Отам Фотиҳни уй томон бошларкан: “Ҳали йўлда айтмаганмидим, опангни турмушга бердик-ку. Сен унда беҳуш ётгандинг. Москов сафаримиздан сал аввал эди. Хайрли ишни кечиктирмадик-да, ўғлим”, деди ғўлдираб.
Бу гапни эшитиб Фотиҳ севинди, эртагаёқ қўлингдан чой ичишга бормоқни мўлжаллаб қўйди. Бечора укам, сени унашиб қўйган хонадонгамас, етти ухлаб тушига кирмаган баттол ноибга узатганимизни қаёқдан билсин... Ҳақиқатни билганда эса, аввалига девор бўлиб, отамнинг олдиндан тайёрлаб қўйилган изоҳу шарҳларини эшитди. Негадир унинг тўс-тўполон кўтаришини, отамга аччиқ-тизиқ гапларини тўкиб сочишини кутган эдим. Йўқ, ундай бўлмади, индамай ичкари уйга кириб кетди. Шундан эртасигаям, индинигаям чиқмади. Отам эски дарди қўзғалиб қолмасин деб мендан нуқул унга овқат едиришимни талаб қилар, ўзи Фотиҳнинг кўзига кўринишга юраги дов бермасди. Укам эса олиб кирган ошу нонимга қўл теккизмай қайтарар, ўйчан кўзларини деворга тикиб, ерга бағрини берганча жим ётарди.
Учинчи кун ҳам шу аҳвол такрорланди. Қўл урилмаган товоқни кўриб, йиғлаб-сиқтаб, дардимни ёрдим. Фотиҳ нима учун бу нобоп ишга жим қараб турганимни сўради. Нима дердим, Фарида, Фотиҳ ҳам, сен ҳам иккала бармоғимдай эдинглар. Қайси бирини тишласам ҳам оғрирди. Бу вазиятда битта бармоқни шарт кесгандан кўра, ўсал бўлса ҳам иккиси яшаб қолгани дуруст эди. Фотиҳга шу гапни айтганимда истеҳзо билан кулди:
- Фаридани отам тенги одамнинг никоҳига бериш ўша ўсал бармоқни кесиш бўлмай нима?
- Ахир ўртада сенинг ҳаётинг турарди. Ноиб ёрдам бермаганда сени энг кучли дўхтирларга қаратишга бизнинг қурбимиз етармиди?!
- Ўлганим яхши эди, опа, эшитяпсанми?! Ўз опамнинг бахти эвазига яшаб қолгандан кўра, ўлганим минг марта афзал эди...
- Ундай дема, Фотиҳжон, жон укам, гапингни қайтиб ол...
Йўқ, ўшанда Фотиҳ қатъий қарор қилиб бўлган экан. Эртасига хуфтонда эшик тарақлаб очилиб, отам Фотиҳни қўлларида даст кўтариб кириб келганида аввалига ҳеч нарсани тушунмаган эдим. Зум ўтмай унинг бўйнига илондай чирмашган йўғон арқонни кўриб, бор дунёим остин-устун бўлиб кетди. Хайрият, отам вақтида хабар топибди...
Фотиҳ уч кун ётди, тўртинчи куни ўзига келди. Бўлиб ўтган воқеаларни эсламасликка аҳд қилгандай, биз билан очилиб гаплашди. Негадир сени, сенга боғлиқ нарсаларни тилга олмасди. Отам билан Фотиҳ чиндан қилиб қўйган хатосини англаганига ишонч ҳосил қила бошлаган эдик ҳамки, бу “жимлик”нинг сабаби маълум бўлди. У икки энликкина хат қолдириб, уйдан бош олиб чиқиб кетибди. Қаерга, нима учун кетганини ҳам ёзмаган. Фақатгина “хайр-маъзуру, хуш қолинг”.
Укамни шундан бери кўрганимиз йўқ. Кенг ҳовлида отамнинг бир ўзи қолган. Хабар олгани ҳар куни бориб тураман, мен билан деярли гаплашмайди. Баъзида эшигимиз ёнида Элбекни кўриб қоламан. Жим ўй сурганча ҳовлимизга тикилиб турган бўлади, гўё ичидан сен чиқиб келадигандай икки кўзи ичкари эшикда. Тўғриси, унинг юзига қаролмайман. Қандай қарай, ахир?! Лафзида турмаган, йигитлик туйғуларини оёқости қилган биз гумроҳларнинг унга қараш тугул юзма-юз келишга ҳаққимиз йўқ. Шундай бўлса ҳам у мени кўриши билан олдимга келади. Кутганимдай йўлимни тўсиб, менга таъна қилмайди, аксинча, лаблари титраб, икки жумла гапира олади, холос: “Фарида... Фарида яхши эканми?”
Жон синглим, сени эндигина осмонни тўлдириб парвоз қилишни ўрганган полапонлигингдаёқ уриб туширдилар, қанотларингни қайирдилар, умрбод қафасга маҳкум этдилар. Сен шу қисматга лойиқ эдингми?! Шундай чиройли севгинг, орзуларинг тўла қалбинг бор эди... Энди-чи, улар ҳамон тирикми, ҳамон яшаяптими юрагингда?! Ишонаман, сен шу митти қалбингга сабрни ҳам, иродани ҳам сиғдира оласан. Эсингдами, Элбекнинг одамлари уйимиздан розилик олиб кетган куни, тунда ухламай гаплашиб чиққанимизда “Нақадар бахтлиман-а, опа. Тақдиримга мингдан-минг раҳмат”, дегандинг. Ўшанда кўзларингда уят аралаш порлаган қувончни кўриб, қалбингни тўлдирган ўзингдай пок, ширин орзуларингнинг ширин тафти менинг-да кўнглимга кўчган, онамнинг “Синглингга ўзинг оналик қил”, деган васиятини адо этолганимдан чин дилимдан фахрлангандим...
Жон синглим, бошингга тушгани – синов, фақат синов. Ёлвораман, қисматим экан деб зарбаларга тоб бериб қўйма. Сен кучлисан, Фаридам!
Аддойи опанг Робия”.
*1292 ҳижрий, 2 жумодус соний ойида ёзилди. Хат кеч етиб борса, айбситмайсан. Шу кунларда юрт тинчмас. Худоёрхон Тошкентга қочиб кетибди, Пўлатбек унинг ўрнига хон бўлармиш деган гаплар юрибди.
Робия саҳармардонда Андижонга жўнаб кетаётган лоғонлик бўзчи жиянидан хат бериб юбормоқчи бўлиб, гузарга чиққанида одамлар орасида тарқалган совуқ хабар илондай ўрмалаб, бутун қишлоқни кезиб юрарди.
“Пўлатбекнинг одамлари Ноиб хўжанинг уйини босиб, ўзини отиб кетишганмиш. Тушганига эндигина икки ой бўлган ноибнинг кенжа хотини аламга чидолмай, ўзини осиб қўйибди”.
Воқеани кўргандай гапириб юрган айрим оғизлар эса бунга пойма-пой қўшимча қилишарди: “Ноибникига тушган исёнчиларнинг орасида келинчакнинг севганими, укасими бўлганмиш. Ноиб уни отган экан...”.
Ирода Бекмуродова,
Нуробод тумани.