Мутолаа. Қазишяпти. (Ҳикоя)
Сакё Комацу
- Дада, нимага бу ерни қазишяпти? – сўради болакай.
- Эҳтимол, янги метро линияси қуришаётгандир, - жавоб берди ота.
...Чанг босган чорраҳа. Кулранг асфальт. Автоуловларнинг узлуксиз оқими. Осмон ранги тутун ва чангдан кир-қизғиш рангга бўялган. Тўхтовсиз шовқиндан қулоқлар оғрийди: ғилдиракларнинг шитирлаши, тормозларнинг ғичирлаши, сон-саноқсиз оёқларнинг дукурлаши, чиғирларнинг чийиллаши, буғ болғаларининг зарбаси. Бир бино қуриляпти, иккинчиси бузиляпти. Катта шаҳарнинг кундалик ҳаёти...
Айнан ана шу кундаликлик уни ҳайратга солди. Ҳа, у буларнинг барчасини кўрган, юзлаб, минглаб марта кўрган. Ўшанда, йигирма йилдан кўпроқ вақт олдин ҳам, у ўзининг ўғли каби кичкина болакай эди...
Худди шу чорраҳа. У кичкинагина болакай, отаси билан шу жойда турарди. Отаси эса тахминан унинг ҳозирги ёшида. У сўраяпти:
- Ота, нимага бу ерни қазишяпти?..
У саросимага тушиб атрофга назар ташлади. Чиғир чийиллайди, Самосвал орқага ҳайдалиб кузовини бўшатди. Жуда ғалати... қазишяпти... Йигирма йил аввалги жойда ҳозир ҳам қазишяпти. Бу ерда нима қурилади экан? Қачон тугатишади?
Баъзида ўз юмушлари билан банд бўлиб, атрофга заррача ҳам эътибор бермай қўйган шаҳар яшовчиси бирдан ўзида қизиқиш уйғотади: булар ўзи нима қилишяпти? Нега? Аслида нима бўлаётганинг унга ҳеч қандай алоқаси йўқ, лекин барибир қизиқ.
“Қизиқ, бу ерда нима қилишяпти экан, - деб ўйлади у... - Аниқлаш керак”.
У газетада ишлайдиган таниши орқали суриштирмоқчи бўлди. Газетачи уни “Шаҳар хўжалиги” бўлимидаги масъул ходим билан учраштирди, лекин у бу бўлимга яқинда бошқа бўлимдан ўтганлигини ва ҳеч нарсадан хабари йўқлиги айтди.
- Менимча, у ерда метро қуриляпти, - деди газета ходимларидан бири.
- Йўқ, у ерда ер ости йўлаги бўлади, - эътироз билдирди бошқаси.
- Яхшиси, - деди газетачи таниши, - тўғридан-тўғри муниципалитетнинг лойиҳалаш бўлимига борганинг маъқул, улар аниқ билишади.
У шаҳар ҳокимлигига келди. Лойиҳалаш бўлимининг ёш ходими қалин папкаларни варақлай бошлади.
- Шаҳарда улкан қурилиш ишлари олиб бориляпти. Сизни қайси объект қизиқтираётганини тушунмай турибман. Ҳа... тўртинчи бўлим. Метро дейсизми? Йўқ, бу ерда метро анча вақт олдин қурилган, хабарингиз бўлса керак.
- Ҳа, лекин нега у ерда доим қазишади?
- Балки ер ости йўлагидир... – амалдор яна бир папкани очди. Айтганча, у ерда ер ости йўлаги қуриш лойиҳалаштирилмаган. Эҳтимол, водопровод, канализация ёки шунга ўхшаш бирон нима ўрнатишаётгандир. Яхшиси, сув таъминоти бўлимига мурожаат қила қолинг.
Сув таъминоти идорасида қазиш ишларига уларнинг алоқаси йўқлигини айтишди. Қурилиш бўлимида аниқлаш тавсия этилди. Ўша ерда иқрор бўлишди – ҳа қазяпмиз, иш лойиҳаси ва сметани олдик, шунинг учун қазяпмиз. У ерда нима бўлишини айтиш қийин... Шаҳар катталигига қаранг, умуман олганда, бир қанча қурилиш лойиҳалари бор, баъзида қайси бири қайси бири билан боғлиқлигини фаҳмлаб олиш қийин...
У телефон станциясига борди. У ердагилар уларнинг зиммасига фақат кабель ётқизиш киришини, бошқа ер-қазиш ишлари эса ҳокимлик томонидан амалга оширилишини айтишди.
Мэрияда тўртинчи бўлимдаги ишлар ер ости коммуникацияларидан бирида лойиҳа асосида иш бошлангани эслатишди.
