Мутолаа: Қўшалоқ даҳмаза. Ҳикоя

Ғафур Шермуҳаммад

Иссиққина сандалда ўтириб нонушта қилаётган эдим. Кутилмаганда эшик шарақлаб очилиб, хотин ҳовлиққанча уйга бостириб кирди. Унинг қўлидаги қурум босган тандир косовни кўриб, шошиб қолганимдан пиёладаги қайноқ чойни тўкиб юборай дедим.

– Тез ташқарига чиқинг! – деди у. – Итимиз қутурибди.

– Эсинг жойидами? Мушукдай беозор кучукчаям қутурарканми?

Хотинимнинг қўрққанидан қулоқлари битиб қолган шекилли, гапимни эшитмади. Лойга ботган кавушини ечмасдан дераза томон юрди. Мен эса лунжимдаги луқмани чайнамасдан ютиб, шоша-пиша ҳовлига чиқдим.

Кучугимизнинг қутургани рост, шекилли. Бояқиш аянчли ангиллаганча ҳовлида у ёқдан-бу ёққа зир чопяпти. Тили тумшуғидан чиқиб, бир қарич тасмадай осилиб қолган.

– Симба, баҳ-баҳ.

Жонивор югуришдан тўхтаб, менга қаради. Ё, тавба! Қутурса, муштдайгина лайча ҳам кўзингга йўлбарсдай ваҳший бўлиб кўринаркан. Симбанинг менга қадалган митти кўзлари совуқ йилтирар, иркит тумшуғидан тинимсиз кўпик оқарди. Унинг важоҳатини кўриб баданимдан муздай тер чиқиб кетди. Яхшиям вақтида уйга кириб, эшикни ёпишга улгурдим. Сал имилласам, ташланиб қоларди-ёв.

– Оббо, палакат-ей! Бу бало қаердан ёпишди экан унга…

– Бўлар иш бўлди, – деди анча ўзига келиб олган хотиним. – Қутурган ҳайвон қайтиб тузалмайди. Тезроқ бу шўртумшуқни бир ёқлик қилинг.

Ташқарига чиқишга ҳечам оёғим тортмаётган эди.

– Озгина кутиб турсак, ўзи бирёқлик бўлиб қолар…

– Ҳадемай болалар мактабдан қайтади, – жеркиб берди хотиним. – Унгача мерган тоғангизни чақириб келиб, кучукни оттириб ташланг.

Ўйлаб кўрсам, шундан бошқа чораси йўқ экан. Хотиннинг қўлидан тан­­­дир косовни олиб, истар-истамас ташқарига чиқдим. Бахтимга оғилхонанинг ёнида ғужанак бўлиб ётган Симба мени пайқамади. Эҳтиёткорлик билан дарвозадан чиқиб олдиму, оёғимни қўлимга олиб тоғамникига чопдим.

Қодир тоғам бу хабарни эшитгач, деворга осиғлиқ милтиғини олиб обдон тозалади. Кейин ўқлаб, беш-олтита патронни чўнтагига солди.

– Тағин кучугинг тишлаб олиб, зиён етказмасин, – дея эгнига қалин жун чакмон кийиб, бошига мўйи тўкилган эски телпакни бостирди.

Уйга етиб келишимиз билан Қодир тоғам милтиқ ўқталганча дарвозадан мўралаб, ҳовлини кузата бошлади. Мен эса гумбурлаган ўқ овози қулоғимга зарар етказмасин деган ниятда беш-ўн қадам нарида юрак ҳовучлаб турибман.

– Кучугинг кўринмайди-ку?

Тоға-жиян ҳушёрликни сусайтирмай ҳовлига кирдик. Боягина ҳовлини бошига кўтариб чопиб юрган Симбадан ном-нишон йўқ эди. Шу пайт тандирхона тарафдан аллақандай куйинди ҳиди келаётганини пайқаб қолдим. Шўринг қурғур Симба жон ҳайбатда ўзини ёниб турган тандирга урганга ўхшайди!

Тоғам милтиғини шайлаб тандирга мўралади.

– Расво бўпти, – деди у жаҳл билан. – Келиннинг кўзи қаёқда эди?

Бечора Симба! Қутургани етмагандай, пешонасига оловда жизғанак бўлиб ўлиш ҳам битилган экан-да… Энди тандирнинг ҳам баҳридан ўтишга тўғри келади.

Кўнглим бузилиб, кўзларимдан ёш чиқиб кетай деди. Истар-истамас тандирга энгашдим. Хайрият, адашибман. Чўғи ланғиллаб турган тандирда куйиб, қоп-қора кўмирга айланиб қолган нонлар тутаётган экан.

Эшик ғийқиллаб очилиб, хотиним уйдан чиқди.

– Симба қани?

– Ҳозиргина кўчага югуриб кетди. Қутурмай ҳар бало бўлсин. Шунинг касрига бир тандир нондан айрилдим.

– Тағин битта-яримта одамга ташланиб қолса-я! – дедим капалагим учиб.

Тоғам билан Симбани ахтариб қишлоқни кезиб чиқдик. Бироқ тополмадик. Йўлимизда учраган одамларга вазиятни тушунтириб, эҳтиёт бўлишни тайинладик.

– Кучугинг бирон кавакда ўлиб-нетиб қолмаган бўлса, уйга қайтиб боради, – деди тоғам.

