Мутолаа: Саккизинчи. Ҳикоя Жек Ричи
Мен текис ва равон йўлда саксон миль тезликда кетардим, бироқ бу тезлик ҳам менга ярим баравар кам туюларди.
Автомобиль радиосини тинглаб кетаётган қизғиш сочли йигитчанинг кўзлари бироз ғалати тарзда порлаб турарди. Янгиликлар тугагач, у радио овозини ўчирди.
- Ҳозиргача улар етти қурбонни топишди, - дея у қўли билан оғзининг бурчагини артди.
- Эшитдим, - бош ирғадим мен. Бир қўлимни рулдан олиб, тарангликни юмшатиш учун бошимнинг орқа қисмини силадим. У менга қараб, ҳийла билан жилмайиб қўйди:
- Бирор нарсадан асабийлашяпсизми?
Мен унга тез назар ташладим.
- Йўқ. Бунга ҳожат йўқ.
У табассум қилишда давом этди.
- Полиция Эдмонт атрофидаги эллик миля бўйлаб барча йўлларни тўсиб қўйипти.
- Буни ҳам эшитдим, - бола деярли қиқирлаб кулиб юборди.
- У улардан анча айёр.
- Мен унинг қучоғида ушлаб турган сумкасига қарадим.
- Узоққа кетяпсанми?
У елка қисди.
- Билмайман.
Боланинг қомати нозик, бўй-басти ўртача бўйдан бироз паст эди. У ўн саккиз-ўн тўққиз ёшларда эди чамаси, лекин юзи болаларча бўлгани учун ёш кўринарди, у беш ёш каттароқ бўлиши ҳам мумкин эди.
У қўлларини шимига артди.
- Уни бунга нима мажбур қилади экан, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Мен йўлга қарашда давом этдим.
- Йўқ.
У лабларини ялаб қўйди.
- Эҳтимол, уни хўрлашган. Ҳаёти давомида кимдир доим унга босим ўтказиб келган. Кимдир ҳар доим унинг ўрнига нима қилиш кераклиги ва нима қилмаслигини ҳал қилган. Вақти келиб бу босим чидаб бўлмас даражага келиб қолган.
Йигитча йўлга тикилиб қолди:
- У портлади. Ҳамманинг ўз чегараси бор. Кейин бир нима узилиб кетади.
Мен акселератордан оёғимни бўшатдим. У менга қаради.
- Нега секинлашяпсиз?
- Бензин тугаяпти, - дедим, - ёқилғи қуйиш шохобчаси сўнгги қирқ чақирим атрофда кўрган биринчи бензостанциям. Эҳтимол кейингиси яна қирқ чақиримдан сўнг бўлади.
Йўлдан бурилиб, учта ёнилғи қуйиш шохобчаси ёнидаги автотураргоҳда тўхтадим. Бир кекса одам машинани айланиб ўтиб, ҳайдовчи томондан яқинлашди.
- Бакни тўлдиринг, - дедим, - ёғини ҳам текширинг.
Йигитча бензостанцияни кўздан кечирарди. Бу буғдой далалари уммонидаги ягона унчалик катта бўлмаган деразалари чанг босган бино эди. Ичкаридаги деворга ўрнатилган телефон зўрға кўринарди. Йигит оёғини силкитиб ўтирарди.
- Чол узоқ иммиллаяпти. Мен кутишни ёқтирмайман.
У қария мойни текшириш учун капотни кўтарганини кузатиб турарди:
- Қизиқ, нега бундай кекса одамлар яшашни хоҳлашади экан? Ўлсаям бўларди.
Мен сигарета тутатдим.
- У сенинг фикрингга қўшилмаган бўларди.
Йигит яна ёнилғи қуйиш шохобчасига қаради ва жилмайиб қўйди.
- У ерда телефон бор. Бирон кишига қўнғироқ қилмайсизми?
- Йўқ.
Чол яқинлашганида йигитча деразага энгашди:
- Сизда радио борми, жаноб?
