Намойишчилар Трампдан Гонконгни Пекин назоратидан халос этишини сўрамоқда

Гонконгдаги норозилик намойиши иштирокчилари шаҳарни қутқаришни илтимос қилиб, АҚШ Президенти Дональд Трампга мурожаат билан чиқди. Бу ҳақида Reuters хабар бермоқда.

Намойишчилар “Озодлик учун курашинг, Гонконгни қўлланг”, “Пекинга қаршилик кўрсатинг, Гонконгни озод қилинг” каби иддао билан чиқишган.

“АҚШ Хитой билан иқтисодий уруш олиб бораётган бир вақтда Хитой тарафдори бўлган гуруҳлар Гонконгда инсон ҳуқуқларини бузмоқда, яъни куч ишлатар тизимлар ходимларининг бизга шафқатсизлик қилиши учун шароит яратмоқда”, - деб интервью беради намойишчилардан бири.

Эслатиб ўтамиз, Гонконгдаги норозилик намойишлари икки ой илгари бошланганди. Намойишлар ҳудуд маъмурияти томонидан экстрадиция туғрисидаги қонунга ўзгартириш киритиш лойиҳаси режалаштирилгандан сўнг юзага келди. Мазкур қонун жиноятда гумон қилинаётган шахсларни Хитойга топширишни назарда тутади. Намойишчиларнинг босими остида Гонконг ҳукумати режани амалга оширишни бекор қилди. Шунга қарамасдан, намойишлар тўхтамади. Намойишчилар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг ҳаддан ташқари қўпол муносабатда бўлишлари устидан мустақил тергов қилиниши ва Гонконг маъмурияти бошлиғи Кэрри Ламнинг истеъфога чиқарилишини талаб қилишмоқда.