Мутолаа: Нима бўлади? Фантастик ҳикоя. Фредерик Браун
- Жаноблар, қаршингизда биринчи ва ягона вақт машинаси, - дея эълон қилди профессор Жонсон икки ҳамкасбига. - Бу ишлайдиган модель холос, лекин у ҳам оғирлиги уч фунт беш унция бўлган нарсаларни ўн икки дақиқага ўтмишга ёки келажакка кўчиришга қодир.
Машина чиндан ҳам камтарона кўринарди, у платформа ва иккита катта циферблатдан иборат эди.
Профессор қўлига катта металл кубни олди.
- Биз бир фунт ва унциянинг учдан икки қисми оғирликдаги бу мисдан қилинган куб билан тажриба ўтказдик, - деди у. - Ҳозир мен уни келажакка, беш дақиқа олдинга юбораман.
У циферблатлардан бирини устига эгилиб, милларни ҳаракатга келтирди.
- Илтимос, вақтга эътибор беринг.
Ҳамкасблар бир вақтда соатларига назар ташлашди. Профессор Жонсон эҳтиёткорлик билан кубни платформага жойлади ва у шу заҳотиёқ ғойиб бўлди.
Куб сониясигача роппа-роса беш дақиқадан сўнг олдинги жойида пайдо бўлди.
Профессор кубни оҳиста қўлига олди.
- Энди мен уни беш дақиқа ўтмишга жўнатаман, - У бошқа циферблатдаги ўтказгични ҳаракатга келтириб соатига қаради. – Ҳозир учгача олти дақиқа бор. Мен машинани роппа-роса соат учга созлаб қўйдим. Демак, бештакам учда куб менинг қўлимдан ғойиб бўлади ва мен уни у ерга қўйишимдан беш дақиқа олдин платформада пайдо бўлади.
- Қандай қилиб бу ҳолатда уни у ерга қўйишингизга ақлим етмаяпти, - деди меҳмонлардан бири.
- Қўлимни платформага яқинлаштирганим билан куб йўқолади ва уни жойлаштиришим учун пайдо бўлади. Қаранг!
Ҳақиқатан ҳам, куб унинг кафтидан ғойиб бўлди ва вақт машинаси платформасида пайдо бўлди.
- Кўрдингизми? Уни платформага қўйишим кераклигидан беш дақиқа олдин у аллақачон шу ерда.
Иккинчи ҳамкасби пешонасини буриштириб, ўйланиб қолди.
- Мабодо, сиз ҳозир платформада турган кубни жойига қўйиш фикридан қайтсангиз, қўйишдан беш дақиқа олдин, унда нима бўлади. Парадокс ҳосил бўлармикан?
- Қизиқ... – деди профессор Жонсон. – Мен ҳақиқатан ҳам бундай ҳолат тўғрисида ўйлаб кўрмаганман. Келинг уриниб кўрамиз. Демак, мен...
Парадокс ҳосил бўлмади. Мис куби жойида қолди.
Аммо профессор, унинг ҳамкасблари ғойиб бўлди...
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.