- Йўқ. Менга жимлик ёқади, - чол бошини чайқади.
- Аниқ фикр, жаноб. Ҳаммаси тинч бўлса, кўпроқ яшайсиз, - йигит мийиғида кулиб қўйди.
Йўлга чиққач, тезликни яна саксонгача етказдим. Йигит бироз жим тургандан кейин айтди:
- Етти кишини ўлдириш учун катта матонат керак. Сиз бирор марта қўлингизда қурол ушлаганмисиз?
- Ҳар бир киши ушлаган деб ўйлайман.
Унинг титраб турган лаблари тишларини кўрсатиб, тиржайди:
- Уни бирон кишига ўқталганмисиз?
Мен унга қарадим. Унинг кўзлари чақнаб кетди.
- Одамларнинг сендан қўрқишига ундаш жуда зўр, - деди у. - Қўлингда қурол бўлса, бўйинг пастлиги ҳам билинмайди.
- Ҳа, - дедим, - гўёки сен митти эмассан.
У бироз қизарди.
- Бошқаларнинг қўлида қурол йўқ экан, сен дунёдаги энг баланд одамсан.
- Ўлдириш учун жуда бақувват асаб керак, - такрорлади йигит. - Кўплар буни билмайди.
- Ўлдирилганлардан бири беш яшар бола эди, - дедим мен, - бунга нима дейсан?
- Бу тасодиф бўлиши мумкин.
Мен бошимни чайқадим:
- Ҳеч ким бундай деб ўйламайди.
Унинг кўзларида ноаниқлик милтиллаб тургандай туюлди.
Нима учун у болани ўлдириши мумкин эди, ўйлаб кўрдингизми?
Мен елка қисдим.
- Айтиш қийин. У бир кишини, кейин бошқасини, сўнг яна ва яна... Эҳтимол, у бефарқ бўлиб қолгандир.
Йигит бош ирғади. У беш дақиқаларча жим турди.
- Улар уни ҳеч қачон топа олмайди. У жуда айёр.
- Буни қандай тасаввур қиласан? Бутун мамлакат уни қидиряпти? Унинг қандай кўринишини ҳамма билади?
- Унга аҳамияти йўқ. Қилиши керак бўлмаган ишни уддасидан чиқди. Одамлар унинг катта одам эканлигини билиб олишади.
Биз индамай бир миля юрдик, кейин бола ўриндиқда ўгирилди:
- Унинг тавсифини радиодан эшитдингизми?
- Албатта, - дедим мен. – Ўтган ҳафта давомида.
У менга жиддий қараб қўйди.
- Ва қўрқмай мени машинага миндирдингизми?
- Йўқ.
У муғомбирларча жилмаярди.
- Асабларингиз темирдан қилинганми?
- Йўқ. Жиддий сабаб бўлса, қўрққан бўлардим.
У менга қарашда давом этарди.
- Билсангиз, айтилган тавсифларга мен жуда мос келаман.
- Ҳақиқатан ҳам.
- Мен қотилга қуйиб қўйилгандек ўхшайман. Ҳамма мендан қўрқади.
- Бу менга жуда ёқаяпти, - хохолаб кулди йигит. - Сўнгги икки кун ичида полициячилар мени уч марта бу йўлдан олиб кетишди. Менда қотилнинг шуҳрати бор.
- Биламан, - дедим мен. Бундан ҳам таниқли бўласан, деб ўйлайман. Сени шу йўлнинг бирон жойида топаман, деб ўйлагандим.
Секинлаша бошладим.
- Мен-чи? Мен тавсифга мос келаманми?
Йигит ярим нафрат билан кулди.
- Йўқ. Сизнинг сочларингиз жигарранг. Уники қизғиш ранг. Худди меникидек.
Мен табассум қилдим.
- Сочларни бўяш мумкин.
Нима бўлишини тушуниб олган йигитнинг кўз қорачиқлари кенгайди.
У саккизинчи бўлади.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.