- Йигирма йилдан ортиқ қазишади, дейсизми? – ҳайрон бўлди мажлис котиби. – Бўлиши мумкин эмас! Барча қурилиш лойиҳалари муддатида якунланади. Сизни қизиқтираётган ҳудудда жуда кўп қурилишлар бўляпти. Бир қурилиш тугамасдан, иккинчиси бошланади. Шу сабабли кўпинча бир жойда қайта-қайта қазишга тўғри келади.
- Қандай қилиб – ғўлдиради у. – Бу масъулиятсизлик... Сиз... ҳеч бўлмаганда бу ишлар қачон тугатишини айта оласизми?
- Қачон тугашини? Бу қайси ишни назарда тутаёганингизга боғлиқ. Масалан, янги метро линияси аллақачон қуриб битқазилган. Бу ҳудудда бир неча йилдан сўнг ер ости йўлаги қуришни бошлаймиз, тугаллангач бош режага мувофиқ канализация ишларини бошлаб юборамиз. Табиийки, канализация тизимини ётқизиш ер ости коммуникацияларини кенг қамровли қайта жиҳозлашга олиб келади. Албатта, биз ишларни тезроқ якунлаш учун астойдил ҳаракат қилаётганимизни тушунарсиз.
- Яхшиси, - деди котиб бурчакдаги ўриндиқда мудраб ўтирган чолга ишора қилиб, - бу жаноб билан гаплашишга уриниб кўринг. Бу киши умр бўйи шу тизимда ишлаган, нафақага чиққанидан сўнг архивимизни ўрганяпти. Шу киши билса керак.
У чол яқинига борди. Чол уйқусираб мовий кўзларини унга қаратди. У саволини берди.
- Оҳ, - деди чол ва қаёқдаги бўшлиқда тикилиб қолди. – Хўш, хўш... Хўш, савол жуда ўринли. Ўринли савол. Фақат ҳозир бунга жавоб беришнинг иложи йўқ. Жавоб бера олмайман! Шаҳар улкан ва эътиборингиз учун у жонли. У ўз маромида яшаяпти ва айниқса “шаҳар танасидаги модда алмашинуви” тушунчаси модага киргандан буён шиддат билан яшаяпти.
- Узр, буни қандай тушунсам бўлади?
- Жуда оддий, яхши йигит. Шаҳар аҳолиси кўпаяяптими? Ўсиб бораяпти. Бу коммунал қурилишни кенгайтириш кераклигини англатяптими? Шундай. Ана, шунақа! Биз кенгайтиряпмиз. Ҳаммасини бирдан қуриб бўлмайди – аста-секинлик, енгиллик билан. Тўсатдан астойдил хизмат қилган баъзи эски алоқа йўллари яроқсиз ҳолга келиб қолади. Бундай азамат шаҳарда ҳамма нарса бир-бирига боғланган. Нима деб ўйлайсиз, ўзаро боғлиқми ёки йўқми? Ҳамма гап шунда. Бирон нарса бузилса, янги лойиҳаларнинг бирига ўзгартириш киритилади. Лойиҳалар эса ипдаги мунчоқчалар каби: бири ўзгартирилдими, бошқаларини ҳам алмаштириш керак. Ўзгаришлар албатта қурилишларга ўз таъсирини кўрсатади. Муддати ўзгаради, чўзилади... Бир қарасангиз ҳали бир томондан бошлаймиз, ҳали иккинчисидан, қарабсизки, охири бошланишига айланади-қолади...
- Ахир бу ғирт бамазагарчилик-ку, – баланд овозда гапириб юборди у. – Бундан чиқди, чап қўл ўнг қўл нима қилаётганини билмас экан-да! Йигирма йилдан бери қазийсизлар, ковлайсизлар, шу вақт ичида шаҳар аҳолисининг турмуш шароити оз бўлса ҳам ўзгармади-ку, ахир.
Чол унга диққат билан қаради ва бирдан тишсиз оғзини катта очиб кулиб юборди.
- Кечирасиз, жаноб, сизнинг исмингиз... мен сизни эсладим! Эсладим, қаранг-а, қандай ажойиб ўхшашлик! Умримда отасига бунчалик ўхшайдиган ўғилни учратмаганман. Ҳа... Хуллас, йигирма йилдан кўпроқ вақт олдин, мен ҳали шаҳар ҳокимлиги йиғилиш котиби бўлиб ишлаганимда, отангиз бу ерга келган эди. У ҳам худди сиз каби – бу чорраҳада нимани қазишяпти, деб сўраган эди.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.