Икковимиз дарвоза ёнидаги катакнинг панасига бекиниб олиб, Симбани кута бошладик. Тоғамнинг қўлида милтиқ, менда эса тандир косов. Хотин билан болалар эшик-туйнукни беркитиб, деразадан мўралаб ўтиришибди. Симба дарвозадан кириши билан тоғам уни отиб ташлайди. Мабодо ўқи хато кетса ёки лайча енгилроқ яраланиб, ҳужумга ўтса, милтиғини қайта ўқлагунича камина уни ҳимоя қилишим зарур. Ўйлашимча, менинг аралашишимга ҳожат қолмаса керак. Чунки тоғам чумчуқни кўзидан урадиган мерганлар тоифасидан.

Дарвозага тикилиб ўтириб Симбага раҳмим келиб кетди.

- Билмадим... Қоронғида ҳеч нарса кўринмаяпти.

Кутилмаганда шалдир-шулдур овоз шундоққина деразанинг ортидан эшитилиб, ойна қитирлагандай бўлди. Яна аллақандай хириллаш ҳам қўшилди. Хотин шўрлик мени маҳкам қучоқлаб олди. Иситмаси кўтарилган беморга ўхшаб аъзойи бадани дағ-дағ титрайди. Тўғрисини айтсам, ўзимнинг ҳам аҳволим уникидан пеш эмас. Шалдир-шулдур овозлар сира тинай демайди. Кун бўйи қутурган кучук машмашаси, кечқурун бу даҳмаза… Роса бошоғриқ кун бўлди-да ўзиям.

– Чиқиб қарамайсизми? – деди хотиним зарда билан. – Эркак кишисиз ахир!

Тоғамнинг милтиғини олиб қолиш эсимга келмаганини қаранг. Ҳеч қурса тандир косов ёнимда бўлганида ҳам майли эди. Ақли бор одам бундай пайтда қуруқ қўл билан ташқарига чиқмайди. Истар-истамас ўрнимдан турдим. Бориб, деразанинг рафига мушт туширдим.

– Йўқол бу ердан! – дея бақирдим томоғим бўғилиб. – Йўқса, ҳозир милтиқ билан пешонангдан дарча очиб қўяман!

Сирли махлуқ ҳайбатимдан чўчиди шекилли, ойнани тимдалашни бас қилиб, шалдир-шулдур қилиб қочиб қолди. Ўзимга бўлган ишончим ортиб, анча енгил тортдим.

– Қўрқма, хотин, махлуқни ҳайдаб юбордим. Қайтиб уйга яқинлашмайди.

Шу куни эрталабгача ҳовлимизда шалдир-шулдур овоз тинмади. Бунақа пайтда кўзга уйқу келармиди? Бир-биридан ваҳимали ўйлардан миям ғовлаб кетди. Бир пайтлар бувам раҳматлидан эшитган эдим, шомдан сўнг жин-ажиналар ер юзига чиқиб, тонггача изғиб юраркан. Битта-яримта одам йўлида учраб қолса, зиён-заҳмат етказишдан тоймас эмиш. Янаям ким билади дейсиз? Бу дунёда одам боласининг ақли етмайдиган синоатлар оз эмас. Ишқилиб, эртага хўроз-пўроз сўйиб, қон чиқариб юбормасак бўлмайди-ёв!

Аксига олиб, тун аччиқ ичакка ўхшаб чўзилгандан-чўзилди. Эр-хотин бир-биримизнинг пинжимизга кириб, нафасимизни ичимизга ютганча сирли шовқинга қулоқ тутиб ётибмиз. Кутилмаган синов икковимизни бир-биримизга жуда яқинлаштириб қўйган эди. Бу орада шамол тиниб, шишаларнинг жаранги онда-сонда эшитила бошлади.

Ниҳоят, катакдаги қизил хўроз чўзиб-чўзиб қичқирди. Унинг хирқироқ овози қулоғимга найнинг садосидай ёқимли эшитилди. Парданинг тирқиши ёриша бошлаганда елкамдан тоғ ағдарилгандай енгил тортдим.

Хотиним тонгга яқин ухлаб қолган эди. Уни уйғотиб юбормаслик учун эҳтиёткорлик билан ўрнимдан туриб, эшикни очдим. Ташқарида гупиллаб қор ёғар, ҳаммаёқ оппоқ тусга кириб улгурган эди.

Туйқус таниш шалдир-шулдур овоз шундоққина ёнимда эшитилса бўладими! Ўрнимда қўрқоқроқ одам бўлганида юраги ёрилиб кетиши та­йин эди. Не кўз билан кўрайки, остонада Симба менга ялтоқланиб қараб турибди!

Кечаги важоҳатидан асар ҳам йўқ. Дўмбирадай шишиб кетган тили аллақачон ўз ҳолига қайтган. Таканикидай узун жунларига осилиб турган сон-саноқсиз сумалакчалар юрганида бир-бирига урилиб, шалдир-шулдур овоз чиқаради. Аввалига ҳеч нарсани англолмай, унга бақрайиб қараб қолдим. Оқшом Симбанинг устидан бир челак сув қуйиб юборганим эсимга тушди-ю, ҳаммасини тушундим. Бечоранинг жиққа ҳўл бўлган жунлари кечаги совуқда музлаб қолибди…

Симба қутурмаган экан.

Маълум бўлишича, лайчаси қурғур қўшнимиз Баҳром аканинг ҳовлисида молларга пиширилаётган қайноқ кунжарани ялаб қўйиб, тилини куйдириб олган экан. Муштдайгина кучукнинг баднафслиги шунча ташвишга сабаб бўлиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз?

Симба-ку омон қолди, лекин унинг дастидан катакдаги товуқлар азият чекадиган бўлди. Чунки ўша куниёқ қизил хўрозни сўйиб, ихчамгина маросим ўтказиб юбордик.